Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Зинеддин Зидан кетма-кет уч марта ЕЧЛ чўққисига кўтарилди. Аммо...
Бекорга айрим мухлислар, шунингдек футбол журналистлари ҳам Зиданнинг ушбу қароридан мутаассир бўлишгани йўқ. Чунки қарор ҳақиқатдан ҳам ноодатий ва кутилмаган эди. Бу сифатлар қаторига “мантиқсиз” деганини ҳам қўшган бўлардик. Шу боис, буни ёқлаб, мутахассисни кўкларга кўтариб, унинг фаолиятига ҳар хил метфоралар билан ўта ижобий бўёқ беришга уринаётганларни тушунмаймиз очиғи. Бу тахлит фикрларга ё самимият, ёки оддийгина таҳлил етишмайди.
Ҳар қандай мураббий фаолиятига ўлчов бўлувчи мезонлар кўп эмас: натижалар, жамоавий руҳ, тактик топилмалар ва умумий ўсиш. Таниқли журналист тўғри урғу берганидек, улар орасида энг муҳими натижавийлик. Шунинг учун ҳам майли, мураббий фаолиятини айнан шу жиҳат эътиборидан таҳлил қиламиз. Ва ёддан чиқармаймиз-ки, биз қанқадир жамоа эмас, “Реал Мадрид” мураббийи тўғрисида гаплашяпмиз. Бу ерда натижавийлик борасида қўшимча мезонлар ҳам майдонга чиқади.
Кўрсаткичлар Зидан фойдасига:
Халқаро турнирлар: Европа чемпионлар лигаси, УЕФА супер-кубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати Зидан мураббийлиги остида “Реал” юқоридаги совринларнинг барчасига эгалик қилди: натижа 100 фоиз!
Лекин ҳатто “Реал” яққол устун бўлган ушбу турнирлар борасида ҳам Зиданнинг “буюклигига” соя солиб турган омиллар талайгина.
Аввало, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати тўлалигича Европанинг мулки эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Кўҳна қитъа вакиллари 2006 йилдан буён 11 мавсум мобайнида финални бор йўғи 1 марта бой беришганини ҳисобга олсак, масала янада ойдинлашади. Бу факт эришилган ютуқ салмоғини сезиларли камайтиради.
Энди чемпионлар лигасида эришилган муваффақият тўғрисида. Олдинги мавсумларни қўя турайлик. Аслида ўтган йил ҳам Зидан жамоасининг бу турнирда у қадар ёрқин, мақтангулик ўйинига гувоҳ бўлмаганмиз. Ҳеч кимнинг ёдидан ўчиб улгурмаган 2017/2018 мавсумига тўхталмоқчимиз.
Гуруҳ босқичидаёқ “Тоттенхем”дан қабул қилиб олинган мағлубият жамоада қандай муаммолар борлигини кўрсатиб берди. Амал-тақал қилиб гуруҳдан чиққан “Реал Мадрид” финал сари ғурурланишга арзимас йўлни босиб ўтди. Аввал воқеаларнинг антиқа ривожи ўлароқ, “ПСЖ” мағлуб этилди. Ҳал қилувчи иккинчи учрашувда “ПСЖ” Неймарсиз ўйин ўтказишга мажбур бўлгани етмай, иккинчи таймнинг катта қисмини озчилик бўлиб ўтказишга мажбур бўлди.
66-дақиқа – иккинчи тайм экватори. Марко Вератти “қизил” карточка билан сийланди. Ушбу карточка футбол жамоатчилигида узоқ муҳокамаларга сабаб бўлди.
Кейинги бекат – “Ювентус”. Бу сафар “Реал” рақиби биринчи ўйиндаёқ камчилик бўлиб ўйнашга маҳкум этилди. Яна ўша сирли 66-дақиқа. Пауло Дибала жавоб учрашувида ҳам иштирок эта олмайдиган бўлиб, майдонни тарк этди. Жавоб учрашувида ўйин асосий вақти якунланиб бораркан, ҳакамлар яна катта саҳнага чиқдилар. “Ювентус” қўшимча дақиқаларга ўтиш имкониятидан маҳрум этилди. Тирик афсона – Буффонга эса “қизил” берилди.
Навбат “Бавария”га. Икки учрашувда ҳам ўйин тақдири асосий вақтда ҳал бўлмагач, қўшимча вақтларга ўтилади. Аммо, бу сафар ҳам ҳал қилувчи паллаларда “Реал” рақиби бир киши кам бўлиб ўйнашга мажбур бўлади. 84-дақиқада Артуро Видаль ўйиндан четлатилди. Оқибат – Зидан жамоаси финалда.
Учрашувлар тақдирига таъсир ўтказган омилларнинг энг кўзга кўринарлилари тўғрисида тўхталяпмиз холос. Айбни фақат ҳакамларга ағдармаган ҳолда, омад ва тасодифлар ҳам “Реал Мадрид”га ёрдам қўлини чўзганини таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Финалдаги воқеалар ривожини эслатиб ўтириш фақат футболдан ўта йироқ мухлислар учун керак бўлиши мумкин. “Ливерпуль” устуни – Муҳаммад Салоҳ 29-дақиқадаёқ кўз ёшлар билан майдонни тарк этганини ҳали ҳеч ким унутганича йўқ. Кариуснинг “фокус”лари эса ҳали ҳамон интернетни “портлатмоқда”. “Ливерпуль” ўзининг оптимал ҳолатида, яъни дастлабки 20-25 дақиқада“Реал”ни қандай аҳволгасолганини ҳамма кўрди.
Кўрсаткичлар Зидан зарарига:
Ғалабалар кўрсаткичи
Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағлубият | % |
149 | 104 | 29 | 16 | 69.80 |
Юқорида Зидан севимли жамоасида эришган натижа кўрсатиб ўтилди.
Энди таққослаш учун айрим собиқ “Реал Мадрид” мураббийларининг қайд этган натижаларига эътибор қаратамиз:
Карло Анчелотти:
Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағлубият | % |
119 | 89 | 14 | 16 | 74.78 |
Жозе Моуриньо:
Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағлубият | % |
178 | 128 | 28 | 22 | 71,91 |
Ҳатто, кўпчилик томонидан буткул муваффақиятсизлик сифатида баҳоланадиган Рафаэль Бенитеснинг кўрсаткичи ҳам 68 фоизни ташкил қилади. Яъни “омадсиз” Рафа “қирол” Зидандан унчалар орқада эмас.
“Реал”нинг ашаддий рақиби “Барселона” эканини инобатга олсак, бу кўрсаткич ҳам жуда муҳимлиги сезилади. Испания ички чемпионати доирасида Зидан мураббийлиги остидаги “Реал” “Барселона”га қарши 5 та ўйин ўтказди: 1 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият, тўплар нисбати: 7-10.
Испания суперкубогидаги ўтган мавсумдаги ҳар икки учрашувда “Реал” жамоасинингқўли баланд келди. Аммо “Барселона”га қарши охирги кўрсаткичлар Зиданнинг фойдасига эмас. Ўтган йил сўнггидаги 0:3 ҳисобидаги қақшатқич мағлубият ва жорий йилнинг майидаги бутун иккинчи бўлим давомида 10 киши бўлиб ҳаракат қилган “Барселона”га қарши шармандали дуранг фикримизга яққол мисол.
Зайниддин Зидан келганидан бери Испания чемпионатида 1 марта ғолиб чиқди, 2 бора бой берди. У “Реал”ни бошқарган барча мавсумларда “Барселона” Испания кубоги соҳибига айланди. Испания суперкубогида ҳам аҳвол деярли ачинарли: 3 имкониятдан атиги 1 натижа. “Реал” ички турнирларнинг бирортасида ғалаба қозона олгани йўқ.
Кўриниб турибдики, “Реал” ички чемпионат форматидаги узоқ давом этувчи турнирларда яққол муаммога эга ва Зидан ҳануз ушбу муаммога ечим топиб бера олгани йўқ.
Эътиборли жиҳати, мавсумда мутлақ тенгсизликни тасдиқловчи “требл”ни “Реал” қайд эта олмаяпти. Бу кўрсаткич “Барселона”да охирги 10 йилликда 2 марта. Шундай қилиб, кўпчиликни чалғитаётган чемпионлар лигасининг уч бор ғолиблиги алдамчи иллюзия, аслида. “Реал Мадрид” (жамоа мавқеига муносиб ўлчовлар нуқтаи назаридан) муаммолар гирдобида қолмоқда.
Жамоадаги ички вазият алоҳида мавзу. Роналду, Бейл ва Бенземалар билан боғлиқ муаммолар ҳаммага маълум. Роналду “кетаман” деб хархаша қилса, Бейл жамоадаги ўз ўрнидан норози, Зидан эса ҳамманинг ғашига тегиб фақат Бенземани майдонга тушираверса, қандай жамоавий жипслик ҳақида гап бўлиши мумкин?
Аслида, Зидан ортида мислсиз муваффақият эмас, олдида қийин вазифалар турган эди. Жамоани ўзаро келиштириб, тактика ва индивидуал ўсиш устида ишлаб, ҳеч кимда шубҳа қолдирмайдиган ЧЛ ғалабалари, ички чемпионатдаги ғалабали натижалар сари етаклаши керак эмасмиди? У нега кетди? Нима ўз имкониятларига ишонмадими?