...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бу мақола Президентга навбатдаги мақтов эмас!


15:47, 30.03.2018 Жамият
 8 886

Демангки, бу мақола Президентга навбатдаги мақтов, “муҳтарамчилик”нинг янги услуби.

Президентнинг ташрифлари кутилмаган учрашувларсиз ўтмайди. Мирзиёев давлат одамлари, галстукни чиройли қўндирган, гапни пўст калласини айтиш ўрнига, “муҳтарам”дан бошлайдиганлар билан эмас, оддий, чапани одамлар, қўллари меҳнатда қаварган деҳқонлар, новвой, тикувчи, ўқитувчи, шифокор, халқи учун жонини беришга тайёр, ўз таъбири билан айтганда “кўзи ёниб турган”лар билан суҳбатлашишни яхши кўради. Уларни олқишлайди, дардини олади, меҳнатига шароит яратгиси, суҳбатлашиб, муаммоларини ҳал этгиси келади.
 
Президент чор атрофи қўриқчилар билан ўралган, ҳатто, қуш ҳам учиб ўтолмайдиган жойларга эмас, қутилмаганда, режаланмаган масканларга кириб боришга ўрганган, одамларнинг ҳақиқий ҳаёти билан танишишни одат қилган.
 
Хабарингиз бор, бугун, 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташрифини “Зарбдор текстил” корхонасидан бошлади. Президентнинг интернет-сайтига жойлаштирилган навбатдаги суратларда давлат раҳбари хотин-қизлар ишлаётган тикувчилик цехига кириб боргани, уларнинг фаолияти билан танишгани ва олқишлаётгани тасвирланган.


 
Мирзиёев доим одамлар билан учрашиб, улар билан мулоқот қилганида, аёллар меҳнатини алоҳида эътироф этади. Оналар оиланинг мустаҳкам таянчи, қизлар эса эртанги авлод тарбиячиси эканини бот-бот таъкидлайди. Улар албатта ўқиши, соғлом бўлиши кераклиги ва бунга шароит яратиш зарурлигини айтади.
 
Президентдан совға олганларни қўйинг, атрофидагиларнинг севинчи чексиз бўлишини бир неча бор кўрдик. Давлат раҳбари билан бир бор самимий мулоқот қилган, мамнуниятини кўрсатган, халқнинг рози-ризолигини етказган одамлар ҳам жамият ишида янада фаол бўлишга ўзида куч, жасорат топяпти. Ахир қўлини Президент сиққан, унга Президент ишонч берган! Буни ҳеч қандай моддий рағбат билан ўлчаб бўлмайди.
 
Юқорида қўриқчилар ҳақида гапирдик. Президент Шавкат Мирзиёев қўриқчиларнинг режасидан чиқиши, унинг гап-сўзидан маълум. Январь ойида Сурхондарёга бўлган ташрифни эсланг: Мирзиёев “Inter Silk Pro” қўшма корхонасига қарашли инновацион пиллахона фаолияти билан танишиб чиқаётиб, пиллахона ёнида нон пишираётган новвой аёлларни ҳам кўздан қочирмади. У аёлларнинг ёнига бориб, улар билан илиқ суҳбат қурди, нонларидан таътиб кўрди.
 
Ё йил бошида Янгийўлга ташрифни эсласак: Телевидениеда намойиш қилинган кадрлардан шуни англаб олиш мумкин эдики, Президентнинг Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмасига бориши аввалдан режалаштирилмаган. Ўшанда ҳам туйқусдан шифохонага  кириб борган  Мирзиёевнинг қалбига Яратганнинг ўзи шу шифохонада даволанаётган Зулайҳо Алиеванинг дардини солган бўлса, ажаб эмас. Мирзиёев уч фарзандидан айрилган, оғир хасталикка чалинган Зулайҳо Алиева билан суҳбатлашди, унинг турмуш шароити, оиласидаги аҳвол билан қизиқди. Шу куннинг ўзида уни пойтахтдаги Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига даволанишга юборди. Зурриётларидан қолган набираларига деб янги қурилаётган уйлардан уч хоналисини ажратишни буюрди
 
Янгийўллик Азиза-чи? У коллежни битирибоқ, банкдан 25 миллион сўм кредит олиб, новвойхона очганди. Уч ойга бормай унинг новвойхонаси ноқонуний қурилма сифатида бузиб ташланди. “Файзли” маҳалласидаги учрашувда Азиза Арибаева Мирзиёевнинг қаршисига чиқди, муаммони борича тушунтирди. Президент унга новвойхона учун жой беришларини буюрди. Бўлмаса Тошкентдан ўзи жой беришини қўшиб қўйди.


 
Ўшандаги видеоларга эътибор қилганмидингиз? Президент одамлар билан суҳбатлашаётиб, уй қурилиши, кам таъминланган оилаларга берилишини айтди, одамлардан бири гапини бўлди: “Боқувчиси йўқларга ҳам бериладими?” — Биринчи бўлиб, деди Президент. Мулоқотдаги ўзаро самимийлик шунда эмасми?
 
Янгийўлллик Дилдора Узоқова хаста онаси ва ўғли билан, ойликдан бошқа даромадсиз, нураб кетган уйда ижарада яшаб келаётган эди. У ҳам Президентнинг ташрифи баҳонасида уйли бўлганди.
 
Президентдан бирор нарса сўраш, муаммосини айтиш уят эмас, айб ҳам саналмаётганига анча бўлди. Чунки давлат раҳбарининг ўзи шуни истаяпти. Агар Президентдан ёрдам сўраш айб саналганда, натижасиз бўлганда, ундан битта трактор сўраган ёш фермер қиз Сарвиноз Шокирова иккита тракторни қабул қилиб олмаган бўларди. Аслида матбуот билган ва билмаган бундай воқеалар кўп ва хўп.
 
Демангки, бу мақола Президентга навбатдаги мақтов, “муҳтарамчилик”нинг янги услуби. Сиз-у биз кўриб турган воқеаларни қоғозга туширдик, эслатдик, холос.
 
Қизиқ, Президентнинг Жиззахдаги учрашувида ким нимали бўларкин? Деҳқон Captiva’лими ё ногиронлиги бор фуқаро уйли? Гап совғада ҳам эмас. Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида муаммолар ҳал этилса, шунинг ўзи халқ учун энг катта совға!
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар