...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бизда умуман таниш-билишчилик, коррупция йўқ – Қорбобога мактуб-2


13:41, 31.12.2018 Жамият
 6 494

Ассалому алайкум, қорбобо! Омонмисиз? Янги йил яқин, кимга қандай совға берсам экан, деган минг хил хаёллар ичида қийналмай юрибсизми? Шу десангиз, байрамни нишонлаш учун Сурхондарёга, ота уйимга келдим. Туманимизда гап-сўз, остона хатлаб кирмасимдан ортимдан йўқлаб қўни-қўшни, ёр-биродар, қариндошлар келиб қолишди. Ўтган сафар сизга ёзган мактубимни улар ҳам ўқишибди. Хуллас, ҳамманинг оғзида бир гап: мен сиз билан таниш-билиш эканман. Ҳой, биродарлар, бизда таниш-билишчилик, коррупция деган одатлар йўқ, ҳаммаси шаффоф дейишимга қарамай, янги йил олди қоп-қоп мактубларини тезроқ сизга етказишимни илтимос қилишди. Мен эса ўйлаб кўришга ҳам улгурмадим.
 
Қисқаси, қишлоқдошлар бир бўлиб, сандал атрофига йиғилиб, шам ёруғида (тўғри бизда ҳамма шароитлар бор, қишлоқларда чироқ умуман ўчмайди. Шунчаки одамлар шам ёруғида суҳбатлашишни яхши кўришади) сизга ёзган мактубимни ўқишибди. Айтишларича, жуда қисқа ёзилган экан. Шу сабабли энди қўшимча қилиб улардан келган ширин-ширин мақтовларни сизга ҳам юбормоқдаман. Буни ҳам аввалгидек диққат билан ўқинг.
 
Биринчи бўлиб юборилган Найзангул холанинг мактубида ёзилишича, қишлоқда касаллар камайиб кетибди. Қолганлари ҳам иссиқ шифохоналарда, арзон нархга ёнбошлаб, телевизор кўриб ётишганмиш. Энг қизиғи ҳеч ким энди ўзи билан шифохоналарга иситгичлар олиб бормайдиган бўлибди. Тиббиёт ривожлангани шу-да. Буни эшитиб хурсандлигидан ён-атрофдаги дорихоналар ҳам нархларни тушириб юборибди. Ораси нари борса 3-5 метр чиқадиган дорихоналардаги нархлар ҳам бир-биридан фарқ қилмай қўйибди. Хуллас, Найзангул хола хурсандлигидан осмонларда учиб юрган экан.
 
Буни эшитиб Абдусаттор амаки ҳам бир энлик мактуб билан йўлимга кўз тикиб ўтирган экан. Бу мактубни аслида тошкентдаги қариндоши ёзганини, мени тополмай, таниш экансизлар деб қишлоққа юбориб қўяқолганини айтди. Унда ёзилишича, шаҳарларда ҳозир одамлардан кўра дарахтлар кўпайиб кетибди. Шунинг учун ҳеч ким экологик муаммолар кўпайиб кетишини, атроф-муҳит ифлосланишини, бора-бора тоза ҳаво камайиб кетишини ўйлаб сиқилмайдиган бўлибди. Буни эшитган Зафар ва унинг дўстлари энди қўрқмай дарахт шохини кесиб от қилиб миниб юрганмиш. Етмаганига чиқинди ташлайдиган махсус идишлар ҳам кўпайиб қолибди. Ҳатто, дангасалиги билан ном чиқарган Сардор билан Ботир ҳам энди қўлидаги чиқиндини атай панага отмай, чиқинди идишига ташлашни ўрганиб олибди.
 
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Нариги маҳалладаги Санобар ая қизининг тўйига айтиб келибди. Сизга ҳам таклифнома олиб қўйдим. Баҳонада гаплашиб олишга улгурдим. Энг қизиғи нималигини биласизми? Тўй олди роса қарзга ботиб кетгандурсизлар десам, мени ҳайратда қолдирди. Йўғ-эй ҳозир маош кўтарилиб, нархлар тушиб кетган. Топган пулимизга ҳам ўғлимизни контрактини тўлаяпмиз, ҳам қизимизни узатяпмиз, дейди. Етмаганига янги машина ҳам олишибди. Қойил қолдим. 2-3 та жойда тунни тун, кунни кун демай ишлайдиган Санобар ая ва турмуш ўртоғи энди битта жойда бамайлихотир ишлаётган эмиш. Очиғи эшитиб мен ҳам чин юракдан қувондим.
 
Мана, яқинда янги йил байрами. Мактуб ёзганларнинг кўпчилиги бозорларимизни мақтаганидан руҳланиб, бекорчиликдан зерикиб қўшни тумандаги бозорга ул-бул харид қилгани чиқдим. Кўз тегмасин. Айниқса, чекка, аҳоли кўп яшайдиган ҳуддулардаги бозорларга. Роса тартибли. Гарчи ёмғир ёққан бўлса ҳам одамларнинг кийимларига бир томчи гард юқмаган. Йўллар тоза-озода. Бирорта ортиқча буюм ёки чиқинди кўринмайди.Бақир-чақир, туртиш, итариш деган худбин одатлар йўқ. Йўлаклардаги қатор-қатор навбатлардан асар ҳам қолмаган. Ҳеч ким бир-бири билан навбат учун, нарх учун жанжаллашмайди. Ўзаро меҳр кучлилигидан сотувчилар ҳам маҳсулотларни байрам совғаси қилиб арзонлаштириб бермоқда.
 
Таътилга уйига кетган водийлик дугонам қўнғироқ қилди. Одамлар уйдан кўчага чиқмаяпти, хонадонлар иссиқ, газ ловуллаб ёниб турибди, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида эса умуман навбат йўқ, дейди. Уйлари исиб кетганидан ёзги кийимларни кийиб юришганмиш.
 
Таниш-билишларнинг мактублари билан бўлиб ўзимнинг ҳам айрим дил сўзларимни айтиш ёдимдан кўтарилибди. Биласизми, Қорбобожон бизнинг журналистикамизда умуман цензура йўқ. Одамлар, айниқса, юқори ташкилот вакиллари, иссиқ ва “айланадиган” курсида ўтирадиган айрим “жонкуяр”, “халқсевар” раҳбарлар ҳам журналистлардан рози. Ҳатто, танқидларни ҳам тўғри қабул қилиб қуюқ раҳмат айтишмоқда. Аввалгидек ёзилган ва айтилган рост сўзлар учун журналистларга тазйиқ ўтказиш, тескари назар билан қараш йўқ. Шунинг учун мен ишлаётган Qalampir.uz сайтига танқидий мақолаларни ўчиришларини талаб қилиб қўнғироқ қиладиганлар камайиб кетган.
 
Хуллас мактубларни ўқиб, ён-атрофдаги вазиятни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди, Қорбобожон! Сизга ҳам ёзганларим маъқул бўлади деган умиддаман. Чунки илгари янги йил арафасида бундан-да ажойиб ва ғаройиб эртак ўқимаганингизга ишончим комил.
 
Ҳа, дарвоқе, яшасин таниш-билишчилик. Сиз билан танишлигим майлига, аммо темирйўлдагилар билан таниш бўлиб қолганим жуда-а-а яхши иш бўлдида. Чипта олиш учун тушликкача навбатда  турмадим, югурмадим, елмадим. Ҳаммаси жуда осон ва хушмуомалалик билан битди.
 
Эҳ, сал қолса унутаёзардим. Ўзи шунақа, текиннинг шўрваси таътимас, тезда унутилади. Мени вокзалгача элтиб қўйди таксист амаки йўл ҳақини олмади, сиз билан танишлигимни эшитиб, гапларини етказиб қўйишимни сўради. Асли эски тошкентликлардан бўлган бу амакининг уйи Жангоҳ маҳалласида бўлган экан. Ярим тунда бориб уйларини бузишганидан жуда хурсанд бўлибди, умри бўйича бунақа шоу кўрмаган экан. Бузишгани етмагандек, кўп қаватли ҳашаматли уйлардан квартира ҳам беришибди. Тор жойда томоша бўлмай, яйраб-яшнаб шу уйларда истиқомат қилиб келишаётганини айтиб, сизни 3 хонали квартирасига таклиф қилди.
Манзура Сайфиддинова
 

Теглар:Қорбобага мактуб 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар