...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунёга нега келдим, нима учун яшаяпман? Жавобингиз борми?


14:10, 08.04.2016 Бу қизиқ
 12 073

Инсон вояга етказаётган фарзандларига эътиборли бўлса, уларга намуна бўла олса, у чин маънода комилликка эришар экан

Аслида оламда мавжуд ҳар бир нарса инсон ҳаётининг қиёси бўла олади. Айнан нима дейсизми? Дарахтларнинг гуллаши, мева тугиши, баргларининг сарғайиши, уларнинг тўкилиши инсон ҳаётини эслатади....

Гуллар гарчи гўзал бўлсада, улар орасида ҳиди ёқимсизлари ҳам бор. Буни энг олий мавжудот – инсон бўлса ҳам, чиройи ўзига етарли бўлса ҳам одамийлик нуқтайи назаридан ҳайвондан фарқ қилмайдиган кишиларга ўхшатиш мумкин...

Денгиз ва океанлардаги акулалар...улар ҳар қанча ноёб ва чиройли бўлмасин ваҳшийлигича қолади. Орамизда кўринишига ҳавас қилгудек, аммо қалби ваҳший ҳайвонники каби жирканж бўлган инсонлар йўқ эмас. Гапларимга қўшиласизми?

Француз ёзувчиси Бернар Вербернинг “Фаришталар империяси” китобида инсон ҳаёти, унинг даврлари ҳақида қизиқ маълумотлар бор. 2000 йилда чоп этилган ушбу китоб Жюль Верн мукофотига сазовор бўлган. Унда инсон умри 7 йиллик даврларга бўлинган ҳолда тасвирланади. Даврлар аро ўзгаришлар, уларнинг ўзига ҳослиги, маънолари ҳақида ўқир экансиз, беихтиёр кўнглингиздан “қанчалар тўғри” деган сўз ўтади.

0-7 ёш...

Она ва фарзанд ўртасида мисли кўрилмаган мустаҳкам алоқа шаклланган йиллар. Айни даврда олам горизонтал ҳолатда тушунилади. Она ҳиди, она сути, онанинг овози, онанинг илиқ тафти фарзанд ҳис этадиган илк туйғулар саналади. Бу давр онанинг иссиқ ҳимоясидан ташқи, совуқ оламга қадам билан якун топади.

7-14 ёш...

Ота ва фарзанд ўртасидаги алоқа йиллари. Олам вертикал тарзда намоён бўлади. Фарзанд ўзини шахс сифатида кўра бошлайди. Ота янги дунёнинг кашфиётида бевосита йўлбошчи, қатнашчи вазифасини бажаради. Ота намуна бўлади. Она суюкли эди, ота эса севимли бўлиши лозим бўлади.

14-21 ёш...

Жамиятга қарши бош кўтариш даври. Материяни ўрганиш, интеллектни эса тушуниш ҳолати кузатилади. Бу ўсмирликнинг “банкрот” даври дейиш ҳам мумкин. Мавжуд қонуниятларни йўқ қилиб, оламни ўзгартиришга интилиш истаги дунёга келади. Аввало у ўз оиласида ўзгартириш ишларини амалга оширишга ҳаракат қилади, кейин эса ҳаракат жамият томонга йўналади. Ҳиссиётни жумбушга келтирувчи ҳар қандай нарса ўсмирни ўзига ром этади. Бу баланд овоздаги мусиқа, романтик муносабатлар, мустақил бўлишга интилиш, бир неча йиллар аввал қўлланган қонуниятларга буткул, доимий равишда қарши чиқиш ва ниҳоят оиладан ташқарида бўлган дунёга чиқиш билан тугайди.

21-28 ёш...

Жамият орасига илк қадамларни ташлаш даври. “Бош кўтариш” давридан сўнг, тинчланган ва секин аста вояга етаётган инсон бир қатор омадсизликлардан сўнг, ўзидан олдинги авлодга нисбатан яхши бўлишга интила бошлайди. Ота-онасиникиданда қизиқроқ касб, ишни излаш, уларнинг танловлариданда тўғри танловни қилиш жараёни бошланади. Жуфт танлаб шахсий оилани қуришга  интила бошлаган инсон шу вақтдан эътиборан уни авайлаб оила деб аталмиш ҳимоя чизиғидан ташқарига чиқади.

Инсон умридаги иккинчи йирик давр бу унинг оила ҳимоясидан ташқарига чиқиш вақтидир. Ушбу жараён китобда қуйидагича тасвирланади...

28-35 ёш...

Оила, турмуш нима эканини тушуниш даври. Тўй, уй, машинадан сўнг фарзанд дунёга келади. Ҳаёт мазмуни оила ичида пайдо бўла бошлайди. Агар инсон ҳаётининг бундан аввалги 4 даври омадсиз ва бахтсиз ўтган бўлса, оила жарлик ёқасига келади ва охир-оқибати бузилади. Агар она билан фарзанд ўртасидаги муносабатлар рисоладагидек кечмаган бўлса, у ўз келинига азоб бера бошлайди. Ага бу ҳол ота билан юз берган бўлса, у янги оиланинг ички ишларига аралаша бошлайди. Агар жамиятга қарши кураш жараёни ўз ўрнида кечмаган бўлса, икки ёшнинг ўртасида келишмовчиликлар, жанжаллар келиб чиқиши эхтимоли жуда катта. 35 ёш – ҳаётнинг муҳим даврлари, керакли йўналишда ва ўз вақтида ўтмаган инсонлар учун “портлаш” йили бўлади. Бу эса ўз навбатида ажрашиш, ишдан ҳайдалиш, депрессия, руҳий касалликларни келтириб чиқаради. Шу сабабли инсон умрининг ҳар бир даври унинг ўзи учун ўта муҳим ва у ўз ўрнида, ўз қонуниятларига асосланган ҳолда ўтиши лозим.

35-42 ёш...

Ҳаммаси 0 дан бошланади. Ҳаёт сўқмоқларида йиқила-йиқила тажрибаси ортган инсон иккинчи оилани қуришга интилади. Бунда ота-она ва улғайиш билан боғлиқ муаммоларни кўздан кечириш керак бўлади. Айни даврда ажрашган эркаклар ва аёлларнинг ҳаётида жиддий бўлмаган муносабатлар – жазманлар пайдо бўлиши мумкин. Эндиликда ҳар икки жинс вакиллари ўзлари истаган нарсани оиладан эмас, қарама-қарши жинс вакилларидан излай бошлайдилар.

Ташқи олам билан муносабатларни ҳам кўриб чиқиш лозим. Эндиликда инсон бирор ишга жойлашишдан аввал унинг хавфсизлигини ўйламайди, энди у ишнинг қанчалар қизиқарли экани ва бошқа ишларни амалга ошириш учун қанча бўш вақт қолдириши мумкинлигига қараб танлайди.

Аслида оила қуришдаги биринчи уриниши муваффақиятсиз кечган инсонлар тезроқ иккинчи оилани барпо қилишга эҳтиёж сезишади. Бу фақат оила билан эмас, иш, дўстлар, ҳатто, мамлакат билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Янги уй, янги муносабатлар, янги иш топиш истаги туғилади. Агар орттирилган тажрибалар асосида хатолар тузатилган бўлса, унинг иккинчи оиласи, турмуши мустаҳкам ва барқарор бўлади. Биринчи урунишдаёқ омадга эришганларнинг кейинги босқичдаги орзуларига етиш жараёни давом этаверади.

Агар у аввалги хатоларини тушуниб етмаган бўлса, аввалгиси каби вайрон бўлишга махкум бўлган оилани қуради ва худди ўша эски ҳолатлар, жараёнлар яна такрорланади. Бу “доира атрофида югуриш” маъносини англатади. Хатоларни тушуниб етмаслик, уларни тадқиқ этмаслик оиладан бошқа жабҳаларда ҳам даҳшатли натижаларни келтириб чиқарада ва инсон умр бўйи ҳеч нарсани қуролмай, тушунолмай ўтади.

42-49 ёш...

Одамлар эътиборини жалб қилиш. Иккинчи босқич муваффақиятли ўтгач, инсон ҳаёт, турмуш, оила, иш кабилардаги мазмунни тушуниб етади. Бу шахс тараққиётининг ҳам қайсидир маънодаги чўққига эришиш нуқтаси бўла олади.

Бу ғалаба инсонни икки йўлга бошлайди. Агар инсон учун моддий жиҳатдан омадга эришгани муҳим бўлса, у ўзига қулайлик яратиш, мансабга эришиш, пулларини, фарзандларини, жазманларини кўпайтиришга ҳаракат қилади. Бир сўз билан айтганда, у ўзи барпо этган оилани бошқа нарсалар билан бойитади, тўлдиради.

Агар инсон яна бошқа жабҳаларни забт этиш, айнан руҳият билан боғлиқ юксакликларга эришиш истагида бўлса, у ҳолда у “ўзлигини англаш” йўлидан кетган бўлади. Аслини олганда бу давр ўзликни англашдаги тушкунликлар билан тугайди. Инсонда “Дунёга нега келдим, нима учун яшаяпман, ҳаётим моддий жиҳатдан ташқари маънога эга бўлиши учун нима қилишим керак?”, – деган саволлар пайдо бўлади.

 49-56 ёш...

Руҳий уруш йиллари. Бу давргача инсон оиласи, иши ва мақсадларида бирор натижага эришган бўлса, эндиликда у ҳаётнинг асл маъносини тушуниш истагини туяди. Эндиликда руҳ ва ақлнинг бош кўтариши кузатилади.
Руҳий жиҳатдан тўкисликка эришиш истаги ҳар қанча кучли бўлмасин, инсон охирига қадар руҳий етукликка ета олмайди. Бу унинг умрининг сўнгги йилларини ҳам “тортиб” олади.
Умида Якубова

Теглар:яшаяпман Дунё 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Armon
09:33 07.07.2016

Juda ham orinli


Umid
09:57 13.04.2016

35 yoshdan keyingi tasvirlangan hayot sharq uchun anánaga kirmagan hali.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!