Ушбу тадбирлар ўтказиладиган вақтда чет эл фуқароларини миграцион ҳисобга (рўйхатга) олиш тартиби ўзгартирилади.
Фармонга кўра, Россиянинг тўртта шаҳри – Москва, Санкт-Петербург, Сочи ва Қозонда 2017 йилнинг 1 июнидан 12 июлигача, шунингдек, 2018 йилнинг 25 майидан 25 июлигача Москва, Санкт-Петербург, Волгоград, Екатеринбург, Қозон, Калининград, Нижний Новгород, Ростов-на-Дону, Самара, Саранск ва Сочида чет эл фуқароларини миграцион ҳисобга қўйиш муддати Россияга келган кунидан бошлаб бир суткагача қисқартирилди.
“Вақтинчалик бўлиб туриш (вақтинчалик ёки доимий яшаш) учун келган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни бўлиб туриш жойида ҳисобга қўйиш ёки яшаш жойида рўйхатга олиш уларнинг бўлиб туриш жойига ёки яшаш жойига етиб келган кунидан бошлаб бир сутка ичида Россия Федерацияси қонунчилигида кўзда тутилган ҳужжатларни қабул қилувчи томон ёки бевосита чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилгач, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳудудий органи томинидан амалга оширилади”, деб ёзилган ҳужжатда.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мазкур ўзгаришларни, албатта, ҳисобга олишлари шарт. Зеро, ўз вақтида миграцион ҳисобга қўймаслик маъмурий тартибларни бузганлик деб баҳоланиши ва кейинчалик Россия ҳудудига киришга чеклов қўйилишига олиб келиши мумкин.