Бошловчи Фарҳод Алимов оиласидан ажрашишига Райҳон Ғаниевани сабабчи қилиб кўрсатганларга жавоб қайтарди.
Албатта, ёзилган изоҳлар орасида уларга бахт тилаганлар ҳам талайгина, бироқ тўйга қарши чиқаётган мухлислар ҳам йўқ эмас.
Гап шундаки, бошловчи Фарҳод Алимов собиқ турмуш ўртоғи билан ажрашган, унинг икки қизи ва бир ўғли бор. Интернет фойдаланувчилари орасида Фарҳоднинг оиласи билан ажрашишида Райҳон Ғаниевани айблаганлар ҳам бор. Бошловчи Фарҳод Алимов билан телефон орқали боғланганимизда, у бу борада мухлисларга айтадиган гаплари борлигини маълум қилди.
Фарҳод Алимов, бошловчи:
— Ҳурматли дўстлар! Менинг Райҳон Ғаниева билан никоҳим ҳақида интернет сайтларида чоп этилган мақолаларни ўқиб, очиғи, мухлисларнинг айтган фикрларидан ранжидим. Мен ушбу гапларга ойдинлик киритмоқчиман.
Биринчидан, мен фарзандларимни ҳеч қачон ташлаб қўймайман. Улар сўнгги нафасимга қадар менинг қарамоғимда бўлишади. Гарчи уларнинг онаси билан ажрашишга қарор қилган бўлсак-да, мен фарзандларимга бор меҳримни бера оламан.
Иккинчидан, собиқ рафиқам билан ажрашишимга Райҳоннинг мутлақо алоқаси йўқ. Собиқ рафиқам билан расман 2016 йилнинг май ойида ажрашганмиз. Бўлажак турмуш ўртоғим билан алоқаларимиз, шу йил куз фаслининг илк ойларида бошланган.
Тўғри, биз бир-биримизни аввал ҳам танирдик. Аммо ўртамизда ҳеч қандай муносабат, илиқлик йўқ эди. Салом-аликдан нарига ўтмаганмиз. Фарзандларимнинг онаси билан эса дўст бўлиб қолганмиз.
Мен айни вақтда 40 ёшдаман, Райҳон эса 38 да. Биз оиламиздан ажрашганмиз ва айни вақтда эркин инсонлармиз. Бировга тухмат тошини отиш ва қоралашдан аввал, мухлислардан вазиятга тўғри баҳо беришларини сўраган бўлардим.
Фарҳод Алимовнинг Райҳон Ғаниева билан муносабатлари “Излама” клипини суратга олиш жараёнида бошланган, бошловчи оиласидан Райҳон туфайли ажрашган” қабилидаги гап-сўзлар нотўғри, буларнинг ҳаммаси уйдирма! Ижодкор бўлсак-да, сиз каби оддий инсонмиз, бизда ҳам юрак бор.
Маълумот учун, Райҳон Ғаниеванинг Йигитали Мамажонов билан турмушидан Имрон ва Ислом исмли эгиз фарзандлари, Фарҳод Алимовнинг эса Бернара, Умар ва Латифа исмли уч нафар фарзанди бор.
Райҳон Ғаниеванинг фарзандларига қанчалар эътибор беришини унинг ижтимоий тармоққа жойлайдиган суратларидан ҳам кўриш мумкин. Ўз ўрнида Фарҳод Алимов ҳам фарзандлари билан вақт ўтказишни жуда яхши кўради. Бу йили у фарзандлари билан Туркия саёҳатида бўлди.
Қаҳрамонимиздан ноябрь ёки декабрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган тўй ҳақида қисқача маълумот беришни сўраганимизда, у тўйни тор доирада ўтказиш ниятида экани, Райҳоннинг хавфсизлигини ўйлаб шу қарорга келганини айтди.
“Тўй ҳақида эшитган дўстларим, таниш-билишлар мендан “Тўйга айтмабсан”, деб хафа бўлишяпти. Очиғи, одамларга “Райҳон билан тўйимиз 29 октябрь куни бўлаётгани йўқ”, деб чарчадим.
Райҳоннинг аввалги никоҳ тўйида мухлислари ресторандаги чироқларни синдиришган, Райҳонни кўраман, деб унинг кўйлагига зарар етказишган эди. Мен ана шундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун ҳам тўй ҳақида ҳеч кимга маълумот беришни истамадим.
Тадбир яқинлар, дўстлар доирасида ўтказилса, менимча, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳозирча тўйнинг қай тарзда, қаерда ўтиши ҳақида бирор нима дейишим қийин. Балки чет давлатда, кичик кўринишда, дўстлар даврасида ўтказармиз”, дейди Фарҳод Алимов
Фарҳод Алимов 29 октябрь куни “Яккасарой” ресторанида бўлиб ўтадиган тўй тадбирида бошловчилик қилиши ҳақида айтганидан сўнг, тўй куни 29 октябрь деган гап-сўзлар ёлғон бўлиб чиқди. Эртага, 29 октябрь. Бу орада эса қандайдир ишончли манбаларига асосланган ҳолда Райҳон ва Фарҳоднинг тўйи аниқ 29 октябрь куни бўлади, деб бонг урган ОАВлар ҳам топилди. Фарҳод тўйнинг санаси ҳали аниқ эмас деб турган бир пайтда, ўша миш-мишларга ишонадиган журналистларнинг етказган хабари ишончлилиги қаерда қолди?
Айтганча, ОАВ вакиллари, “Qalampir.uz” сайтидан маълумот олар экансиз, мақолани яхшилаб ўқиб чиқиб, сўнг хулоса қилишингизни, “ишончли манбалар”ингизга таянган ҳолда етказган хабарларингиз масъулиятини ўз гарданингизга олишингизни, тарқатаётган хабарингиз нечоқлик ишончли ва холис эканини текшириб кўришингизни сўраб қоламиз.