ЎФФ структурасида футболдаги коррупциянинг олдини олиш учун маъсул бўлган махсус бўлинма, шунингдек, келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича бўлим ва янги қўмита иш бошлайди.
Федерация президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи 2018–2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш асносида футболни кўтариб турадиган тўртта асосий устун, яъни 4 та амалиёт тамойилига эътиборни кучайтирган.
Ўзбекистон футбол федерациясининг 12 сентябрь куни бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциясида ташкилотга янги президент этиб сайланган Умид Аҳмаджонов мамлакат футболини биргаликда кўтаришига умид билдирганди.
“...Ишончингиз учун миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа, кейинги халқаро мусобақаларда ва Олимпия ўйинларида биргаликда, маслаҳатлашган ҳолда, ўзбек футболини кўтаришга ваъда бераман! Бундан буён Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ва халқимизни хурсанд қилиб, футболимизни биргаликда кўтарамиз деган умиддаман”.
ЎФФ президентининг нутқида футболни ривожлантириш амалиётининг 4 та устунини кўриш мумкин.
Биринчи устун — бу мусобақалар бўлиб, ЎФФ байроғи остидаги мусобақалар ўтказилиши савиясини ОФК стандартлари ҳолатига олиб келиш, терма жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини янги босқичга олиб чиқиш бирламчи вазифа қилиб қўйилади.
Иккинчи устун — техникавий ривожлантириш масалалар бўлиб, унга болалар ва ўсмирлар, оммавий футбол, аёллар футболи, футзал ва пляж футболини ривожлантириш, мураббийларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар киради.
Учинчи устун — ПФЛ ва ҳудудий федерациялар фаолиятини кучайтириш бўлиб, унда асосий эътибор футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ва биринчилиги мусобақаларини ўтказиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ЎФФнинг аъзолари ҳисобланган 14 та ҳудудий федерациянинг мамлакат футболини ривожлантиришдаги роли ва даҳлдорлигини оширишга қаратилади.
Тўртинчи устун — халқаро муносабатлар бўлиб, бу жабҳада асосан ФИФА, ОФК, УЕФА ва бошқа конфедерациялар, ҳудудий федерациялар, миллий федерациялар билан ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини кучайтириш, муваффақиятли синовдан ўтган халқаро тажрибаларни ўзлаштириш масалаларига эътибор қаратилади.
Федерациянинг янги раҳбарияти ушбу 4 устунга элтадиган зинапоялардаги бошқа соҳаларни ҳам такомиллаштириш йўлидан боради. Бу ҳакамлар, жамоатчилик билан алоқалар, молия, юридик ва хизмат кўрсатиш масалалари каби узвий боғлиқ соҳалардир.
Бугунги кундаги устувор масалалар
Федерациянинг янги раҳбарияти олдида зудлик билан ҳал қилинадиган 5 та устувор масала бор.
Биринчиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийини тайинлашдир. Айни пайтда янги раҳбарият миллий терма жамоага бош мураббий тайинлашда фақат хорижлик мураббийлар номзодини кўриб чиқаётганлигини маълум қиламиз.
Иккинчиси, келишилган ўйинларга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишдир. ЎФФ структурасида футболдаги коррупциянинг олдини олиш учун маъсул бўлган махсус бўлинма, шунингдек, келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича бўлим ва янги қўмита иш бошлайди. Бу бўлинма ва қўмита фаолиятини ЎФФ президенти шахсан назорат остига олади.
Учинчиси, болалар ва ўсмирлар футболини қинғирликлардан тозалаш бўлиб, ёшларнинг футбол мактаблари ва клубларига жойлашишида, шунингдек, машғулотлар жараёнида маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчиликка йўл қўйилмаслиги ва спорт принципларининг бирламчи бўлишини таъминлашга қаратилади.
Бундан ташқари, футболчиларнинг ёшларини сохталаштириш каби иллатга қарши курашиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар белгилаб олинади.
Федерациянинг “Ҳар бир болага биттадан тўп” номли янги ривожлантириш дастури ишга туширилади.
Тўртинчиси, федерация ишининг шаффофлигини таъминлаш ва шу орқали фуқароларнинг федерацияга ишончини ортишига эришишдир.
Аксарият мурожаатларда федерация халқнинг маблағини суистеъмол қилганликда айбланади. Фуқароларда пайдо бўлган нотўғри тасаввурни йўқотиш учун федерация молиялаштириш учун маблағни қаердан олиб, қаерга сарфлашини шаффофлаштиришни таъминлайди.
Бешинчиси, терма жамоалар, чемпионат, кубок ва биринчилик ўйинларига электрон чипталар савдосини йўлга қўйиш орқали ишқибозлар чипталарни ўз нархида ва тенг тақсимлаш тизимини йўлга қўйишдир.
Бу билан чипталар савдосига чайқовчиларнинг таъсирини камайтириш, ҳудудлардаги ишқибозларнинг ўз уйларидан туриб ўйинларга чипта сотиб олишини таъминлаш каби қулайликларни яратиш асосий мақсад қилиб олинган.
ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ушбу ҳафтада ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашади.
Кейинги ҳафтада эса ЎФФда амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлар юзасидан футбол жамоатчилигига ахборот берилади.
Таҳририятимиз спорт мухлислари номидан ЎФФнинг янги фаолиятига омад тилайди!
Ишонамизки, юқорида келтирилган устунлар мўрт бўлган таянч устунлари бўлиб чиқмайди ва қурилажак янги марралар “ерга қуламайди”, 5 та асосий масалалар ўз ечимини топади...
Аниқроғи, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини ҳам федерация маъмурияти, ҳам футбол мухлислари аниқ натижалар ифодасида кўриш насиб қилади.