...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фақат 18+! Ўғри бола: тарбияли фарзандингиз мактабда “ўғри” деган ном орттириб келса...


20:24, 21.10.2017 Жамият
 4 660

Жазо сифатида фарзандингизга олиб берган “севимли матоғини” олиб қўйсангиз ёки “кундалик харажатлар”дан сиқсангиз — ўзингизга “безбет” ёки “пинҳоний” душман орттирасиз!

Азизлар, “Фақат 18+!” деб номланган туркум мақолалар орқали “ўғри бола” мавзуси юзадидан айрим фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашган эдик. Энди, ижозатингиз билан мазкур муаммога тааллуқли бўлган айрим “ўткир қиррали” вазиятларни таҳлил этишга уринсак...
 
Болаларнинг “қўли эгри” бўлишига яна бир сабаб — ота-она эътиборининг “бирдан  камайиши” деб аталадиган оилавий ҳолатнинг юзага келиши!
 
Айрим ҳолларда боланинг оилада жажжи укаси пайдо бўлса, табиийки, унга бирмунча эътибор сусаяди... Ўзича ота-онасига “аччиқ” қилган бола унга қилиш мумкин эмас деб тушунтирилган ишларни атайлаб бажаришга интилади. Кўпчилик ҳолларда бунинг уддасидан чиқадилар ҳам! У шу йўл билан ота-онасининг эътиборини қозонишга, нотўғри хатти-ҳаракатлари учун жазоланаётганда ўзининг хафалиги шу йўсинда билдиришга ҳаракат қилади.
 
Яна бир ҳолат борки, бу мактабда ёки болалар боғчасида содир бўлади ва унинг бош сабаби — “қасос” олиш...
 
Бола ўз тенгдошларидан аламини шу тарзда, унинг бирор нимасини ўғирлаш билан амалга ошириши мумкин.
Бу ҳолатни болалар дунёсига оид бир-иккита мисол тариқасида кўришимиз мумкин.
 
Маълумки, синф ичида ҳам қайсидир “унвон” учун синфдошлар орасида ўзга хос рақобат бўлади. “Энг зўр бола” ёки “энг чиройли қиз”, “тўполончи”, “ёлғончи”, “энг аълочи”, “энг иккичи” шулар жумласидан.
 
Оддий, тез-тез учраб турадиган мисоллар ўзингизга аён. Айрим ҳолатларда мактабда ҳеч ҳам кутилмаган воқеалар содир бўлади (қуйида келтирилган мисоллар ота-оналар мажлисида муҳокама этилган). Масалан, қизингиз ўзига хуш ёқадиган ўғил бола синфдошининг эътиборини қозониш ниятида (болаларча ўй-фикрлар қўршовида, албатта), у бола эса, аксинча, синфнинг “энг чиройли” қизига бефарқ эмас. Ўн ёшга тўлмаган қизалоқ алам билан, қасд билан ўша синфнинг “энг чиройли” қизининг сумкачасидан у-бу нарсасини билдирмай ўғирлаб олиши, ўғирланган нарса маълум бўлгач, айбни ўша, ўзи “ёқтирадиган” йигитга ёпиштириши, ҳатто “ўзим кўрдим” дейиши мумкин...
 
Бу билан (ўзи билиб-билмай ўғирлик ва жиноят орқали) қизалоқ икки синфдошининг орасини “бузади” ва сўнг ўз мақсади йўлида ҳаракатни давом эттириши мумкин. Бундай ҳолатлар бир неча сония ичида ҳаммага ошкор бўлиши, ёки аксинча, бир умрга унинг сири бўлиб қолиши мумкин.
 
Синфда етакчи ўғил бола бор... У тенгдошларига нисбатан кучли, абжир ва маълум маънода ақлли. Табиийки, у атрофига ўзининг хушомадгўйларидан “гуруҳ” тузиб олади. Бу гуруҳ уларнинг иш-юмушларига, синфда ўрнатишга интилаётган тартиб-қоидаларига қарши чиққан болаларни, ўз-ўзидан маълум, ажратиб қўяди. Ҳатто кези келганда ноўрин хафа қилиши, камситиши мумкин.
 
Етакчига қарши бўлган болалар бирлашиб, улар ҳам ўз ораларидан етакчини сайлаши ва унга содиқ бўлишни эплай олишмаса, ягона йўл — якка тартибда кураш, қасос олиш! Шунда бошқа чора топилмагач, ўч олиш — энг пинҳона ишга, яъни ўғирликка айланади!
 
Синфнинг “энг зўр” ўқувчисига хушомад қилиб юрувчи болалар, одатда уйларидан алланима нарсалар олиб келиб, гуруҳдаги “ўз ўрнини” сақлашга интиладилар. Масалан, улар ширинликлар, тансиқ таом, пул, планшет ёки мобил телефон каби нарса-буюмлар билан атрофидагиларни “алқайди”. Қарама-қарши гуруҳ болалари эса уларни айнан ўша нарсалардан маҳрум қилиш учун жиноятга қўл уради.
 
Шу ўринда жўн савол туғилади... Хўш, болалар ўғирлигини қандай жазолаш лозим?
 
Жавоб эса қуйидагича: аввало “жазолаш” эмас, “тарбиялаш! лозим!
 
Тўғри, бу бел камари ёки хивчин билан савалашдан қийинроқ... Жазо сифатида фарзандингизга олиб берган “севимли матоғини” олиб қўйсангиз ёки “кундалик харажатлар”дан сиқсангиз — вазият янада мураккаблашади! Ўзингизга “безбет” ёки “пинҳоний” душман орттирасиз!
 
Тарбиялаш учун сабр-тоқат ва етти ўлчаб бир кесилган амалий ҳаракатлар талаб этилади. Қадимда болаларнинг “беозор ўғирлиги” шу тариқа илдиз отиб кетганки, жиноят устида тутиб олинган бола қозига олиб борилмасданоқ жазолашга журъат этилган пайтлар ҳам бўлган. Қози эса “ўғривачча”нинг бармоқларини кесишни буюрган. Хуллас, жазолашнинг ҳар қандай усули... хато!
 
Бироқ фарзандларингиздан бирининг қўли эгрилигини сезсангизу индамай юраверсангиз, бу иш ҳам бўлмайди. Бир кун келиб эшик-дарвозангизни тақиллатаётганлар ҳуқуқ-тартибот ходимлари бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас!
 
Яна бир томондан бир дунё гап-сўз билан “тушунтириш ишлари” олиб бориш ҳам унинг тарбиясига салбий таъсир ўтказиш мумкин. Негаки тергаш, боланинг назарида, гоҳида жисмоний жазодан ҳам ошиб тушиши мумкин...
 
Умуман олганда, улғаётиб қачондир, нимадир ўғирламаган боланинг ўзи йўқ!
 
Ҳеч бўлмаса қўшни полиздан қовун ёки тарвуз, йўл четидаги боғдан олма ёки нок ўғирлаган. Буни сўрамай олиш деб ҳам аташ мумкин, бироқ бу ҳам — ўғирлик! Ҳарқалай унга элтадиган йўл... Ўғирликда гумонсиралганда эса уларнинг аниқ бир гапи бор: “мен билмайман...” ёки “кўрганим йўқ!”
 
Содир бўлган нохуш ҳолат юзасидан у билан дўстона, бироқ бироз қаттиққўллик билан суҳбатлашинг, асло сўроқ қилманг!
 
Болага унинг тили ва тушунчаларига яқин тарзда ўғирлик ва унинг салбий оқибатлари ҳақида ётиғи билан тушунтиринг. Сиз ундан бундай номаъқулчиликни сира кутмаганингизни, бу иши билан у сизни ва ўз яқинларини ниҳоятда уятга қўйганини “норози қиёфага” кириб гапиринг.
 
Дўкондан ўғирланган буюм учун унинг қиймати сотувчининг иш ҳақидан олиб қолиниши, бунинг устига у жазоланиши, ҳатто ишдан ҳайдаб юборилиши мумкинлигини тушунтиринг. Бу эса сотувчи ўз болаларига егуликлар, кийим-кечаклар олиб боролмаслигини мисоллар тариқасида гапириб беринг.
 
Ёки ўғирлик қилган боланинг бошқа оила аъзолари, ҳатто ота-онаси ҳам маҳалларда “ўғри” деган иснод орттириши мумкинлигини айтиб, фарзандингизга бунинг оқибатларини мисоллар тариқасида сўзлаб беринг. Бироқ шахсиятига оғир ботадиган ҳақоратларни айтишдан ўзингизни тийинг.
 
Унга ҳар қандай вазиятда ёрдам бера олишингизни, ўз қилмишига ўзи жавоб бериши кераклиги ҳолда сиз унга тўғри йўл кўрсатишингиз мумкинлигини уқтиринг.
 
Натижада бола ўйлай бошлайди, ўз тафаккури доирасида мулоҳаза юритади!
 
Ва тўғри йўлни танлаши — сизу бизнинг ютуғимиз, унинг келажагига эса оқ йўл...
 
Азиз мухлислар! Мазкур мавзунинг охирги қисмида ота-оналар эътиборига айрим тавсияларни ҳавола этамиз.
 
Бизни кузатишда давом этинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Болалар жинояти Оилада ўғирлик Болалар руҳияти Оилада тарбия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар