...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эртага АҚШда президент сайлови бўлиб ўтади


12:43, 07.11.2016 Олам
 3 451

8 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ президентлигига сайловда номзодларнинг қай бири ғолиб бўлиши ҳозирча номаълум. Бироқ Трамп ҳам, Клинтон ҳам ўз ғалабасига ишонади.

АҚШ сиёсий ҳаётда яна бир бурилиш ясалиши арафасида турибди. Чунки, эртага, 8 ноябрь куни мамлакатда Президентлик сайлови ўтказилади. Бу сайлов АҚШ тарихида 58-президент сайлови бўлади.
 
Президентликка ўз номзодини илгари сурган икки асосий партиялар Демократлар ва Республикачилар деярли йил давомида ўз мақсадларига эришиш учун турли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борди. Республикачилар партияси номзоди Дональд Тармп ва Демократлар партияси номзоди Ҳиллари Клинтон ўртасидаги президентлик учун кураш, нафақат Америка халқи, балки бутун дунё эътиборида бўлди. Уларни “Qalampir.uz” сайтимиз орқали ёритиб боришга ҳаракат қилдик.
 
Сайловолди тарғибот ишларига старт берилганидан бошлаб ўтган давр мобайнида икки номзод ўртасида турли тортишувлар, муҳокамалар бўлиб ўтди. Бир неча марта телемузокара олиб борилди. Унда икки номзоднинг агар президентликка сайланса, мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатида қандай ишларни амалга оширишни режалаштираётгани юзасидан фикрлар алмашилди.
 
Трамп ва Клинтоннинг ҳар бир чиқишидан сўнг, Америка оммавий ахборот воситалари номзодларга берилган овозлар натижаларини эълон қилиб борди. Деярли ҳар бир овоз бериш натижаларига кўра, Ҳиллари Клинтон рақибидан маълум фоизларга устунлик қилиб борди. Бироқ сўнгги пайтларда Дональд Трамп ўз тарафдорларининг сони ортиб боришига эришди.
 
Ўтган вақт мобайнида икки номзод билан боғлиқ воқеалар эсга олинди ва Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтон бир-бирини обрўсизлантиришга уринди. Масалан, Дональд Тармпнинг аёллар шаънига айтган номақбул ва беҳаё сўзлари тасвирланган видео тарқатилди. Бу видео 2005 йил тасвирга олинган бўлса-да, Трампнинг обрщсини тўкиш учун энди тарқатилганини англаш қийин эмас.
 
Клинтоннинг ҳам ўз муаммолари бор. У давлат котиби бўлиб ишлаган вақтдаги электорон ёзишмаларнинг хавфсизлиги борасида йўл қўйган хатолари энди ошкор қилинди. Ҳатто, агар Трамп президент бўлса, Клинтонни қаммоққа тиқишга ваъда берди.
 
Ҳиллари Клинтоннинг муаммоси бу билан якун топгани йўқ. Клинтон Фонди билан боғлиқ можаролар ҳам унга тегишли. Чунки Фонд Қатардан катта миқдорда пул келиб тушганини яширган ва бу билан сайловолди тарғиботи билан машғул бўлган Ҳиллари Клинтонни шубҳа остига қўйган. Чунки бу пулларни агар Клинтон президнтликка сайланса, Қатарга ёрдам бериши учун пора сифатида олган, деган тахминлар пайдо бўлди. Тахминлар ўзини оқламаган бўлишига қарамай, Клинтон фонди Қатардан катта миқдорда пул маблағлари келиб тушганини тан олди.
 
Президентликка номзодлар атрофида қанчалик муаммолар кўп бўлмасин, уларнинг ҳар бири ўз ғалабасига ишонади. Буни Трамп штаби эришилажак ғалаба шарафига олдиндан базм уюштиришни режалаштириб қўйганидан ҳам билиш мумкин. Улар, ҳатто, базмга келадиган меҳмонларга таклифномалар тарқатган. Ҳиллари Клинтон ҳам базму жамшид қилиш иштиёқида юрган Трампдан қолишгани йўқ. У ҳам сайловдаги ғалабани Манхэттендаги Конференция марказида нишонлаш ниятида.
 
Президент сайлови ўтказилишига бир кун қолганида эса номзодларнинг қайси бири президент бўлиши очиқ кўзга ташланаётгани йўқ. Шу пайтга қадар овоз тўплашда Клинтон устунлик қилиб келган бўлса, сўгги вақтларда Трампнинг машҳурлиги ҳам ортиб бормоқда.
 
Кўрамиз, охирида омад кимга кулар экан...
 
Маълумот ўрнида, АҚШ президентлигида энг кўп вақт фаолият олиб борган шахс Франклин Делано Рузвельт ҳисобланади. Ушбу лавозимда у 1933—1945 йиллар давомида 4422 кун фаолият юритган. Уильям Гаррисон эса атиги 31 кун президентлик фаолиятини олиб борди. У 1841 йилда президентликни қабул қилиб олганидан сўнг, кўп ўтмай вафот этган.
Мухторбек Абдуллаев

Теглар:АҚШ Президент сайлови Ҳиллари Клинтон Дональд Трамп 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!