...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бугун Македонияда супертўқнашув, ўтказиб юборманг!


18:44, 08.08.2017 Спорт
 3 203

“Реал” – “Манчестер Юнайтед” учрашуви Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади.

Бугун, 8 август куни Македония пойтахти - Скопьедаги “Филипп II Македонский” стадионида Европа Суперкубоги-2017 финал учрашуви бўлиб ўтади.
 
Финалда Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби “Реал” Европа Лигасида зафар қучган “Манчестер Юнайтед”га қарши майдонга тушади.
 
“Реал” ўзи иштирок этган мусобақанинг финалида Италиянинг "Ювентус" жамоаси 4:1 ҳисобида мағлуб этганди. “Манчестер Юнайтед” эса Европа Лигаси финалида “Аякс” клубини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган.
 
Учрашув Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади. Лекин сиз мазкур баҳс транслятциясини соат 23:00 дан бошлаб “Uzreport TV” телеканали орқали кузатиб боришингиз мумкин.
 
“Реал” ва “Манчестер Юнайтед” аввал ҳам Еврокубокларда тўқнаш келишган.
 
Қуйида ушрашувлар тарихи билан танишишингиз мумкин:
 
2012/13 ЕЧЛ 1/16
“Реал” 1-1 “Манчестер Юнайтед”
“Манчестер Юнайтед” 1-2 “Реал”
 
2002/03 ЕЧЛ чорак финал
“Реал” 3-1 “Манчестер Юнайтед”
“Манчестер Юнайтед” 4-3 “Реал”
 
1999/2000 ЕЧЛ чорак финал
“Реал” 0-0 “Манчестер Юнайтед”
“Манчестер Юнайтед” 2-3 “Реал”
 
1967/68 Кубок эгалари кубоги, ярим финал
“Манчестер Юнайтед” 1-0 “Реал”
“Реал” 3-3 “Манчестер Юнайтед”
1956/57 Кубок эгалари кубоги, ярим финал
“Реал” 3-1 “Манчестер Юнайтед”
“Манчестер Юнайтед” 2-2 “Реал”

Шунингдек, қизиқарли  финал олдидан УЕФА Суперкубоги қандай ташкил этилгани ҳақида бироз маълумот бериб ўтамиз.
 
Ҳозиргача 24 та жамоа қитъа суперкубоги соҳибига айланган. Бу борада совринни 5 мартадан қўлга киритган “Милан” ҳамда “Барселона” клублари рекордчи ҳисобланишади.
 
Суперкубок ўйини 1972 йили йўлга қўйилган. 2 та турнир ғолиби ўртасида алоҳида соврин учун ўйин ўтказиш ғояси Голландиянинг De Telegraaf газетаси мухбири Антон Виткампга тегишли.
 
Виткамп кейинчалик газетанинг спорт бўлими муҳаррири сифатида ишлаган. Ўша пайт Голландия футболи савияси баланд эди ва Виткамп мамлакат клублари кучини Европа миқёсида аниқлашни мақсад қилганди. Хусусан, “Аякс” клубининг етакчиси Йохан Кройффнинг қитъада ўзгача порлашини кўрмоқчи бўлган.
 
Ўша давр “Фейеноорд” ва “Аякс” жамоалари Европа Чемпионлар кубоги финалига 4 марта чиқиб, улардан 3 тасида нуфузли совринни қўлга киритишганди. Хуллас, илк суперкубок ўйинларида ЕЧК ва Кубок эгалари кубоги ғолиблари ўзаро ҳисоб-китоб қилишган.
 
Биринчи суперкубок ўйини 1972 йили De Telegraaf ҳомийлиги остида ўтказилган. Бироқ УЕФА уни тан олмайди. Чунки Кубок эгалари кубоги соҳиби – “Рейнжерс” мухлислари хатти-ҳаракати туфайли ташкилот томонидан дисквалификация қилинганди. Аммо 100 йиллик юбилейини нишонлаётган Шотландия клуби “Аякс” билан ўйнашга рози бўлади ва икки ўйин натижасига кўра, 6:3 ҳисобида ютқазади.
 
1973 йили суперкубок ўйини расмий мақомга эга бўлди ва “Милан” Чемпионлар кубогида яна ғалаба қозонган “Аякс” билан тўқнаш келди. Лекин бу ҳақда расман хабар берилмади. Биринчи ўйинда 1:0 ҳисобида зафар қучган “Милан” жавоб учрашувида жавобсиз 6 та гол қўйиб юборади.
 
1974 йил “Бавария” ва “Магдебург” вакиллари ўйин вақти масаласида келишолмадилар ва суперкубок эгасиз қолди.
 
1975 йилдан эътиборан ўйин маълум вақт барқарорлик касб этди. Бироқ мавсум-1981га келиб, “Ливерпуль” ва Тбилисининг “Динамо” жамоаси ҳам ўйин муддати бўйича келишолмай, учрашувни барбод қилди. 1984 йили эса тақвим тиғизлиги сабаб, Суперкубок тақдирига Туриндаги ягона ўйин орқали ойдинлик киритилди. Яъни “Ливерпуль” клуби “Ювентус” майдонига сафар қилди.
 
1985 йил “Эйзель” воқеасидан сўнг Англия клублари еврокубоклардан 5 йилга четлатилди. Натижада ЕЧК ғолиби – “Ювентус”га рақиб топилмади. Чунки Кубок эгалари кубогини Ливерпуль шаҳринининг яна бир клуби “Эвертон” ўзиники қилишга улгурганди. 
 
1986 йил “Динамо” (Киев) ва “Стяуа” клублари вакиллари сира келишолмадилар. Натижада Суперкубок баҳсини бетараф майдонда ташкиллашга тўғри келди - бунинг учун Монакодаги “Луи II” стадиони танланди.
 
1991 йил “Манчестер Юнайтед” ва “Црвена Звезда” ўртасидаги жавоб баҳси Белграддаги сиёсий нотинчлик туфайли бекор қилинди.
 
1993 йил ЧЛнинг биринчи соҳиби “Марсель” коррупцион можаро туфайли халқаро учрашувлардан четлаштирилди. Жумладан, Суперкубок баҳсидан ҳам. Натижада Кубок эгалари кубоги соҳиби “Парма” суперкубок учун ЧЛ финалчиси “Милан”га қарши майдонга тушди.
 
1998 йил УЕФА суперкубок учрашувини доимий равишда нейтрал стадионда ўтказишга қарор қилди. Шу тариқа “Луи II” суперкубок баҳсининг узоқ йиллик мезбонига айланди.
 
1999 йил Кубок эгалари кубоги бекор қилингач, суперкубок учун ЧЛ ва УЕФА кубоги соҳиблари курашадиган бўлишди.
 
Ҳозирги суперкубок 2006 йил илк бора “Севилья” жамоасига берилган. Бунга қадар соврин еврокубоклар орасида энг кичиги ҳисобланарди. Яъни аввалги кубок узунлиги 42,5 сантиметр ва вазни атиги 5 килограммга тенг эди.
 
Таққослаш учун айтсак, ЧЛ кубоги 8 килограмм бўлса, ЕЛ бош соврини янада оғир - 15 кг. Замонавий суперкубокка келсак, унинг “гавда”си чакки эмас - 58 сантиметр ва 12,2 килограмм.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Реал Манчестер Юнайтед УЕФА Суперкубоги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!