Шоуни Озодбек Назарбековнинг “Жон, Ўзбекистон” қўшиғи очиб берди, фақат хонанданинг ўзи йўқ.
Унда 8 нафар ўзбекистонлик жангчилар Сингапур, Афғонистон, Россия, Ҳиндистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Кипр мамлакатларининг жангчилари билан куч синашиши маълум қилинган.
Тадбирга машҳур актёр ва жанг санъати устаси Жан-Клод Ван Дамм, ММА жангчилари Жефф Монсон ва россиялик Фёдор Емельяненко каби жаҳон юлдузлари фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган эди, бироқ Жан-Клод Ван Дамм саломатлигида муаммолар юзага келгани учун унинг Тошкентга ташрифи бекор қилиндм. Унинг ўрнига америкалик киноактёр ва жанг санъати устаси Стивен Сигал ташриф буюрди.
8 сентябрь куни Стивен Сигал Тошкентнинг турли жойларида бўлди.
Бугун, 9 сентябрь куни соат 18:00 да “Бунёдкор” стадионида турнир бошланди.
Стадиондан мухбиримиз махсус репортаж тайёрлаб, мухлисларга ҳавола этиш ниятида.
Демак бошладик!
Стадион ўртасига ринг ўрнатилган, атрофида, ҳакамларга бўлса керак, уч томондан стуллар териб чиқилган. Тўртинчи томон узун йўлакли подиум.
Ўт ўчириш ва тез тиббий ёрдам хизматлари шай... Ички ишлар ходимлари стадион ташқарисида “ўта банд” бўлса, ичкарида бироз “эркинроқ”.
Спорт-шоусига йўл олган мухлисларнинг биринчи таассуроти – “Бунёдкор” стадиони чорраҳаси ва унинг атрофидаги автомобиллар тирбандлигидан бошланади.
Автотураргоҳларда жой йўқ ҳисоби, ЙПХ ходимлари лозим бўлмаган жойларга қўйиб кетилган автоуловлар билан оввора...
Стадионнинг кириш қанотларида иккинчи — томошабинлар “тирбандлиги”ни гувоҳи бўласиз... Бир амаллаб ичкарига киргач, ташқаридаги “ваҳима” бирдан йўққа чиқади!
Биринчиси, мўлжалдаги жойларга чипталар тўлиқ сотилмагани учун стадион ўриндиқлари жойлашган тепа қаватлар ёпиқ.
Сабаби, чипта олган ва етиб келолган мухлислар пастки қаторларни тўлдириши кутилмоқда. Чиптада ёзилган жой ўринларига қараб жойлашиш йўқ, мухлислар исталган жойларини танлаб ўрнашмокда.
Ниҳоят чироқлар ёқилиб, Озодбек Назарбековнинг “Жон, Ўзбекистон” кўшиғи хонанданинг ўзисиз янграй бошлади.
Доирачи йигитларнинг бадиий чиқишидан сўнг икки нафар бошловчилар тадбирни очиқ деб эълон қилишди. Улар турнирда иштирок этадиган спортчиларни таништириб ўтди.
Бошловчилар рус ва ўзбек тилларида ҳакамлар билан таништирмокда.
Стадионнинг ринг қаршисидаги тепа қаватлар ҳам очилди. Подиумнинг икки қанотидаги алоҳида жойлар ҳам тўлди. Дастлабки жанг эълон қилинди.
Турнир тафсилотларини бизда кузатинг.