...
МЕНЮ
ONLINE TV

Элвис Преслининг қизи отасидан қолган барча нарсаларни сотмоқда


12:35, 13.08.2016 Олам
 3 258

У отаси қолдирган пулларни сарфлаб юборган турмуш ўртоғидан халос бўлиш ва қизини ўзи тарбия қилиш истагида.

Рок-н-ролл қироли Элвис Преслининг ягона фарзанди – қизи Лиза Мария Пресли отасидан қолган барча нарсаларни сотувга қўйди, деб хабар беради “Starslife.ru” нашри.
 
Гап шундаки, айни вақтда Лиза Мария Пресли ўта танг аҳволда. У спиртли ичимлик ичишдан халос бўлиш, гиёҳванд моддаларни қабул қилишдан ўзини тийиш учун даволанмоқда. Бундан ташқари, Майкл Локвуд билан ажрим жараёнини бошдан ўтказмоқда. Шу сабабли у отасидан қолган юздан ортиқ ноёб нарсаларни сотувга қўйди. Улардан тушган пулга Лиза Мария Пресли даволанишни давом эттирмоқчи.
 
Маълумотларга кўра, у отасининг машҳур пойабзали ҳамда American Express карточкасини сотмоқда. Улар орасида Элвиснинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳам бор. Унда Элвиснинг Жесси исмли эгизаги бўлгани ва у ўлик туғилгани ҳам қайд этилган.
 
Лиза Марияга яқин инсонлардан бирининг хабар беришича, Локвуд Преслилар оиласини бутунлай хонавайрон қилган. Оилавий пуллардан ташқари у Лиза Марияга отасидан қолган пулларни ҳам сарфлаб юборган.

“Локвуд ундан “тирик ҳамён” сифатида фойдаланган. Лиза Мария Локвуд билан никоҳи вақтида унга бутунлай ишонган ва маблағ билан боғлиқ барча масалаларни унга топшириб қўйганди. Бироқ Локвуд аблаҳ бўлиб чиқди. Лиза Мариянинг шу вақтгача ҳеч кимга айтмаган сирлари кўп. Билишимча, Локвуд унга қўл кўтарган. Айни вақтда Лиза Локвуддан алимент талаб қилаётгани йўқ, у шунчаки ўз қизига васий бўлиш ва уларни ўзи тарбиялаш истагида”, дейди Лиза Мариянинг адвокати.
 
Эслатиб ўтамиз, Элвис Преслига тегишли шахсий буюмлар илк бор сотувга қўйилаётгани йўқ. 2005 йил Лиза отасига тегишли нарсаларнинг 85 фоизини медиамагнат Роберт Силлерманга 100 миллион АҚШ долларига сотганди.
 
Лизанинг айни харакатига нисбатан атрофдагилар ўз фикрларини билдиришар экан, аксарият одамлар “Лизанинг иши тўғри. Шундай машҳур инсонга тегишли нарсаларни унинг мухлислари сотиб олиш имкониятига эга бўлишлари жуда яхши”, десалар, бошқалар “Оила тарихига тегишли буюмларни сотиш жуда аянчли ҳолат. Ҳозир Элвис Пресли қабрида тик турган бўлса керак”, деган фикрни билдиришмоқда.
Умида Якубова

Теглар:Элвис Пресли Лиза Мария Пресли 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!