Тахминларга кўра, жуфтлик орасидаги кўнгилсиз ҳолат рашк туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин.
Кеча, 14 июнь куни шифокорлар беморга ўрнидан туришга ва бир неча дақиқа юришга рухсат беришди. Бу ҳақда “ Nur.kz” нашри хабар қилмоқда.
Маълумотларга кўра, Баяннинг турмуш ўртоғи Бакитбек Есентаев уни уриб бурнини синдирган, сўнг қорин бўшлиғи соҳасига пичоқ билан жароҳат етказган. Баян шифохонага етказилгач, шифокорлар унинг жароҳати устида 3 соат давомида жарроҳлик амалиётини ўтказишган. Шифофорлар дастлабки операция кутилган натижани бермаса, Баян иккинчи бор жарроҳлик столига ётиши мумкин, деб тахмин қилишган эди. Бироқ кеча шифокорлар Баяннинг саломатлиги тикланаётгани ва иккинчи жарроҳлик амалиётига ҳозирча эҳтиёж йўқлигини, барчаси беморнинг ўзини қандай ҳис қилишига боғлиқ эканини айтишган.
Шифохонада ётган Баянни келиб кўришга фақат оила аъзоларигагина рухсат берилган. Унинг турмуш ўртоғини айни вақтда полиция қўлга олган. Аниқланишича, Бакитбек Есентаев рафиқасига жароҳат етказаётган вақтда спиртли ичимлик таъсирида бўлган. Айни вақтда у Қозоғистон Республикаси Жиноят Кодексининг “Инсон саломатлигига қасддан зарар етказиш”, “Суъиқасд уюштириш” каби бобларнинг 24-модда 3-банди, 99-модданинг 1-қисми билан жавобгарликка тортилмоқда.
Суд қарори билан Бакитбек Есентаев 2016 йилнинг 13 июнидан 2 ойга ҳибсда сақланиши белгиланган.
Полиция аниқлаган маълумотларга қараганда, 10 июнь куни Бакитбек Есентаев рафиқаси Баян Есентаевани Олма-ота аэропортида кутиб олган. Ўша вақтда Баяннинг ёнида унинг жияни ҳам бўлган. Баян куч билан машинага ўтқазилгач, аёлга турмуш ўртоғи томонидан тан жароҳатлари етказилган.
Баян қорин бўшлиғига пичоқ ёрдамида етказилган жароҳат, бош мия лат ейиши, бурун синиши каби жароҳатлар туфайли Талгар шаҳридаги Марказий шифохонага ётқизилган. Баяннинг яқинларини ва тез ёрдам машинасини айнан унинг жияни чақирган. Тахминларга кўра, жуфтлик орасидаги кўнгилсиз ҳолат рашк туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин. Ушбу иш юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.