Эрон ТИВи вакили Баҳром Қосими Туркия Суриянинг ҳудудий яхлитлигини бузганлигини таъкидлаб ўтди.
“Терроризмга қарши курашиш ва минтақадаги хавфсизликни таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ҳаракатлар тинчликпарвар давлатнинг ташқи сиёсатидаги муҳим масалалардан биридир. Лекин бу бирор давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузиб, марказий ҳукумат билан келишмасдан, бошқа бир мамлакатда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш учун асос бўлиб хизмат қилмайди. Сурия шимолидаги тўқнашувлар сонининг ортиб бориши тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлишига олиб келади. Шунинг учун Туркия қуролли кучлари Суриядаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши керак”, дейди Қосими.
Эслатиб ўтамиз, Туркия 24 август куни Суриянинг шимолига қўшин киритган эди. Анқара Сурияда ИШИД террористик ташкилоти ва Курдистон ишчи партияси жангариларига қарши курашиш мақсадида ҳарбий ҳаракатларни бошлаганини маълум қилган эди.
Аввалроқ, Сурия ҳукумати ҳам Туркиянинг мамлакат суверенитетини бузиб, унинг чегараларига бостириб кирганлигини таъкидлаб ўтган эди.