Дунёда 160та пул бирликлари мавжуд. Ҳар иккинчи давлат эса ўз пул бирлигига эга.
Қуйида бир қатор пул бирликларининг номи қандай пайдо бўлгани ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Доллар дунёдаги энг машҳур пул бирлигидир. Ундан АҚШ, Австралия, Канада, Панама, Доминика, Янги Зеландия, Эквадор, Пуэрто-Рико ва бошқа давлатлар тўлов воситаси сифати фойдаланадилар.
Маълумотларга қараганда, доллар номи “Ioahimstaler” тангаларидан келиб чиққан. У қисқартирилиб “thaler” ёки “daler” деб аталган. Бу тангаларнинг номи “Joachim” водийси (Чехия Республикасида жойлашган) номидан келиб чиққан. Бу ерда кумуш қазиб олинган ва танга зарб этилган. Кейинчалик бундай тангалар испанлар орасида Американинг мустақиллик уруши даврида ишлатилган. Шундан сўнг, Британия колонияларида “доллар” номи билан машҳур бўлган.
1792 йилда АҚШнинг расман рўйхатдан ўтган пул бирлиги “доллар” деб аталган.
Фунт стерлинг Буюк Британиянинг пул бирлиги ҳисобланади. Сурия, Ливан, Судан, Жанубий Судан ва Миср ҳам миллий пул бирликларини Фунт деб аташган.
Фунт номи қадимги лотин тилидаги “poundus” яъни “вазн” сўзидан келиб чиққан. Бундан ташқари, мазкур валюта бирлиги номининг келиб чиқиши билан боғлиқ бошқа тахминлар ҳам бор. XII асрда ушбу пул бирлигининг ҳақиқатга яқинроқ номи пайдо бўлган ва у “тоза кумуш фунти” дея аталган. Асосий савдо-сотиқ муносабатларида “стерлинг” тангалари ишлатилган. Бир трой фунт (31 грамм) қадимги Британияда 240 “стерлинг” тангага тенг бўлган.
Песо испан тилидан сўзма-сўз таржима қилинса “вазн” деган маънони англатади. Испаниянинг собиқ мустамлакаларида ҳалигача мазкур пул бирлигидан фойдаланиб келинмоқда. Масалан, Колумбия, Доминикан Республикаси, Куба, Аргентина, Мексика, Уругвай, Чили ва Филиппин. XVI асрда испанияликлар ҳозирги Мексика ҳудудига келганда, маҳаллий аҳолида пул бирлиги бўлмаган, улар какао доналаридан пул сифатида фойдаланишган.
Динор Тунис, Жазоир, Македония, Баҳрайн, Ироқ, Қувайт, Иордания, Сербия ва Ливияда миллий пул бирлиги ҳисобланади. “Динор” сўзи қадимги кумуш танга “penny” номидан келиб чиққан. “Penny” эса лотин тилидаги “denarius”, яъни “ўнтадан иборат” сўзидан келиб чиққан. “Penny” тангалари Рим империяси ҳудудида ишлатилган.
Юань Хитойнинг миллий валютаси саналади. Хитойчадан сўзма-сўз таржима қилинса, “айлана шаклдаги обьект” ёки “думалоқ танга” деган маъноларни билдиради. Унинг тарихи Цин сулоласига бориб тақалади. Хитойнинг дастлабки миллий валютаси 1835 йилда пайдо бўлган. У зарб этилган кумуш танга бўлган.
“Юань” сўзидан Жанубий Кореянинг пул бирлиги “вон”, Япониянинг “йена” ва Монголиянинг “тугрик” миллий пул бирликларининг номи келиб чиққан.