...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эрк нима, демократиячи?


14:26, 08.12.2015 Жамият
 3 232

Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлигига 23 йил тўлди.

Бундан 23 йил олдин, Ўзбекистон Республикасида тарихий воқеа содир бўлган эди.

Конституция давлат суверенитетининг бош мезонидир, унинг асосий кўрсаткичларидан биридир. Мамлакатнинг бугуни ва эртанги кунининг йўлини ёритиб турувчи ўзига хос маёқдир. Манзилдан адашиб қолганда, тўғри йўлни топиб олишга ёрдам берувчи йўлчи юлдуздир.

Бундай сўзларни эшитиш нақадар ёқимли. Хўш, айтингчи юртимиз мустақилликка эришгунга қадар эрк нима, конституция нималигини билармидик?  Халқимиз ўз кучига, қудратига бугунгидек ишонармиди? Ўзбекистон Республикаси Конституция деган атама ҳамиша мавжуд бўлганми? Йўқ! Ушбу қомусий хужжатга эришиш учун қанчадан қанча таҳликали йиллар, тўз-тўполонли воқеаларни бошдан кечиришимизга тўғри келган. Тарихни бошдан оёқ ўзгартириб юбориш қудратига эга бўлган хужжатларнинг қабул қилинишига қоғоз ва қаламнинг ўзи камлик қилади. Бу учун кучли жасорат, қўрқмас юрак, ақлли режа ва уларнинг барчасига эга бўлган ва ҳар қандай ҳолатга тайёр тура оладиган собит раҳбар керак.

Совет истибдоди даврида улкан машаққатларни бошдан кечирган халқимиз шу кунларга осонликча эришгани йўқ, ахир. Эски тузумни сақлаб қолиш учун тиш-тирноғигача қуролланган совет амалдорлари жарликка қулашга тайёр бўлиб қолган давлатни қандай бўлмасин, қутқаришга жон -жаҳдлари билан уринишган. Мустақиллик ҳаракатларини бошлаб юборган халқларни йўлдан адаштириш мақсадида турли ички этник ва диний қарама-қаршиликларни сунъий юзага келтириб, шусиз ҳам аҳволи танг бўлган давлатни қолоқлик ботқоғига чўктириб, улар устидан  ҳукмронликни ушлаб қолишга ҳаракат қилишган. Нақадар чиркин ва манфур! Бироқ Ўзбекистонда оқил ва одил давлат раҳбарининг катта сиёсий саҳнага дадиллик билан кириб келиши, кўпчиликни руҳлантириб, ўз ҳушига қайтарди ва олдинга ҳаракатланишга ундади. Бутун бир халқни ўз орқасидан эргаштира олган шахснинг халқни тўғри йўлга бошлагани бугунга келиб ўз тасдиғини топиб бормоқда.

Конституция бизга нима берди? Биринчи навбатда, эртанги кунга ишонч берди. Ҳақиқий мустақил мамлакатда яшаш қандай бўлишини ҳис қилиш имкониятини берди. Ўз ўйингда ўзинг хўжайин бўлишга ўргатди. Биринчи навбатда, ЭРКИНЛИК берди.

Марказий Осиёдаги бошқа давлатларнинг кўпчилиги биздан кўра кечроқ ўз конституцияси эга бўлган: Тожикистон Республикаси 1994 йилда, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари 1995 йилда. Россия Федерациясининг ўзи эса 1993 йилдагина бош қонунини қабул қилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги давлатлар орасида биринчилардан бўлиб қабул қилинган хужжат эканлиги эътибога лойиқ.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган меъёрларини тан олган ҳолда, ўзбек халқининг демократик ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатидир. Қонунимизда ёзилганидек, у халқ номидан тузилган хужжат саналади. Унда Ўзбекистон халқининг хоҳиш ва иродаси ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда мустақил қарор қабул қилиш имконига эга бўлди. Совет Иттифоқи даврида давлатнинг ички сиёсатининг маълум бир қисми расман маҳаллий аҳоли қўлида қолган бўлса-да, бироқ ташқи алоқалар тўлиқлигича марказ томонидан олиб борилган. Ўзбекистон мустақил ташқи сиёсий фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга эмас эди. Конституциямизнинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир, деган сўзлар аниқ ва равшан ёзиб қўйилган. Бу жуда муҳим модда. Давлатнинг мустақиллиги бошқа давлатларнинг уни тан олишига боғлиқ. Агар янги ташкил топган давлат жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаса, у халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти бўла олмайди. Эндиликда биз билан сўрашадиган, биз билан ҳисоблашадиган бўлишди.



Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва обрўйи йилдан йилга ортиб бормоқда. Маълум бир масалалар бўйича Ўзбекистоннинг сўзи ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистоннинг овозини қўлга киритиш учун анча тер тўкишга тўғри келмоқда. Бунинг барчаси 23 йил олдин кучга кирган бош қомусимиз бошлаб юборган тадрижий ривожланишнинг самарасидир.

Тан олиш керакки, ушбу китоб жавонимизда эмас, балки иш столимиз устида туриши керак бўлган энг муҳим хужжатдир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, qalampir.uz сайти жамоаси Ўзбекистон халқини яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан самимий қутлайди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Адиз Аҳмедов

Теглар:8 декабрь Конституция куни 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар