...
МЕНЮ
ONLINE TV

Берлинда теракт уюштирганликда гумон қилинаётган шахс Италияда отиб ташланди


16:36, 23.12.2016 Олам
 3 240

Отиб ташланган Анис Амрининг бармоқ излари Германияда юк машинасини ярмаркага ҳайдаб кирган террорчиники билан мос келмоқда.

Берлиндаги Рождество ярмаркасида терактни уюштирганликда гумон қилинаётган тунислик Анис Амри Италиянинг Милан шаҳрида полиция билан отишмада ҳалок бўлган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
 
Маълумотларга кўра, тунислик Анис Амри Милан шаҳри четидаги Сесто-Сан-Жованни мавзесида отишма қурбонига айланган.
 
У бошқариб кетаётган машина полиция томонидан ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатилган. Бу орада полициячилар ва террорчи ўртасида отишма бошланиб кетган. Оқибатда полициячилардан бири елкасидан жароҳат олган. Террорчи эса отиб ўлдирилган.
 
Полициянинг маълумотларига кўра, отиб ташланган Анис Амрининг бармоқ излари Германияда юк машинасини ярмаркага ҳайдаб кирган жиноятчиники билан мос келмоқда.
 
Бу воқеадан сўнг Италия Ички ишлар вазири фавқулодда матбуот анжумани ўтказди.
 
“Тунги соат 3:00 да, патрул полициячиларининг оддий текшируви вақтида чироқлари ўчик машина тўхтатилган. Ҳужжатларини кўрсатиш талабига ҳайдовчи пистолетдан ўқ отиш билан жавоб қайтарган. Ҳайдовчининг бу ҳаракатидан сўнг полициячилар ҳам ўқ отишга мажбур бўлган. Улардан бири яраланган. Ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Унинг бармоқ излари, ҳеч шубҳасиз, Анис Амриники билан бир хил”, деб маълумот берган Италия Ички ишлари вазири.
 
Шунингдек, Германия ҳукумати бу воқеадан огоҳ этилгани айтилган. Бироқ Германия ҳукумати террорчининг ҳалок бўлгани расман тасдиқланмаганини айтмоқда.
 
Аввал хабар қилганимиздек, 19 декабрь куни Анис Амри бошқарган, деб гумон қилинаётган юк машинаси Ғарбий Берлиндаги Рождество ярмаркасига тўпланган одамлар орасига, тахминан, 80 метргача кириб борган. 12 нафар одам ушбу теракт қурбони бўлди, яна 48 нафар одам шифохонага ётқизилди.
 
“Ислом давлати” террорчилик гуруҳи теракт учун жавобгарликни ўз бўйнига олган. Маълум қилинишича, 24 ёшли тунислик Анис Амри аввал Италияда 4 йил қамоқда ўтирган.
Мухторбек Абдуллаев

Теглар:Берлин Рождество ярмаркаси Теракт Анис Амри 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!