БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси иштирок этиш мақсадида Нью-Йоркга ташриф буюрган Туркия Республикаси президенти НАТО Бош котиби билан учрашди.
Томонлар Яқин Шарқдаги қатор муаммолар, жумладан, Суриядаги бугунги ҳолат, Ироқ курдларининг мустақиллик учун олиб бораётган сиёсий ҳаракатлари ва бошқа масалалар юзасидан музокара олиб боришган.
Ражаб Тойиб Эрдўған ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг учрашуви 40 дақиқа давом этган.
Маълумки, Туркия Республикаси ҳудудида курд миллатига мансуб аҳоли яшайдиган вилоятлар бор.
Агар Ироқдаги Ироқ Курдистони мухтор вилояти 25 сентябрь куни режалаштираётган референдум натижаларига кўра ўз мустақиллигини эълон қилса, қўшни Туркия давлати ҳудудидаги курд аҳолисида худди шу каби “сиёсий истак” пайдо бўлиши мумкин.
Аниқроғи, айрим сиёсий кучлар томонидан илгари сурилаётган “Буюк Курдистон” давлати таркибига бошқа давлатлар ҳудудида яшаётган курд миллатига мансуб аҳолининг қўшилиш истаги пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу, ўз навбатида, айрим давлатларнинг ҳудудий бутунлигига раҳна солиши мумкин.