Иши юришмай, яхши пул тополмай қолган, соғлиғини йўқотиб, ногирон бўлиб қолган эрларни ташлаб кетган аёллар қанча!
Эр-хотиннинг уруши — дока-рўмол қуриши, дейди доно халқимиз. Эътибор беринг, дока-рўмолнинг қуриши! Яъни, кунига беш-олти мартагача идиш-товоқ ювиладиган дока-рўмол ҳам тез қурийди, ҳам тез хўл бўлади...
Айрим оила устунларининг ўз фарзанлари олдида кўрсатадиган “томошаси”дан ёқа ушлайсан киши. Эр-хотин тезда, аниқроғи дока-рўмол қуригунча ярашиб кетади, бироқ болалар руҳиятидаги “беодоблик манзаралари” эса...
Майли, бу бошқа мавзу!
Эр-хотиннинг ғиди-бидиси — майда гап! Гап бошқа ёқда... Иши юришмай, яхши пул тополмай қолган, соғлиғини йўқотиб, ногирон бўлиб қолган эрларни ташлаб кетган аёллар қанча! Ёки, аксинча, таъбир жоиз бўлса, жуфти ҳалолининг товонини ўпадиган аёллар қанча!
Буни қарангки, эрига ўзининг танидан “туҳфа” ҳадя этувчи мард аёллар ҳам бор экан дунёда...
Туркиянинг Ёзгорт вилоятида 10 йилдан бери буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келаётган Солиҳ Ёзитошга шифокорлар буйрагини олиб ташлаш ёки алмаштириш кераклигини айган. Бу ҳақда Anadolu агентлини хабар бермоқда.
Шундай оғир дамда эрини ёлғизлатиб қўймаган Айнур Ёзитош турмуш ўртоғига ўзининг буйрагини бермоқчи эканлигини маълум қилади.
Тиббий таҳлил натижаларига кўра аёлнинг буйраги бетоб ётган турмуш ўртоғига мос келиши аниқланди.
Аммо Айнур Ёзитош ортиқча вазнга эга эканлиги учун буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти хавфли эканлиги маълум бўлди. Шифокорлар бошқа донор топиш ёки зудлик билан парҳез ушлаш лозимлигини уқтиришади.
Турмуш ўртоғи тузалиши учун тутилган парҳез Айнур Ёзитошни 120 килограм вазндан 100 кг вазнгача ориқлашга “мажбур” этди.
Шундай қилиб, аёлнинг соғлом буйраги эрининг хасталанган буйраги ўрнига кўчириб ўтказилди. Шифохонада Айнур ва Солиҳ Ёзитошлар иштирокидаги жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтди.
Ҳозирда Солиҳ Ёзитошнинг аҳволи яхши эканлиги айтилган. Бир буйрагида қолган ва жарроҳликдан сўнг яна вазн ташлаб анчагина хушбичим бўлиб қолган Айнур турмуш ўртоғи оёққа туриб кетиши учун ўзиям ётган шифохонада гирди-капалак...
Ана шунақа!