Семинарда алоҳида қайд этилганидек, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистондаги ислом цивилизицияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда экспертлар, мамлакатимиздаги дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва журналистлар қатнашди.
Семинарда алоҳида қайд этилганидек, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзбекистлонда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.
Семинарда Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Анжуман иштирокчиларидан бири — Тошкент ва Ўзбекистон Епархияси раҳбари, митрополит Викентийнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан биз тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқдамиз. Мамлакатда турли миллат ва элатлар, диний конфессия вакилларининг яратувчанлик кайфиятида яшаши учун барча шароитлар яратилган”.
“Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир. Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити таъминланган”, дейди Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи Еже Мацулевич.
Илмий-амалий семинарда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 140 га яқин миллий-маданий марказлар фаолияти, уларнинг ўз она тили, миллати тарихи, қадриятлари ва маданиятини ўрганиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлар тўғрисида келажак авлод эгалари – ёшларга маълумот берилди.
Анжуман доирасида диний ташкилотлар, миллий-маданий марказлар томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини ўзида акс эттирган видеолавҳалар, босма нашрлар, суратлар, турли халқларнинг амалий санъати дурдоналари кўргазмаси ташкил этилди.