...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунёнинг энг омадли ва бадавлат кишилари: Омад кимга қандай кулиб боққан?


15:51, 01.02.2016 Олам
 7 267

Биз билган миллионерларнинг аксарияти бу даражага оғир меҳнат ва пешона тери билан эришган. Уларнинг тутган йўллари, кўпчилигимиз учун мактаб бўла олади.

Омад ҳақида сўз кетганда, инсоннинг ўз олдига қўйган мақсадларига интилиши туфайли эришадиган натижа тушунилади. Агар инсон тасодифий бир воқеа ёки ҳолат туфайли миллионерга айланса, бундай инсонни омадли деб айтиш ноўрин, назаримда.
 
Инсонда истеъдод ва интилиш бўлса, кўзлаган мақсадига етиши аниқ. Омад таваккал қилишдан қўрқамайдиган инсонларни яхши кўради. Биз билган ва номини эшитган кўплаб машхур миллионерлар, бошқа сўз билан айтганда омадли инсонлар ўтмишда нима билан шуғулланишган? Бугун уларнинг давлат ва омад қуршовида эканлари тасодифми ёки меҳнатларининг самарасими? Келинг, улар билан яқиндан танишамиз.
 
Роман Абрамович


4 ёшида ота-онасидан ажралган Романни амакиси тарбиялаган. 8 ёшигача у Ухта шаҳрида яшаган. 1974 йили Роман Абрамович Москвага, бошқа амакисиникига кўчиб келади ва шу ерда ўрта мактабни тугатади, ҳарбий хизматни ўтайди. 1983 йили ёш йигитча Ухтадаги Ўрмонтехника индустриаль институтига ўқишга киради. Маълумотларга кўра, у институтдаги ўқишини ҳам охирига етказмаган. 80-йилларнинг охири 90-йилларнинг бошига келиб Роман кичик бизнесига эга бўлган, кейинчалик эса у нефть соҳасига қизиққан. Шундай қилиб, 21 ёшида Абрамович қайнонасининг пулларига нефть билан боғлиқ бизнесини йўлга қўяди. 25 ёшигача у 20 дан ортиқ фирмаларни очиб-ёпишга улгурган. Абрамович 26 ёшида Давлат мулкини ўғирлаганликда айбланиб қамоққа олинади. Орадан 10 йил ўтгач, Чукотка хокими лавозимига тайинланади.
 
Жоан Роулинг


Кунларнинг бирида поездда кетаётган 25 ёшли оддий бир аёл афсунгарлар ҳақида китоб ёзиш ҳақида ўйлаб қолади. Унинг ҳаёлига келган ҳикоя қаҳрамонлари, яратилажак асарнинг воқеалар ривожи уни бир зум бўлса-да тинч қўймайди. Amnesty International  офиси хизматчиси лавозимида ишлайдиган бу аёл Жоан Роулинг эди. Шу куни кечасиёқ у Гарри Поттер ҳақидаги ҳикояларни ярата бошлайди. Роулинг ҳикоя ёзишга қаттиқ киришиб кетади. Натижада уни ўз ишига эътиборсизлик қилганликда айблаб ишдан ҳайдашади. Ушбу ҳикоя бир неча йил давомида тўхтовсиз ёзилади.  Шу орада Жоан турмушга чиқиб, қизлик бўлади, хатто ажрашишга ҳам улгуради. 1995 йили ёзиб тугатилган роман, 2 йил ўтиб нашр этилади ва Жоан Роулингга мисли кўрилмаган омад, давлат олиб келади.
 
Ллойд Бланкфейн


Goldman Sachs директорлар кенгаши раҳбари бўлган Ллойд 24 ёшида Гарвардда юридик йўналишда таҳсил олган. 25 ёшида у адвокатликни эндигина бошлаётган мутахассис эди. Инвистициялар оламига ғаройиб тарзда тушиб қолган Ллойд 25 ёшгача турли ўйинларга қизиққадиган ва тинимсиз чекадиган йигит эди. Албатта юридик билим орқасида унинг ҳаёти бир маромга туша бошлаган, аммо икки йил ўтиб, 27 ёшида у банк инвестициялари билан жиддий шуғулланишга киришган.
 
Марисса Майер


“Yahoo!” директорлар кенгаши раҳбари вазифасини бажарувчи ва кенгаш аъзоси бўлган Марисса Google´ компаниясида ҳисоб бўйича йигирманчи ишчи эди. 13 йиллик фаолиятидан сўнг у СЕО дан “Yahoo!” директорлар кенгаши раҳбари лавозимигача кўтарилди.
 
Марта Стюарт


Қандолатчи-бизнесмен Марта Стюарт ўз ишини биржа брокери лавозимида бошлаган. 5 йил шу соҳада ишлагач, Уолл-Стритга ишга ўтади. Бунгача у Chanel ва Unilever косметик воситалари фирмаларини реклама қилувчи модель бўлиб ҳам фаолият юритган. Марта фарзандли бўлганидан сўнг, Уолл-Стритни тарк этишига тўғри келади. Орадан бир йил ўтиб, у уй манзилларига таом етказиб берувчи компанияни очади.
 
Уоррен Баффетт


Буюк инвестрлардан бири бўлмиш Уоррен Баффет доимо ўз олдига қўйган мақсади сари ақл билан эришиш йўлидан юрган. 20 ёшида у Омахада инвестицион агент бўлиб ишлаган. 26 ёшида Нью-Йоркка келади ва қимматбаҳо қоғозлар билан шуғулланади. Ўша йили у ўзининг Buffett Partnership Ltd  инвестицион компаниясини очади. У 50 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағга эга бўлган, дунёдаги энг бой инсонлар сирасига киради. Нью-Йорклик риэлторлар ҳозиргача у ёзган китобдаги баъзи ибораларни биржа вақтида қайтаришади ва бу уларга омад келтиради, деб ҳисоблашади.
 
Марк Цукерберг


Facebook´ ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчилар сони 300 миллионга етганидагина фойда ола бошлаган Марк бу лойиҳа устида 20 ёшидаёқ ишлаган. 5 йил ўтиб лойиҳа фойда келтира бошлаган. У келаётган фойдадан қониқарди, аммо бу ҳали бошланиши эканини таъкидларди. Гарварддаги ўқишини тамомлай олмаган Марк дунёдаги энг ёш миллионер саналади.
 
Ричард Брэнсон


20 ёшида Ричард мусиқа асбоблари дўконини очган. 22 ёшида эса у студия ишчиси, 23 ёшида овоз ёзиш студиясига эгалик қилган. 30 ёшга тўлганида ушбу компания ҳалқаро миқёсига чиққан. Ричард компанияни йўлга қўйишга эришидаги йилларни эслар экан, ўтган йиллар ўта оғир кечганини, дам олиш кунларисиз, эртадан кечга қадар ишлашига тўғри келганини айтади.
 
Шерил Сэндберг


25 ёшида Шерил Гарварднинг энг яхши ўқувчилари қаторидан ўрин эгаллади. У жаҳон банкида, Ларри Саммерснинг қўл остида ишларди. Кейинчалик у Гарваддаги МВА курсини ҳам тамомлади ва McKinsey´га ишга ўтади. 29 ёшида Шерил собиқ президент Клинтоннинг молия вазири Саммерснинг аппаратини бошқарарди. Гарварддаги ўқув жараёни унга интернет тизимини ўзлаштириш имконини берди. Шерил миллиардер ва дунёнинг 50 нафар эътиборли аёлларидан бири саналади. Ҳозирда у Facebook´нинг операцион раҳбари саналади.
 
Говард Шульц


Болалигидан омадли ва бадавлат бўлишни истаган Шульцнинг отаси юк ташиш машинасини ҳайдарди. Оиланинг ночорлигига қарамай, у спорт соҳасида катта ютуқларга эришган ва ана шу муваффақиятлар орқали Шимолий Мичиган Университетига қабул қилинган. Алоқа ишлари бўйича мутахассислик дипломини олгач, Говард Шульц 25 ёшида Xerox компаниясига сотувчи бўлиб ишга жойлашади. Кунларнинг бирида у тасодифан Сиэтлдаги Starbucks ресторанига киради ва ўша ерга ишга ўтишга қарор қилади. 1987 йили эса у ана шу Starbucks ресторанига раҳбар бўлади. Дастлаб, ресторан таркибида 60 та дўкон бор эди. Ҳозирда эса дунёнинг турли бурчакларида 16 мингдан зиёд нуқталари бор.
 
Jay Z


Унинг асл исми Шон Кори Картер. Голливуднинг машҳур хонандаларидан бири Бейонсенинг турмуш ўртоғи Jay Z бу таҳаллусни 20 ёшида саҳнага чиққанида танлаган. Бруклиннинг ғарибгина туманида яшаган Шон 27 ёшигача машҳур бўлмаган. 27 ёшда у дўстлари билан биргаликда Roc-A-Fella Records овоз ёзиш студиясини ташкил қилган. Ўша йили унинг илк “Reasonable Doubt” – “Исботини топган гумон” альбоми чиқади.
 
Биз санаб ўтган ва бизнинг рўйхатимизда бўлмаган омадли, истеъдодли ҳамда бой инсонларнинг 6 тасига омад бирданига кулиб боқмаган. Булар:
 
Рэй Крок, McDonald’s компанияси асосчиси – 52 ёшигача қоғоз стаканларни сотиш билан шуғулланган.
 
Жоан Роулинг, “Гарри Поттер” асари муаллифи – у 31 ёшигача ёлғиз она сифатидаги нафақа эвазига кун кўрган.
 
Амансио Ортега, Zara кийим-кечак компанияси раҳбари – ёрдамчи бўлиб ишлаган.
 
Харрисон Форд, актёр ва продюсер – 30 ёшигача дурадгор бўлиб ишлаган.
  
Мэри Кэй Эш, Mary Kay косметика воситалари компаниясининг асосчиси – 45 ёшгача у ҳам савдо соҳасида ишлаган.
 
Генри Форд, Ford Motor Company компанияси асосчиси – Генри Форд компаниясига 40 ёшида асос солган.
 
Энг Ли, режиссёр – 36 ёшгача у ишсиз бўлган.
 
Бу каби мисолларни минглаб келтириш мумкин. Ҳатто Голливуд оламида энг кассабоп фильмларда бош ролларни ижро этган маҳоратли актёрларнинг аксарияти актёрлик соҳасидаги билимга эга эмаслиги, кино оламига кириб келгунга қадар нима билан шуғалланганини билсангиз яна ҳам ҳайратланасиз.
Омадли ва бой бўлиш ҳамиша инсоннинг иродасига боғлиқ. 
Умида Якубова

Теглар:Омад Миллионерлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!