...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эрдўғаннинг Путиндан умиди катта


11:38, 11.03.2017 Олам
 3 159

Эрдўған: Қийинчиликлар ва иғвогарликларга қарамасдан, биз мустаҳкам иродамизни намоён этиб, барча тўсиқларни енгиб ўтишга қодир эканлигимизни исботладик

Аввал хабар берганимиздек, Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 10 март куни расмий ташриф билан Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрига келди. Ражаб Тойиб Эрдўған шу куни Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашув ўтказди.
 
Музокаралар давомида Владимир Путин Россия ва Туркия муносабатлари янги босқичга кўтарилиши мумкинлигини ва бунда Москва жонбозлик кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар тарқатди.
 
Владимир Путин йиғилишни очар экан, сўнгги вақтда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми камайганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, 2016 йилда бу кўрсаткич қарийб 3 карра қисқарган. Туркия Россиянинг энг муҳим ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бири эканлигини қайд этган Владимир Путин 2017 йилда ўтган йилдаги салбий кўрсаткичлар ижобий тарафга ўзгаришига умид қилаётганлигини айтиб ўтди. Иқтисодий ҳамкорлик сифатида инвестицион лойиҳаларни кўпайтиришни таклиф қилди. Бу борада айниқса, металлургия, автомобиль қурилиши ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида шерикчилик қилиш манфаатли эканлиги таъкидланди.
 
Учрашувда ҳарбий-техник соҳада ва терроризмга қарши курашиш масаласида ҳамкорлик қилишга жиддий эътибор қаратиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Владимир Путин 2019 йилда Россия ва Туркияда маданият ва туризм йили ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида маълум қилди. Бу икки давлат ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
 
Муҳокамада сўзга чиққан Ражаб Тойиб Эрдўған Москва ва Анқара ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қиллаётганлигини таъкидлади:
“Афсуски, 2015 йилда барчамизни қайғуга солган воқеа содир бўлди. Оқибатда эса вақт йўқотдик. Қийинчиликлар ва иғвогарликларга қарамасдан, биз мустаҳкам иродамизни намоён этиб, барча тўсиқларни енгиб ўтишга қодир эканлигимизни исботладик.
 
Россия тез орада Туркияга нисбатан иқтисодий тўсиқларни олиб ташлашига ишонамиз. Шунда биз товар айирбошлаш ҳажмини йилига 100 миллиард долларга етказишимиз мумкин.
 
Биз туризм соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Миллий валютада ҳисоб-китоб қилиш масаласига ҳам эътибор қаратганмиз. Россия ва Туркия икки мамлакат манфаати учун ҳамкорлик қилишда давом этади”.
 
Хавфсизлик масаласига тўхталган Ражаб Тойиб Эрдўған Туркиянинг терроризмга қарши 35 йилдан буён кураш олиб бораётганлигига эътибор қаратди. Сурияда вазиятни барқарорлаштиришда Туркия Россия билан адолат принципига асосланган ҳолда ҳамкорлик қилишда давом этади.
 
Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Москвага ташрифи доирасида 2016 йил 19 декабрда Анқара шаҳрида уюштирилган суиқасд оқибатида вафот этган Россия элчиси Андрей Карлов оила аъзоларига таъзия билдирди. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Россия Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Владимир Путин 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!