Таиландга келган ҳар бир сайёҳ тошбақа катагидаги бассейнга “шу жойга қайтиб келиш насиб этсин”, деган ният билан танга ташлашади. Буни қарангки, тошбақа барча тангаларни ичига ютиб юраверган экан.
Бир неча кун аввал, Таиландда ветеренарлар томонидан ноодатий операция амалга оширилди. Яъни, денгиз тошбақасининг ошқозонидан 915 дона турли давлатларга тегишли бўлган танга-пуллар олиб ташланди. Бу ҳақда "The Guardian" хабар қилди.
Умумий оғирлиги 5 килограмм бўлган танга-пулларни ошқозонида олиб юрган жониворни тиббиёт ходимлари Om Sin (таиландликлар тилида копилка - пул тўплагич, устидаги кичик тешикка танга ёки қоғоз пуллар солиниб, пул йиғиладиган ўйинчоқ, ҳайкалча) деб аташди.
Гап шундаки, 25 ёшга кирган ушбу тошбақа мамлакатнинг Чонбури провинциясидаги ҳайвонот боғида яшайди. Айни вақтда ҳайвонот боғи таъмир учун ёпиб қўйилган. Шунинг учун ўттиздан ошиқ жониворлар Таиланд Қироллик флоти қошидаги денгиз тошбақаларини ҳимоя қилиш Марказига олиб келинди. Тошбақанинг юриши қийинлашгани сабабли ветеринар уни тиббий текширувдан ўтказишга қарор қилди. Тамографияга туширилгач, тошбақанинг ошқознида юзлаб танга-пуллар борлиги аниқланди.
Шифокорлар ўзаро келишиб, тошбақани жарроҳлик столига ётқизиш ва унинг ошқозонини “тозалашга” бел боғлашди.
7 соат давом этган операциядан сўнг, жонивор ўзига келди.
Сиз суратда кўриб турган бу тошбақа тури вакиллари аслида ўртача 80 йил умр кўради.
Таиланд Қироллик флоти қошидаги денгиз тошбақаларини ҳимоя қилиш Марказининг назорати остида эса улар хатто 100-120 йилгача яшашлари мумкин. Чунки бу ерда уларни сифатли парвариш қилиш учун барча шароитлар яратилган.
Айни вақтда тошбақанинг аҳволи яхши.