Яқин Шарқдаги можаролар бугунги кунда ҳамманинг нигоҳида ва кўпчилик бу низоларнинг сабабини билишга қизиқади.
Бир неча йилдан буён давом этаётган фуқаролар уруши ва террористик ташкилотлар, уюшган террорчилик гуруҳларининг ҳаракати мамлакатни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан издан чиқарди.
Энг асосийси, бу каби сепаратистик ҳаракатлар, террор ва экстримизм оқибатида Сурияда инсон омили, инсон қадр-қиммати деган тушунчаларга путур етди.
Шу маънода Суриядаги беқарор вазият Туркия ҳукуматини ҳам ташвишга сола бошлади. Натижада, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Суриянинг шимолий қисми бўлган Африн ва Идлиб шаҳарларида “Зайтун новдаси” деб аталган ҳарбий операциясини бошлаш ҳақида мутасадди ташкилотларни огоҳлантирди.
Хўш, Туркиянинг бу операцияни бошлашига нима сабаб бўлди?
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Башер Шен бу борада қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
“Туркия 35 йилдан буён террор балоси билан кураш олиб бормоқда. Бу террор балосининг энг хавфлиси Суриядаги PKK (Курдистон ишчи партияси) террорчи ташкилотидир. Ўтган йиллар мобайнида ушбу террор ташкилоти Туркия ҳудудидаги фуқароларни, у турк бўладими, курд бўладими, ёки бошқа миллат вакилларими фарқи йўқ, қатл этиб келган. Улар фақатгина бизнинг фуқароларга эмас, балки хорижий меҳмонларимиз ва туристларимизга ҳам зарар етказиб келади. Шу боис Туркиянинг ўзида бу ташкилот террорчи сифатида кўрилади”.
Элчи PKK ташкилотининг Туркия ҳудуди ва фуқароларига қилган ҳужумлари, шунингдек, бу ташкилотнинг Халқаро миқёсдаги террорга оид ҳаракатларини мисол қилиб келтириб ўтди.
Ўз навбатида, Суриядаги сиёсий воқеалар унинг чегарадош қўшниси Туркияга ҳам хавфли таъсир ўтказиш эҳтимоли юқори ҳисобланади.
Бунга сабаб шуки, 2011 йилда бошланган Ироқ ва Суриядаги ИШИД террорчи гуруҳларининг фаолияти Суриядаги курдларни ҳам ташвишлантириб қўйди.
Уларнинг асосий кучлари ва аҳолиси Суриянинг Африн шаҳрида жойлашган.
Шу боис азалдан НАТО ва АҚШ кўмагига таяниб келган PKK (дунёнинг кўпгина давлатларида террорчи ташкилот сифатида кўрилади) кучлари ИШИДга қарши ўз ҳудудини ҳимоя қилиб қуролли тўнтаришлар олиб борди.
2016-2017 йилларда Суриядаги ИШИД жангарилари йўқ қилина бошлангач, курдлар мамлакатда автономия тузиш мақсадини билдиришди.
Бу Туркиянинг хавотирига сабаб бўлмай қолмасди. Чунки Туркияда 15 миллионга яқин курдлар истиқомат қилади. Суриядаги курдларнинг чақириғи Тукриядаги курдларни тўлқинлантириб юбориши мумкин эди. Турк ҳукумати айнан мана шу масаланинг оқибатини ўйлаб, ҳудудий яхлитлигининг бузилмаслиги учун ҳаракат қила бошлади.
Боз устига PKK кучлари Туркия ҳудудига ҳужум қилиб, ҳаво зарбалари бера бошлагач, президент Ражаб Тойиб Эрдўған Халқаро миқёсда “Зайтун новдаси” операциясини муҳокама қила бошлади.
Туркия ҳукуматининг бу борадаги ҳаракатларини мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Башер Шен қуйидагича изоҳлади:
“Суриядаги фуқаролар уруши 2011 йилнинг апрель ойида бошланган. Лекин 2012 йилда бу мамлакатнинг шимолий-ғарбий қисми PKK’нинг бу ердаги гуруҳлари бўлган PYD (курдларнинг Демократик иттифоқ партияси) ва YPG (курдларнинг Халқ мудофааси отрядлари) назоратига ўтиб кетди. Шундан кейин бизнинг мамлакатга ушбу террорчи ташкилотлар томонидан кўплаб ҳужумлар уюштирилди. Бундай вазият Сурия ҳукумати ўз ҳудудини назорат қилмай қўйгач, вужудга келди”.
Элчи Туркиянинг Африн шаҳрига ўз суверенитетини ҳимоя қилиш ва террорчиларга қарши курашиш мақсадида кирганини маълум қилди ва буни Халқаро ташкилотлар, хусусан, Европа Иттифоқи ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам тасдиқлаганини келтириб ўтди.
У Туркия Афринда БМТнинг 51-низоми (Ташкилот аъзосига қуролли ҳужум қилинган тақдирда, Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун зарур чоралар кўрмагунча, унинг алоҳида ёки биргаликда ўз-ўзини мудофаа қилишдан иборат ажралмас ҳуқуқига асло монелик қилмайди)га мувофиқ ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётганини айтади.
Шунингдек, расмий Туркия Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Эрон, Туркия ва Россия расмийлари ўртасида ўтган конференциялар хулосаларини ҳам келтириб ўтади ва Туркия позициясининг Халқаро ҳуқуқ тамойилларига мос эканлигини олға суради.
Таъкидлаш керакки, Туркиянинг бу борадаги қарори ўринли. Негаки бугунги кунда суриялик қочоқлар масалани дунёнинг йирик иқтисодга эга мамлакатларини ҳам ўйлантириб қўймоқда.
Шундай шароитда Туркия 3,5 миллиондан ортиқ қочоқларни қабул қилиб, уларга махсус лагерлар ташкил қилди ва керакли озуқа, таълим ва тиббий хизмат каби ёрдам шароитларини яратиб берди.
Бу Туркиянинг тинчлик ва инсон ҳуқуқлари ҳимочиси сифатидаги ҳаракатларини ифодалайди.
Туркия Афринда қандай ҳаракатланмоқда?
Туркия жорий йилнинг 20 январидан бошлаб Суриянинг Африн шаҳрига ўз қўшинларини киритди. Ўз навбатида, турк ҳарбийлари бу ерда нафақат курдларнинг террорчи гуруҳларига, балки ИШИДниг у ерда қолган кучларига қарши ҳам кураш олиб бормоқда.
Маълумотларга қараганда, Туркиянинг Африндаги ҳарбий ҳаркатлари натижасида 1715 нафар террорчи йўқ қилинган.
Шунингдек, ўнлаб Туркия аскарлари террорчи кучларга қарши курашда ҳалок бўлишди.
Энг эътиборлиси, шу кунга қадар Туркия Афринда на Сурия ва на бошқа халқаро ташкилотларнинг қўшма каолицияси билан ҳаракатланди.
Бу ҳам қайсидир маънода Туркиянинг расмий Сурия ҳукумати билан иттифоқ бўлишда муаммолари борлигини кўрсатади.
Сурия ҳукуматининг Шарқий Гутага кириши Туркияни Африндан чекинишга мажбур қила оладими?
Жорий ҳафта 19 февраль куни кутилмаганда Сурия қўшинлари мамлакат суверенитетини сақлаб қолиш учун пойтахт Дамашққа чегара ҳудуд бўлган Шарқий Гутада террорчиларга қарши ҳарбий амалиётларини бошлади.
Кўпчилик чет эл ОАВларининг иддаосига кўра, бу ҳаракатлар Россия кўмагида бўлмоқда.
Аввалига Туркиянинг Афринга кириши ва террорчи гуруҳларга қарши курашиши Суриянинг ҳудудий бўлиниб кетмаслиги учун ҳам тўғри иш эди. Аммо бир ҳақиқат аниқки, расмий Сурия ҳукумати ўз кучларини террорчиларга қарши ташлади.
Бу Туркиянинг Афринда қолиш-қолмаслик масаласига ойдинлик киритиши мумкин.
Туркия бир ой давомида Афринда жуда секин ҳаракатланди ва Афринда 15 фоиз ҳудудни назоратига ола олди. Бу Африндаги курд жангариларининг етарлича қаршилик кўрсатиш қудратига эга эканлигини билдиради.
Сурия суверенитетининг яхлитлиги масаласини ҳамда Сурия ҳукуматининг террорга қарши ҳаракатларини ҳисобга олган ҳолда Халқаро ташкилотлар мамлакатда Туркиянинг қолишига йўл қўймаслиги мумкин.
Зеро, ўтган ҳафта БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурияда бир ой давомида ўт очишни тўхтатиш резолюциясини овозга қўйди ва у аъзолар томонидан қабул қилинди.
24 февралдан кучга кирган ушбу Туркиянинг ҳарбий ҳаракатларини бир муддат тўхтатиб қўйиши табиий эди. Чунки гап тинчлик ва инсон ҳуқуқлари ҳақида кетмоқда.
Ҳозир Сурияда Инсон ҳуқуқлари ҳақида террорчи кучлар ҳам, курашаётган томонлар ҳам, мутасадди халқаро ташкилотлар ҳам гапиришмоқда. Лекин ўтган давр шуни кўрсатдики, тинчлик учун эълон қилинган ҳужжатларни ҳаракатдаги кучлар, албатта, бузишга одатланган.
Мазкур қоида кучга кирганига икки кун ҳам бўлмасдан Сурия пойтахти Дамашқ шаҳри атрофидан Шарқий Гутага ажратилган инсонпарварлик йўлакларига жангарилар томонидан ўқ узилди. Бунга АҚШ бошчилигидаги каолиция ҳам жавоб қайтариш мақсадида ҳаво зарбаларини бера бошлади.
Қабул қилинган резоюциянинг ҳам ўз қоидалари бор ва бу қоидалар фақат тинч аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиши керак. Ушбу ҳужжат эндигина кучга кирди. Бунинг кафолати ўлароқ мутасаддилардан бутун инсоният тадбирли чораларни кутиб қолади.
30 кун сиз-у бизга жуда кам, аммо курашувчи томонларга ҳаддан зиёд кўплик қилиши мумкин. Кўплик қилди ҳам! Икки ўртада яна тинч аҳоли жони гаровга қўйиляпти, яна бегуноҳ болалар, кекчалар, аёллар азият чекмоқда.
Демак, гап тинчлик ва инсон қадр-қиммати ҳақида бораркан ҳақли равишда минтақада халқаро ташкилотлар, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоясига отланганларнинг ўрнини кучайтириш лозим.