Туркия Бош вазири ўринбосари Эрдўғаннинг Путинга юборган хатига изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, Туркия ва Россия ўртасида иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларда чуқур алоқалар бўлган ва бу муносабатлардан воз кечмаслик керак.
Эрдўған ўзининг россиялик ҳамкасби Владимир Путинни 12 июнь кунида нишонланган “Россия куни” байрами билан қутлаган эди.
Якшанба куни юборилган хатда, Эрдўған Туркия-Россия алоқаларини келажакда муносиб даражага чиқишини хоҳлашини айтиб ўтган.
“Мен умид қиламанки, Туркия Президенти томонидан юборилган табрик хати ижобий натижаларга сабаб бўлади. Бу шуни англатадики, Туркия муносабатларнинг яхшиланиши тарафдори”, дейди Куртулмуш.
Шунга алоҳида эътибор қаратиш лозимки, Туркия президенти Су-24 воқеасидан кейин шу кунгача Россияга расмий хат юбормаган эди. Демак, Анқара Москва билан алоқаларнинг ўнгланишини хоҳламоқда. Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.
Маълумот ўрнида, 2015 йилнинг 24 ноябрь куни Россиянинг Су-24 ҳарбий самолёти Туркиянинг F-16 қирувчи самолёти томонидан уриб туширилган эди. Шундан сўнг, икки давлат ўртасидаги муносабатларга дарз кетган эди. Москва Туркиянинг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан санкция эълон қилди, визасиз режимни бекор қилди ва россиялик сайёҳлар Туркияда дам олишга нисбатан бойкот эълон қилишган эди.