Эшак гўшти ва терисини сотиб ўзича “тадбиркорлик” қилмоқчи бўлган ноинсофлар жамиятга ҳар томонлама зарар етказмоқда.
Аввалига, Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида эшак суякларидан иборат “эшаклар қабристони” аниқланиб, суриштирув ишлари олиб борилгач, ушбу “қабристон” бир ой давомида эшакнинг териси ва гўшти билан даромад кўрган шахслар томонидан “барпо этилгани” ойдинлашди. Маълум бўлишича, айбланувчилар жиноий гуруҳ тузиб, эшак териси ва гўштини келишилган шахсларга етказиб бериш билан шуғулланган экан.
Кейинчалик, бундан ҳам жирканчли тус олган ҳолат Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган “Шаршара” бренди остида гўшт махсулотларини ишлаб чиқарувчи Gold Premium Product МЧЖга тегишли корхона кўздан кечирилганда, 69,6 кг. эшак гўшти бошқа гўшт турларига қўшиб юборилганида аниқланди.
Яқинда эса Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Қорақушчи” МФЙ, Турон кўчаси 85-уйда яшовчи Озод Ботировнинг қассобхонага айланган ҳовлисида санитария талабларига тамомила зид равишда сўйилиб, қассобхоналарга истеъмол учун жўнатишга тайёр қилиб қўйилган кўп миқдордаги эшак гўшти ва ушбу уй ҳайвонинг жасадлари топилган.
Маълумки, эшак гўшти инсон организмида турли юқумли касалликларнинг вужудга келишини таъминлаши сир эмас. Буни Республика Давлат санитария-эпидемология назорати ходимлари ва уларнинг ишини назорат қиладиган “каттаконлар” ҳам жуда яхши билишади.
Ҳар қандай аҳоли тамаддихоналаридаги санитария ва гигеник назорат тегишли мутасаддилар зиммасида бўлиши керак. Демак, аҳоли орасида юқумли касалликни келтириб чиқарувчи, тановвул қилишга яроқсиз бўлган, сифат назоратидан ўта олмаган махсулотлар билан ҳам, албатта, ДСЭНМ ходимлари шуғулланишади. Бир эмас, икки эмас кўп маротаба бундай хавфли ҳодисаларнинг аниқланиши, наҳотки, мутасаддиларни чора кўришга ундамаётган бўлса!?
Шу ўринда корейс киноижодкорлари томонидан ишланган “Сарой жавоҳири” сериалидаги “ўрдак шўрва можароси” кишининг ёдига тушади.
Корейс сериалидаги “ўрдак шўрва можароси”нинг биздаги “эшак гўшти можароси”дан фарқли жиҳати шуки, унда юқори тоифали амалдорларнинг заҳарланиши ёритилган. Фикри ожизимизча, бизнинг мутасаддилар ҳам айнан шундай ҳодиса содир бўлгач, ишга “чуқур” шунғишни мақсад қилмасдан ҳозироқ амалий ишга ўтишса самарали ёндашув бўларди.
Вақт ўтгани сайин ушбу масала жиддий тус олмоқда. Англаган бўлсангиз, содир бўлаётган шунча танқиду воқеа-ҳодисалардан хулоса чиқариш ўрнига бундан баттар бўлган виждонсизликка йўл қўяётган кишилар топилмоқда.
Жамиятнинг ахлоқий қиёфасини, ҳуқуқий мақомини ва тарбиясини шакллантиришда ҳар бир кишининг, оиланинг, маҳалланинг, давлатнинг ва диннинг ўзига яраша ўрни ва аҳамияти бор.
Эшак гўштини сотиб, ундан олинган фойдани бола-чақасига, оиласига едиришни ўзига ор билмаган айрим “эшаклар” кўринишидан тўрт муччаси соғ, оилали ва биз яшаб турган жамиятнинг аъзосидир. Лекин уларнинг виждони, имони ва ахлоқи қилган ишларидан инсонники эмаслиги кишини ташвишлантиради.
Улуғ юнон файласуфи Суқротнинг энг севимли гапи Афинадаги Дельфа ибодатхонаси пештоқига ёзиб қўйилган “Ўз-ўзингни англагин ва билгин”, деган ҳикмат бўлган экан. Бу бекорга эмас! Инсон ўзлигини англаши ҳар бир сонияда буни ҳис қилиб яшаши лозим.
Инсонга “Ҳой, мана бу ерда чуқурлик бор, йиқиласан”, деса баттар ана шу чуқурликка қараб кетади. Зеро, биздан аввал яшаб ўтган аждодларимиз ўзларининг асарларида инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи жиҳат имони, виждони ва эътиқоди эканлигини таъкидлаб ёзган.
Энди бугунги XXI асрда, бутун инсоният миллион йиллик цивилизацияларни яратиб катта тажрибаларга эга бўлган даврда инсонга унинг ҳайвон эмаслигини англатиб туриш бироз кулгили ёхуд раҳматли Хожибой Тожибойев айтганидек, бунақаларни эшитиб бир кулгинг келади, бир жаҳлинг чиқади, бир раҳминг келади.
Хўп, жуда ҳикмату фалсафий гапларни хуш кўрмас, ўқимас экансан, ундан ибрат олишга вақтинг ва тоқатинг йўқ экан лоақал муқаддас ислом дини қоидаларига амал қилиш каллангга келмадими, дегинг келади.
Оилада, жамимятда кишиларнинг лоқайдлиги ва бепарволиги инсонийликни тубанлик сари ирқитиб юборади.
Демак, бу каби воқеалар такрорланмаслиги, инсоннинг жамиятда инсон бўлиб қолиши учун оила, маҳалла, мутасадди ташкилотлар ва албатта, инсоннинг ўзи жавобгардир.