Тадбиркор бу гал кластер услубида пилла етиштириш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолда экспорт қилишга катта сармоя киритиш истагини билдирган.
Унинг отаси сурхондарёлик. Онаси Тошкентда таваллуд топган. Шу пайтгача Ўзбекистонда нон ва нон маҳсулотлари, қандолат, шоколод ишлаб чиқариш, кафе ва ресторан хизмати каби йўналишларда ўзини синаб кўрган ва муваффақиятга эришган, деб ёзмоқда ЎзА.
Тадбиркор бу гал кластер услубида пилла етиштириш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолда экспорт қилишга катта сармоя киритиш истагини билдирган.
“Менинг ватаним - Ўзбекистон. Ота юртимни севаман ва бундан албатта фахрланаман. Президент Шавкат Мирзиёев чет элда бизнес қилиб юрган ватандошларни юртга қайтишга, олдинги муаммоларни унутиб, Ўзбекистонда турли корхоналар, завод ва фабрикалар қуришга чақиргани менда катта таассурот қолдирди. Ислоҳотлар бошлангани бизни, албатта, қувонтиради ва биз уларнинг давомли бўлишидан умидвормиз. Ўйлаб қолдим, нега ўз маблағимни юртим ривожи, унинг гуллаб-яшнаши учун йўналтирмаяпман. Мен буни қилишим керак. Шунда инвестиция киритиш учун қилган мурожаатим қўллаб-қувватланди. Тақдим этилган лойиҳалар орасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ипакни қайта ишлаш корхонаси барпо этиш борасидаги таклифи менда қизиқиш уйғотди”, дейди миллионер Акбар Ашуров.
Инвесторнинг сўзларига қараганда, ҳозир қурилиш ишлари жадаллик билан бормоқда. Ипак етиштириш мавсуми бошлангунча, корхона ишга тушади. Ипакни йигириш ускуналарини Хитойдан, мато ишлаб чиқариш жиҳозларини Европадан олиб келиш борасида шартнома тузилган.
Ҳали корхона ишга бошламасидан буюртмалар тушмоқда. Мисол учун, Эрон, Туркия, Покистон, Озарбайжон, Вьетнам каби қатор давлатлар ипак толасини харид қилиш истагини билдирган. Корхона биринчи босқичда йилига 144 тонна қуруқ пиллани қайта ишлайди. Йил охирига бориб, 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилади.
“2019 йилда ипак матолар ва улардан кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Корхонанинг тўлиқ қувватда ишлаши 2022 йилга мўлжалланган. Унга қадар 480 доимий ва 10 мингта мавсумий иш ўрни яратилади”, дейди Ашуров.
“Тизимда кластер ташкил этиш тажрибасини қўллаб-қувватлайман. Шу боис корхона қошида олтита инновацион қуртхона қурилади. Уларнинг атрофида 180 гектар тутзор яратиш, “смарт” технологиялар ва ноу-хауларга асосланган янгича ишлаб чиқариш услубини йўлга қўйиб, бир йилда уч марта ҳосил олинади. Ана шунда экспорт имкониятимиз янада ошади.
Ишонаманки, Ўзбекистон яқин йилларда дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олади. Келгусида яна кўплаб лойиҳаларни молиялаштириш ниятидаман”, дея қўшимча қилади инвестор Акбар Ашуров.