...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фақат 18+! Оила кўрган йигит ва турмуш қурмаган қиз муносабатлари...


13:11, 17.10.2017 Жамият
 11 819

Жинс туғилиш нисбати одатда 45% га 55%. Демак, ҳар 4 та вояга етган йигитга 5 та бўйи етган қиз тўғри келади. Турли сабабларга кўра “қари қиз” деган...

Азиз муштарий, ёдингизда бўлса, оиладаги эр-хотин муносабатлари, аниқроғи эркак-аёл жуфтлигининг оилавий ҳаётидаги баъзи бир нозик масалаларга тўхталган эдик. Жумладан, жамиятда мавжуд, бизни иснодга қолдираётган айрим иллатлар, оилавий ҳаётда муносабатларнинг уйғунлиги, оилада эркак ва аёлнинг ўрни ҳақида баъзи бир хулосаларга тўхталган эдик.
 
Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган масала ҳам ўта нозик — турмушга чиқмаган катта ёшли қизларга дунёнинг етакчи психологларидан айрим тавсиялар асосидаги мавзуга тааллуқли баъзи бир мулоҳазалар ўрин олган.
 
Ўтган сафар ўз жинсдошларим — эркакларнинг дунёқараши, оиласига муносабати, уларнинг табиати билан боғлиқ айрим қусурлар ва устунликлар ҳақида мулоҳазаларимни баён этиб, ўқувчилар наздида, эркаклар томонга ён босгандай, аниқроғи аёлларга “танбеҳ” бергандай бўлиб қолгандим. Бугун эса аксинча, нозик жинс вакилаларига айрим тавсияларни айта туриб, эркаклар руҳиятидаги айрим “нозик қирралар” ҳақида фикр юритамиз...
 
Бу дунёнинг синовлари кўп... Беш қўл баробар эмас, деган ибора айни бир кафтга бирлашадиган бешта бармоғимизнинг узун-қалинлиги, бажарадиган вазифалари турлича эканлигига (тенг эмаслигига) ишора.
 
Демакки, инсон ҳаётида, унинг тақдирида умумийлик йўқ, улар турли-туман ва кутилмаган ишларга бой. Ҳамма нарса идеал даражада бўлганда бу дунё, бу ҳаёт ўз мазмунини йўқотган бўлармиди...
 
Жинс туғилиш нисбати одатда 45% га 55% (тахминан шундай) бўлиб, бу рақамлар ичида нозик жинс вакилаларининг салмоғи кўпроқ...
 
Демак, ҳар 4 та вояга етган йигитга 5 та бўйи етган қиз тўғри келади!
 
Табиийки, ҳар қандай жамиятда турли сабабларга кўра “қари қиз” деган шартли “унвонли” нозик жинс вакилаларини учратиш мумкин. Бири куёв “танлайвериш” оқибатида, яна бири илм-фаннинг кетидан қувиб, баъзиларига “тақдири экан” деган сўзни ишлатишдан ўзга чора тополмайсан киши. Айримлари эса ҳануз ўз тасаввуридаги мукаммал муҳаббатни излайди...
 
Аввало, бу — фожиа эмас! Фожиа — мажбурий ёки ҳисоб-китобли никоҳнинг қурбони бўлиш, бир этак болалари билан отасининг уйига қайтиб келиш... Унисидан асрасин!
 
Юқорида шаъма қилинганидек, бугунги мавзу балоғат остонасидан қадам узганларига йиллар бўлган бўлсада ҳанузгача турмуш қурмаган айрим қизлар хусусида...
 
Битта гулғунчани минг хил харидор сўрайди, деганларидек турли тоифа ва ёшдаги кишилар каттароқ ёшдаги қизларга “оғиз солиши” табиий ҳол. Албатта, улар ичида турмуши бузилган йигитларнинг ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
 
Мазкур мавзуда кўтарилаётган муаммо ҳам шунда: оила кўрган йигит билан турмуш қурмаган қизнинг муносабатларидаги айрим тушунмовчиликлар, номутаносибликлар бўлиши мумкин.
 
Азиз қизларжон, сиз умид шамларингиз кундан кунга, йилдан йилга хира тортиб пирпираётган бир пайтда меҳрибон, одил ва мулоҳазали инсонни учратиб қолдингиз дейлик. Унинг ягона нуқсони бор, юқорида айтиб ўтилганидек — оила қуриб ажрашганлиги!
 
Бироқ тақдир чорраҳалари сизни бирлаштириб, кўнглингиздаги аллақандай ҳис-туйғулар яқин муносабатга ундамоқда. Бу вазиятни ота-онангиз, ака-опангиз қандай баҳолаши умуман бошқа масала (ва ўз ўрнида муҳим).
 
Биз айни пайтда фикр юритмоқчи бўлган масала — сизнинг ўз хоҳишингиз билан унга яқин бўлаётганингизда аҳамият беришингиз лозим бўлган айрим жиҳатларга қаратилган. Қисқаси...
 
Эҳтиёт бўлинг!
 
Турмуши бузилган эркак билан учрашганда... уни кўнглини кўтарувчи, юпатувчи сўзларни ҳадеб ишлатавермаслик, бу ҳақда айтавермаслик лозим, гарчи у бунга муҳтож бўлсада.
 
Негаки, у юпанч сўзлардан безиган, илгариги турмушини эслатувчи ҳар бир сўз, ҳар бир детал унга ёмон кайфият, сиқилиш, руҳий нохотиржамлик олиб келиши тайин.
Шунингдек, уни аллақандай нуқсонлардан, иллатлардан халос қилишга уриниш... бекор!
 
Олдинги турмушида умр йўлдоши уни қадрламаганини, иззат-ҳурматини жойига қўймаганини гапирманг! Шу кўнгилсизликлар уни ичкиликка ўч, жаҳлдор қилиб қўйгани, энди сиз буларни йўқотиб, барча муаммоларни бартараф эта олишингиз мумкинлигини такрорламанг.
 
Ёдингизда турсин, шаклланган шахсни қайта тарбиялаб бўлмайди!!!
 
Ажрашган эркакнинг никоҳ бузилиши сабабларига қизиқавериш ҳам... яхшиликка олиб келмайди. Унинг яраланган қалби ҳали битмаган бўлса, бу каби саволлар уни азоблайди. Қалбга мажбуран ёки зўравонлик билан кириб бўлмайди! У истаса ўзи айтиб бериши мумкин. Уни тинглаш ёки тингламаслик, аниқроғи бу ҳақда гапиришига изн бериш-бермаслик ўзингизга ҳавола.
 
У ўзига беъэтибор, юриш-туришидаги нуқсону камчиликларга эътибор бермай қўйганми? Бундан асло фожиа ясаманг!
 
Тўғри-да, сўққабош эркак кишига жуда қийин!
Дарров унинг олдига тушиб, барча муаммоларини ҳал этишга киришаверманг. Сизнинг ораста бека бўла олишингиз мумкинлиги, пазандалик санъатингиз, уй-рўзғор ишларини фаҳм-фаросат билан бажара олишингизни у тўлиғича “кашф” этиб қўймаслиги лозим.
 
Сиз у учун бироз сирли бўлиб туринг ва унга айнан ким, ўша кимнинг қандай сифатлари кераклиги ўрганинг!
 
Акс ҳолда унинг уй-рўзғор ва бола-чақа ишлари учунгина оила бекаси бўлиб қолишингиз мумкин...
 
Аҳамиятли томонлари...
 
Кўпчилик аёлларнинг фикрича, оила кўрган эркаклар бирмунча мулоҳазали, босиқ ва турли вазиятлардан одилона йўл билан чиқиб кета оладиган хусусиятларга эга деб ҳисоблашади. Бу гапда жон бор.
 
Уларнинг “собиқ турмуши” кўп нарсаларни ўргатган, энг асосийси у, аввало, ўзининг хатти-ҳаракатларини танқидий нуқтаи назар билан таҳлил қилишни ўрганган!
 
Уй-рўзғор ишлари тақсимоти, оила бюджети, қариндош ва дўст-биродарлар билан борди-келди қилиш, кийим-кечак ва рўзғор буюмлари харид қилиш, маданий ҳордиқ чиқариш ва ҳоказолар бўйича унинг тажрибаси ҳам, аниқ қарашлари ҳам шаклланган. У рафиқасининг қариндошлари билан муносабатга киришишда ўта сирли, оғир-босиқ, ортиқча сўз ёки ҳаракатга жой қолдирмайди!
 
У бўлажак турмуш ўртоғига фикрини ўнлаб сўзлар ёрдамида ифода этмайди, биргина жумла ёки кўзқараш билан нима демоқчи бўлганини билдиради-қўяди.
 
Қўпол қилиб айтганда, у тайёр оила бошлиғи, унга ораста, оқила жуфт, сариштали рўзғор, осойишта хонадон керак. Қолганларини унинг ўзи муҳайё қилишга тайёр!
 
Негаки биринчи турмушидан олган сабоқлари уни “тоблаган”, “яшовчан” қилиб қўйган. Фақат ундан романтикликни талаб қилмасангиз бас...
 
У сизни телбаларча севиб қолган тақдирида ҳам ёш йигитларга хос романтик хатти-ҳаракатларни, эҳтиросга тўла “сюрпризлар”ни ҳадя қилмаслиги мумкин. У ортиқ хаёллари билан яшамай қўйган, ўзи кўрган-эшитган, кўзи етган нарсаларгагина ишонади. У жисмоний етукликдан руҳий етукликни устун қўйишни ўрганган, шунинг учун маънавий дунёингизни бойитишга интилинг.
 
Азиз қизлар! Ҳар хил одам бор... Феъли, дунёқарашлари ва ҳаётий принциплари турлича бўлган кишилар “йўлингизни тўсиши” мумкин. Сизга оғиз солаётган эркакда мана шу нуқсонлар бўлса, ундан йироқ бўлганингиз маъқул:
  • нуқул ўзининг собиқ рафиқаси ҳақида гапираверса... “у унақа эди, у бунақа эди”, “буни яхши кўрарди, буни ёқтирмасди”, “у мана шунақа дерди, мен бунақа дердим” каби жумлаларни такрорлайверса;
 
  • ўзининг собиқ никоҳидаги камчиликларни гапираверса... “мана бу нарсаларимиз йўқ эди”, “мана бундай қилмоқчи эдик, фалонча фалон иш қилгани учун бўлмай қолди”, “вазият шуни тақозо этарди, мен ожиз эдим” каби айни ўзини соқит қилишга қаратилган гапларни гапираверса;
 
  • никоҳи бузилганлигида фақат собиқ рафиқасини айблаб, ўзини камситилган, хўрланган “фаришта” қилиб кўрсатишга уринса;
 
  • биринчи никоҳидаги болаларига бераётган моддий таъминотини яширса ёхуд улардан тонса...
 
Ўзингиз ўйлаб кўринг, шунча гап-сўзлардан кейин у ким бўлиши мумкин? Сиздан ўта эҳтиёткорлик талаб этилади. Муҳими, қарор қабул қилишга шошилманг.
 
Яна шуни унутмангки, бахт сиз кутмаган жойдан келиши ҳам мумкин!..
 
Азиз мухлис, юқоридаги мулоҳазаларимдан кўзланган мақсад битта — мавжуд ва тузилажак оилаларнинг риштасига бир қатра бўлса ҳам мустаҳкамлик ато этиш!
 
Унутманг, юртимизда СОҒЛОМ ВА МУСТАҲКАМ ОИЛАларнинг сони қанчалик кўпайса — жамиятда мавжуд иллатларга шунчалик ўрин қолмайди!
 
Бахтли бўлинг ва бахт тилсими.... ЎЗИНГИЗДА!
Улуғ БЕК

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар

jggjjb
19:52 17.10.2017

Yozgan maqolani oqi o'zinga kk narsani ol. Etika, manba kk bosa......


Олим
16:13 17.10.2017

Ассалому алайкум. ... Ушбу мақолани худди ўзи камида бир марта "собиқ никоҳ"га эга бўлгандай ёзган муаллифга -- "Улуғ Бек" га савол: ушбу сайт журналистлари ҳам "журналистлик эхтикаси, маданияти" маъносидаги тушунчалар ҳақида кимларгадир эслатиб туришади вақти-вақти билан... "18+" туркумидаги мақолалар мақолада номи эълон қилинмаётган манбаларга таяниб ёзилмоқда (шу жумладан, мана шунисидаги гапга қаранг: "Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган масала ҳам ўта нозик — турмушга чиқмаган катта ёшли қизларга дунёнинг етакчи психологларидан айрим тавсиялар асосидаги мавзуга тааллуқли баъзи бир мулоҳазалар ўрин олган.")... Тўғри, муаллиф ўзининг фикрларини ҳам қўшган, чет эл манбаларидан олинган айрим матнларга пиччи-пиччи ўзбек мақолларидан ва ўзбекистонликларга хос гап-сўзлардан қўшсангиз, "миллий руҳда чиқади", бу ҳам амалда бошқа сайтларда ҳам бўлиб туради, журналист ўзига етган ҳар бир ахборотнинг манбасини ҳам кўсатиши шарт эмас, бунга изоҳсиз қўшиламан, аммо 4 та мақола ёзганида "фойдаланилган адабиётлар"нинг (аслида улар мақолаларнинг бутун "скелет"ини ташкил қилган бўлиши мумкин!) ҳеч бўлмаса бир-иккитасини битта мақолада кўсатиб ўтиш ҳам яхши! Бу ҳам "журналистлик этикаси"га кирадими ёки йўқми?!... (масалан, мен солиштириб ўтирмайман мақола ва манба неча фоиз ўхшашлигини...)



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар