...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эрдўған: “Европа Иттифоқи берган ваъдасининг устидан чиқмади”


10:00, 21.09.2017 Олам
 3 193

Туркия 3 миллиондан ортиқ суриялик қочоқларни қабул қилди, Сурияга кўрсатган ёрдами 30 миллиард долларга тенг бўлди.

19 сентябрь куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилди. Туркия раҳбари ўз нутқида жаҳонда тинчлик ўрнатиш учун терроризм, уруш, зўравонлик ҳаракатлари, маданий ирқчилик ва ислом динига қарши душманлик каби муаммоларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Ражаб Тойиб Эрдўған дунёда тинчлик ўрнатиш борасида Туркия томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлади:
 
“Туркия тинчлик ва фаровонлик ўрнатиш учун ташқи сиёсий ва гуманитар акцияларни ўтказган. Туркия Суриядаги фожиага бефарқ қарамади. Бу ерда барқарорликни ўрнатиш учун сиёсий ва ижтимоий саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда.
 
Туркия 3 миллиондан ортиқ суриялик қочоқларни қабул қилди. Суриядаги нотинчликни бартараф этиш учун эса Остона шаҳрида Россия ҳамда Эрон иштирокида қатор учрашувлар ўтказди.
 
Остона келишувига кўра, Туркия Суриянинг Идлиб туманида хавфсизликни таъминлаш учун янги режа тузди. Туркия қочоқлар учун турар-жой ажратишда, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва дори-дармонлар етказиб беришда давом этмоқда. Туркия Сурияга кўрсатган ёрдами 30 миллиард долларга тенг бўлди. Европа Иттифоқи эса ваъда қилинган 3 миллиард евродан 820 миллион евро маблағ ажратди.
 
Туркия турли ташкилотлар орқали дунё мамлакатларига ижтимоий ёрдам ажратиб келади. Жумладан, Сомалида барқарорликни ўрнатиш мақсадида 1 миллиард доллар маблағ ажратган.
 
Бугунги кунда Туркия қатор террористик гуруҳларга қарши кураш олиб бормоқда. Улар қаторига ИШИД, Курдларнинг ишчи партияси ҳамда Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларини қўшиш мумкин. Ҳарбий операциялар давомида Туркия 3 мингга яқин ИШИД жангариларини йўқ қилди”.
 
Ражаб Тойиб Эрдўған Фаластин масаласига ҳам тўхталиб, Иерусалим ва Харам-аш-Шарифнинг тарихий мақомини сақлаб қолиш жиддий муаммо эканлигини таъкидлади. У халқаро ҳамжамиятни Шарқий Иерусалимдаги фаластинликларни қўллаб-қувватлашга чақирди.
 
Туркия раҳбари ўз нутқи давомида Мьянмадаги роҳине мусулмонлари аҳволи ҳақда қайғу билан гапирди.
 
“Юз минглаб роҳине мусулмонлари Мьянмадан кетишга мажбур бўлишди. Уларнинг аксарият қисми Бангладешдаги лагерларга қочишди, аммо бу ерда уларнинг минимал даражадаги ижтимоий талаблари ҳам адо этилмади”, деди Ражаб Тойиб Эрдўған.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси иштирок этиш мақсадида Нью-Йоркга ташриф буюрган Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашгани, ушбу учрашувлар доирасида Туркия Республикаси Президенти Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳаммад ал-Саний билан учрашгани ҳақида хабар берган эдик.  
 
Ундан олдинроқ эса Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу ва Туркия президентининг турмуш ўртоғи Эмине Эрдўған Мьянмада тазйиққа ураган араканлик мусулмонлар ҳолида хабар олиш мақсадида Бангладешга етиб боргани ҳақидаги маълумотларни тақдим этган эдик.
Дурдона Расулова 

Теглар:Туркия БМТ Ражаб Тойиб Эрдўған 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!