...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунё бўйича юзлаб машҳурлар саратон касаллигига чалинган


18:24, 04.02.2016 Олам
 7 929

Ушбу касалликка чалинган ва уни енгган инсонлар минглаб топилади. Улар орасида машҳур юлдузлар ҳам бор.

Бугун Халқаро саратон касаллигига қарши кураш куни. 2016 йили ушбу кун “Бизнинг қўлимиздан келади. Мен буни қила оламан!” шиори остида ўтмоқда. Шиор ўз-ўзидан ушбу касаллик ташхиси қўйилган инсонлар иродасини мустаҳкам қилиш ва ҳаёт учун курашиш кераклигини яна бир бор уқтириш мақсадида танланган бўлса ажаб эмас.

Саратон касаллигига чалинган ҳар қандай инсон у оддий фуқароми, машҳур юлдузми тушкунликка тушиши табиий. Ҳаётга қизиқиш йўқолади, яшашдан мақсад қолмайди, бошқача қилиб айтганда, инсон умрининг ҳар бир кунини санаб ҳаёт кечира бошлайди. Афсуски, саратон касаллигига даво топилмаган. Уни енгиш йўлида дунёнинг кўзга кўринган шифокорлари, олимлар тажриба олиб боришмоқда.

Ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам юз берадики, ушбу касаллик ўз-ўзидан чекинади. Қандай қилиб, деган саволга машҳурлар орасидан жавоб излаб кўрдик. Чунки оддий фуқаро ўзининг касаллик тарихини улар каби барча билан бўлиша олиш имкониятига эга эмас.

Сиз-у биз билган машҳур юлдузлар орасида саратон касаллиги ташхиси қўйилган минглаб инсонлар бор. Уларнинг аксарияти ана шу касаллик туфайли бу ёруғ оламни тарк этган. Соғайиб яна ижодга қайтганлари ҳам талайгина.
Хью Жекман


Голливуд юлдузи “Х одамлар” фильми орқали бизга яхши таниш бўлган актёр Хью Жекманга нақд 4 марта тери саратони касаллиги ташхиси қўйилган. У ўз мухлисларига мурожаат қилар экан, қуёшда камроқ юриш, терида пайдо бўладиган ҳар қандай яра ва бегона доғларни эътиборсиз қолдирмасдан шифокорга мурожаат қилиш лозимлиги ҳақида огоҳ этган.

Анжелина Жоли


Актриса Анжелина Жоли ҳам саратон касаллигига қарши курашган ва уни енгган машҳурлардан бири. Унинг онаси ва холаси кўкрак саратони касаллигидан вафот этишган. Шифокорлар Жолида ҳам шу касаллик аломатлари борлигини айтганларидан сўнг, унинг ҳар икки кўкраги жарроҳлик йўли билан олиб ташланди.
 
Синтия Никсон


Актриса Синтия Никсон ҳам кўкрак саратонига қарши курашда ғолиб бўлган. 2002 йили қўйилган ташхисдан сўнг у узоқ вақт даволанган. Орадан кўп ўтмай у Вивиан Биринг исмли саратонга чалинган аёл образини гавдалантирди ва ушбу роль учун сочини бутунлай олдириб ташлаган.

Шэрон Осборн


2002 йилнинг июль ойида машҳур қўшиқчи Оззи Осборннинг рафиқаси Шэрон Осборнда ҳам саратон касаллиги борлиги аниқланган. Саратон лимфа тугунларига ҳам тарқагани ва ҳаётига катта хавф солгани ҳақида телебошловчи Шэрон Осборннинг ўзи айтиб берган эди. Ўшанда унга бундай ташхис билан яшаб кетиш 40 фоиздан ҳам кам эканини айтишганди. 2012 йилнинг ноябрида жарроҳлик йўли билан Шэрон Осборннинг ҳар икки кўкраги олиб ташланди. Шундан сўнг у яна даволанди ва айни дамда ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда.
 
Кэти Бейтс


Бу актрисага 2003 йили бирваракайига икки жойда, тухумдон ва кўкрак саратони ташхиси қўйилганди. Узоқ йиллар давомида даволанганидан сўнг, 2013 йили у ҳам мастэктомия (1 ёки 2 кўкракнинг жарроҳлик йўли билан олиб ташланиши)га рози бўлган.
 
Анастейша


2003 йили Анастейша кўкракни кичиклаштириш мақсадида амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўриш мақсадида бир қатор таҳлил анализларини топширади. Маммография ташхиси унда сут безлари саратони борлигини кўрсатади. Кимёвий терапиядан сўнг касаллик ортга чекинади. Аммо даволаниш вақтида хонанда анча озади ва энг ёмони овозини йўқотади. Орадан 9 йил ўтиб, касаллик яна “қайтади” ва уни деб Анастейша  “It’s A Man World Tour” Европа турини қолдиришига тўғри келади. Мастэктомиядан сўнг у яна ҳаётга қайтади.
 
Кайли Миноуг


2005 йили хонанда Кайли Миноугга ҳас кўкрак саратони ташхиси қўйилади. 2006 йилнинг бошида у кимёвий терапия курсини ўтайди ва оёққа туради.
 
Лэнс Армстронг


Дунёнинг машҳур велопойгачиси,  Tour de France велопойгаларида 7 марта ғолиб бўлган спортчи Лэнс Армстронгга 1996 йили урология билан боғлиқ саратон касаллиги ташхисини қўйишади. Ўшанда у жиддий, беморнинг яшаб кетишига деярли умид берилмайдиган жарроҳлик амалиётига розилик билдиради ва касалликни енгади. Кейинчалик у “Лэнс Армстронг фонди”ни тузади ва у орқали саратон касаллигига чалинган инсонларга кўмаклаша бошлайди. 
 
Роберт Де Ниро


Актёр Роберт Де Нирога 2003 йили простата безлари саратони касаллиги ташхиси қўйилади. Касаллик бошланғич даврда бўлгани сабабли кимёвий терапиядан сўнг у батамом тузалиб кетади.
 
Род Стюарт


Британиялик хонанда Род Стюартга 2000 йили қалқонсимон без саратони касаллиги ташхиси қўйилгач, у ҳам кимёвий терапия даво муолажасини ўтайди ва тузалиб кетади.
 
Майкл Дуглас


Актёр Майкл Дугласга ҳиқилдоқ саратони ташхиси қўйилган ва бир неча ой даволанганидан сўнг у ҳам касалликни енга олган.

Майкл Холл


“Декстер” серили юлдузи Майкл Холл ҳам бир вақтлар саратонга чалинган. У тери саратони билан курашган ва бир неча ойлик кимёвий терапиядан кейин тузалиб кетган.
 
Лайма Вайкуле


Россия ва Латвия хонандаси Лайма Вайкулега АҚШлик шифокорлар 1991 йил кўкрак саратони ташхисини қўйишади ва “яшаб кетишига умид йўқ” деб айтишади. Аммо мустаҳкам ирода билан касалликка қарши курашган хонанда бутунлай соғайиб кетади.
 
Владимир Познер


Россиялик машҳур тележурналист Владимир Познер 1993 йил саратон касаллигига чалинганидан хабар топади. Касаллик бошланғич даврда бўлгани сабабли ҳам уни даволаш ишлари бошланади ва шифокорлар хавфли ўсимтани олиб ташлашади.
“Касалликни енгишимга ишонмагандим. Чунки мени куч, ирода тарк этган маҳаллар ҳам бўлди. Аммо яқинларим, оилам, дўстларимнинг менга берган кучлари, меҳлари мени ҳаётга қайтарди. Мен ўзимда курашга куч топа олдим”, – дейди Познер.
 
Иосиф Кобзон


Россиялик хонанда Иосиф Кобзон 2005 йили Германияда хавфли ўсимтани олдириш бўйича жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб қайтади. Аммо операциядан сўнг иммунитет сустлиги, тери ва ўпка соҳасида шамоллашлар каби бир қатор бошқа муаммолар келиб чиқади. 2009 йили у қайта операция қилинади. У ҳозиргача даво муолажаларини давом эттирмоқда.
 
Дастин Хоффман


Голливудда бетакрор образлари билан ном қозонган ушбу актёр ҳам саратонга чалинган ва даво чораларидан сўнг соғайиб кетган.

Саратон касаллигига чалинган ва унга қарши даволанишда ирода, матонат билан курашган инсонлар жуда ҳам кўп. Уларнинг аксарияти саломатликка, организмда бўладиган ғайриоддий ўзгаришларга беэътибор бўлмасликни таъкидлашади. Улар ана шу ўзгаришларга вақтида эътибор қаратганлари учун ҳам касалликни енга олишган.
Умида Якубова

Теглар:Саратон Хью Жекман Анжелина Жоли Синтия Никсон Шэрон Осборн Кэти Бейтс Анастейша Кайли Миноуг Лэнс Армстронг Роберт Де Ниро Род Стюарт Майкл Дуглас Майкл Холл Лайма Вайкуле Владимир Познер Иосиф Кобзон Дастин Хоффман 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!