Тадбирда Туркия Республикаси Бош вазири Бинали Йилдирим сўзга чиқиб, 15 июль воқеаларига эътиборини қаратди.
Бугун, 15 июль куни Туркия Республикасида ҳарбийлар томонидан ҳукуматга қарши давлат тўнтариши амалга оширилганига 1 йил тўлди. Турк халқига кўра, Миллий ирода зафари бўлган ушбу санада мамлакат хотира куни сифатида нишонланмоқда. Зотан ҳарбийнинг давлатга қарши ҳаракатларини тўхтатиш учун майдонларга чиққан миллионлаб одамлардан 249 нафари юрт учун азиз жонини берди. Улардан 373 бола етим қолди. 2100 киши эса оғир жароҳат олди. Бу кун Туркия тарихида машъум из қолдирди. Аммо айни шу кунда халқнинг юрт мустақиллиги, демократиясини сақлаб қолиш учун террорчиларга қарши чиққани халқ бирдамлиги, иродаси намунаси бўлиб муҳрланди.
Кеча, 14 июль куни 15 июль воқеаларига бир йил тўлиши муносабати билан туркиялик журналистларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда айни дамда Туркиянинг Анқара шаҳрида меҳмон бўлиб турган ўзбекистонлик журналистлар ҳам иштирок этди. Тадбирда Туркия Республикаси Бош вазири Бинали Йилдирим сўзга чиқиб, 15 июль воқеаларига эътиборини қаратди.
“2016 йилнинг 15 июль куни юз берган воқеаларда халқимиз бирдамлигини кўрсатиб, мустақиллигини сақлаб қолди. Унда жонини берган қурбонларимизни ва жароҳат олганларни унутмаймиз, унуттирмаймиз. Бу ҳаракатлар Туркия тарихидаги энг катта хиёнат. Қолаверса, миллат тарихидаги энг катта бирламлик ютуғи. Тарихда бундай воқеалар кўп бўлган, аммо унутилган. Биз эса уларни унутишга ҳақсизмиз. Бизга хиёнат қилганлар эса ҳар бир қилмиши учун жавоб беради”, дейди Бош вазир.
15 июль воқеаларига бир йил тўлиши муносабати билан мамлакатда хотира тадбирлари ўтказилмоқда. Дунёнинг турли чеккаларидан келган журналистлар ҳам мазкур воқеликларга ўз кўзи билан гувоҳ бўлмоқда. Хабарларни кузатиб боринг.