Айни дамда собиқ вазир Маҳмуд Муродовнинг қайси лавозимга ўтказилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Йиғилишда иштирок этган “Qalampir.uz” манбасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири лавозимига 2012 йилдан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Сайфуллаевич Сайфуллаев тайинланган.
Бахтиёр Сайфуллаев 1974-2002 йилларда Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, факультет декани, проректори, 2002-2005 йилларда собиқ Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институти ректори, 2005-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг Маданият ишлари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
У профессор илмий даражаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби унвонлари билан мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 февраль куни “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилди ва унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташкил этилди. 24 февраль куни Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри директори Маҳмуд Муродов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири этиб тайинланганди. Айни дамда Маҳмуд Муродовнинг қайси лавозимга ўтказилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Маданият вазири бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори лавозимида ҳам фаолият юритади.