...
МЕНЮ
ONLINE TV

Болаларнинг мультфильмларга боғланиб қолишига сабаб нима?


22:21, 04.07.2017 Бу қизиқ
 2 974

У эртакнамо сюжети орқали катталарни кичикка, ўн ёшли болани беш ёшга, беш ёшли болани икки ёшли томошабинга айлантиришга қодир.

Болажонларнинг ойнаи жаҳон орқали мультфильм кўраётганларида бир нима деб кўринг-чи? Дарров хархаша қилиб, дод-вой солишади. Ҳатто, баъзан музқаймоқ билан ҳам уларни чалғитиш амримаҳол. Хўш, нима учун? Нега болалар киприк қоқмай мультфильм томоша қилишни бунчалик яхши кўришади? Биз 5 та сабаб орқали мазкур саволларга жавоб берамиз.
 
Биринчидан, болаларнинг бир машғулотдан иккинчисига ўтиб кетишлари жуда қийин. Шу боис, уларни баъзан мультфильм ёки ўйнаб турган машғулотларидан чалғитиб, овқат ейишга ёки бошқа бир иш қилишга ундаш мушкул.
 
Иккинчидан, мультфильмлар болаларни кулдиради. Табиийки, уларнинг кайфияти янада кўтарилади ва натижада болада завқий ҳисни уйғотувчи гормонлар ишлаб чиқарилади. Бола эса қайта-қайта мультфильм кўришга интилаверади.
 
Учинчидан, мультфильм томоша қилаётган бола ортиқча ҳаракат қилмайди. Аммо бунинг салбий томони ҳам бор. Ахир, бу “бегуноҳ” машғулот боланинг фикри ўсишига, синчков бўлиб вояга етишига салбий таъсир ўтказади! Аввалига ота-оналар халақит бермаслиги учун болаларни экранга “мих”лашади, кейин эса уларнинг ўзлари экраннинг яқин “дўст”ига айланишади.
 
Тўртинчидан, ранг-баранг анимациялар, яъни хатти-ҳаракатлар болажонларни ўзига маҳлиё қилади. Бу орқали болалар мультфильм қаҳрамонларини кузата бошлайдилар. Улар орасида айрим мультфильм қаҳрамонларининг вужудга келишига ҳам ана шундай қизиқарли анимацион ҳаракатлар сабаб бўлади.
 
Бешинчидан, мультфильмда ҳақиқат рангли бўёқларга бўялади ва инсонлар, ҳайвонларнинг хусусиятлари атайлаб бузиб ифодаланади. У эртакнамо сюжети орқали катталарни кичикка, ўн ёшли болани беш ёшга, беш ёшли болани икки ёшли томошабинга айлантиришга қодир. Шу боис, уни нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам севиб томоша қилишади.
 
Албатта, мультфильмларнинг қанчалик фойдали жиҳати бўлса, шунчалик зарарли томони ҳам мавжуд. Мультфильмлар эртаклар каби болаларни яхшиликка етаклаши керак, аммо ҳозирда ҳамма мультфильмларни ҳам эзгуликка хизмат қиляпти, дея олмаймиз. Шу боис, болаларни мультфильмлар билан “дўстлаштириш”дан аввал, унинг ғояси ва мазмунига эътибор беринг. Болажонлар мультфильмдаги бор воқеани борича қабул қилишади, шуни унутманг.
Нигина Ҳакимова

Теглар:Болалар Мультфильм 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!