...
МЕНЮ
ONLINE TV

Банандан ОИТС тарқаётгани ростми? Барча саволларга аниқлик киритамиз


19:50, 22.03.2016 Олам
 15 911

Сизга ҳам Telegram мессенжеридан ичи қизғиш рангдаги бананнинг сурати келдими?

Бир неча ой аввал ижтимоий тармоқлар орқали банан, апельсин, мандарин, ҳатто, картошка каби мева ва сабзавотлар ичида қандайдир қизил, пушти рангли қон кўринишидаги суюқликнинг борлиги, ушбу суюқлик турли касалликларни, хусусан, ОИТС касаллигини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Одатда, бу каби ҳолатлар фотошоп маҳсули бўлиб чиқарди. Бироқ бу борадаги тахминлар, фикр-мулоҳазалар шу қадар авж олмоқдаки, бу ҳақда ёзишга ва маълумотларни таҳлил қилиб, уларни ўзаро солиштиришга қарор қилдик.

Айни мавзуда ҳар кимнинг ўз фикри бор. Биз истеъмолчи, журналист сифатида уларнинг фикрини хурмат қиламиз ва инобатга оламиз. Мақсадимиз йўқ нарсани одамлар онгига сингдириш ёки эътибор тортиш эмас, шунчаки, фикрларни тарозининг палласига қўйиб кўриш. Кузатувларимиз натижаси сизга қизиқми?

Сўровнома

Мақола тайёрлашни мева ва сабзавотлар ўртасидан чиқаётган суюқлик ҳақида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида сўровнома ўтказишдан бошладик. Сўромномада қатнашганларнинг айримлари шундай ҳолатга дуч келганини айтса, яна бошқалар бунинг бўлмаган гап эканини айтиб, жиғибийрон бўлганинининг гувоҳи бўлдик. Қуйида сўровномадаги айрим мулоҳазалар билан танишинг:
— Албатта, ҳеч ким сифатсиз маҳсулотдан кафотлатланмаган, аммо бу гапнинг турган битгани ёлғон. ОИТСнинг юқиш йўллари ҳақида ўқиб чиқишнинг ўзи ҳар қандай саволга жавоб бўла олади.
 
— Мен ҳам бу ҳақида эшитдим. Яқинларим орасида шифохонада ишлайдиган киши бор. У шундай бананлар туфайли бир неча боланинг ичи бузилиб касалхонага келтирилганини айтганидан сўнг, банан сотиб олмай қўйдим.


 
— Менга Telegram орқали ичидан қизил рангдаги суюқлик топилган бананнинг сурати келганди. Ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайман.
 
— Мен бу гапларга умуман ишонмайман. Банан истеъмол қилиб, сўнг ОИТС билан касалланиб бўлмайди.
 
— Апельсин ичидан ҳам суюқлик чиққани тасвирланган суратлар бор. Эшитишимча, банан ичига шприц ёрдамида касаллик кўзғатувчи суюқлик юборилаётган экан.
 
— Мен бу ҳақда ҳеч қандай гапни эшитганим йўқ.
 
— Картошка тозалаш вақтида унинг ичи ўта қизиллигини кўрдим. Овқатга солишдан қўрқиб ташлаб юбордим. Ахир банан борасида турли фикрлар “юрибди”.

Facebook´даги шошилинч хабар

Куни кеча Facebook ижтимоий тармоғида Leka FA исмли фойдаланувчи келтирган фикрлар ҳам кишини ўйлантириб қўяди. У шундай ёзади:
— Шошилинч! Дўстлар, мен ҳайратдаман...Ёзаяпману қўлларим титраяпти. Банан сотиб олманг. Мана ҳозир бананнинг ичи қон билан тўла эканига гувоҳ бўлдим. Яқинда касалланган бананлар ҳақидаги постни ўқигандим. Шундай кейин фарзандимга бананни кесилган ҳолатда берадиган бўлдим. Мана, ҳозир нима топдим. Шошилинч! Сиз ҳам бошқаларга хабар беринг, илтимос!

Ушбу хабарга Facebook фойдаланувчиси ўзи сотиб олган бананнинг суратини илова қилган. Унинг постидан сўнг бошқа фойдаланувчилар ҳам бу борада турли фикрларни қолдиришган.
— Қандай даҳшат! Энди банан сотиб олиш чоғида барчасини кесиб кўриш керакмикин? Бу қандай қон бўлди? Мен энди банан сотиб олмайман!

Facebook фойдаланувчисининг сўзларидан банан ҳақидаги фикрлар аввал ҳам бошқа фойдаланувчиларнинг постларида чоп этилганини билиш мумкин.

Банан билан боғлиқ гап-сўзлар бир неча йил аввал “болалаб” кетган

Банан билан боғлиқ бу каби можаролар нафақат Ўзбекистонда, балки Қозоғистон, Россия каби давлатларда ҳам мавжуд. Қозоғистонда “ОИТС касаллигини юқтирувчи бананлар” ҳақидаги гаплар 2014 йилнинг охири 2015 йилнинг бошларидаёқ бошланган. Россияда эса бу гаплар 2015 йилда “болалади”. Аслида эса дунё миқёсида бу борадаги гап сўзлар қарийб 6 йил аввал бошланган.

Олтойда банан савдоси тушиб кетди

Олтой ўлкаси фуқароларининг қўл телефонларига ҳам “Бананлар ичидаги қизил суюқлик ОИТСни келтириб чиқариши мумкин”лиги ҳақидаги SMS хабарлари кела бошлаган. Бундай SMS’лар ким томонидан, нима мақсадда юборилаётгани номаълум. Шифокорлар банандан ОИТС юқтириш мумкин эмаслигини қайта-қайта таъкидлашларига қарамасдан SMS’ларнинг таъсирида Олтойда банан савдоси анчагача тушиб кетди.

Шундай банан Чеченистонда ҳам топилганмиш

Худди шундай маълумотлар интернет нашларида ҳам кўплаб топилади. Буни қарангки, “Bebebe.cc” нашрида айнан шу мавзуда бир мақола чоп этилган.
“Чеченистондаги бир аёл банан ичидан қон топди. Аёл уни лаборатория текширувга берганида банан ичидаги қон ОИТС билан касалланган инсонга тегишли қон экани аниқланган. Икки ҳафта аввал Африкада ички қисми қон билан зарарланган апельсинларни топишганди, мана бу ҳолат Россиягача етиб келди. Меваларга эҳтиёт бўлиг ва уларни истеъмол қилишдан аввал уларни бўлакларга бўлинг. Чунки кеча Африкада, бугун Чеченистонда эртага эса бизгача ҳам ана шундай зарарланган мевалар етиб келиши мумкин. Мен анонимман. Ҳаммага тинчлик...”


“Odnoklassniki.ru”да ҳам огоҳлантирувчи хабарлар пайдо бўлмоқда

Навбатдаги хабар “Odnoklassniki.ru”  ижтимоий тармоғида “Бу ҳақда ҳар бир она билиши керак” сарлавҳаси остида берилган. Унда шундай дейилади:
“Амурск туманида ички қисмида ОИТС билан зарарланган қон бўлган банан топилди. Сизга меваларни сотиб олишда, уларни болаларга беришда эҳтиёт бўлишингизни айтмоқчиман. Бир болакай зарарланди. Буни ўқиганлар, “класс”тугмасини босишсин ва бошқаларга ҳам эҳтиёт бўлишлари учун тарқатишсин”.

Бу мавзуда 2015 йилдаёқ ОИТС ва инфекцион касалликларга қарши кураш Амурск маркази бош врачи Наталья Липская қуйидаги хулосани берган:
— Албатта, ўз ўрнида ОИТС юқумли касаллик. У 3 ҳолатда юқиши мумкин. Жинсий алоқа йўли билан, қон орқали ва онадан болага. Қолган ҳолатларда эса ОИТС билан зарарланиш мумкин эмас. ОИТС билан зарарланган қон инсон танасидан ташқарига чиққанида, қотганида ундаги вирус ўлади. Мевалардан ОИТС билан зарарланиш ҳақида шунча йиллик тажрибамда илк бор эшитаяпман, бу аҳмоқлик!

Бу каби хабарлар ёлғон эканининг исботи

Кейинги суратда бир йигитнинг ҳикояси берилган. Унинг айтишича яқин дўстининг синглиси ҳам банан еб ОИТС билан зарарланган. Аслида банан билан боғлиқ бундай маълумотлар анча аввал пайдо бўлгани, аммо янгидан янги суратлар ва ҳикоялар, фикрларнинг ханузгача пайдо бўлаётгани ажабланарли ҳол. Аҳамият бериб қаралса, юқоридаги каби хабарларда ўз таниши, яқини ҳақида ҳикоя қилаётган шахслар уларнинг исмлари, ОИТС ташхиси қачон, қайси шифохонада қўйилгани ҳақидаги маълумотларни тўлиқ келтирмайди. Воқеанинг қайси шаҳарда бўлиб ўтганидан бошқа бирор жўяли маълумотни учратиш мушкул. Бундан ташқари ана шундай хабарларни тарқатиб бирор моддий ёки бошқа мақсадга эришмоқчи бўлган шахслар хабарнинг сўнгида “Эҳтиёткорлик учун бу хабарни бошқаларга ҳам тарқатинг”, – деб ўзини бошқаларга ғамхўр кўрсатиб, ўз гоясини илгари суради.

ОИТС мева ичида яшай олмайди

Юқорида айтиб ўтганимиздек, банан ва бошқа меваларнинг ички қисмида ОИТС билан касалланган инсон қонининг топилгани ҳақидаги маълумотлар салкам 6 йилдан бери мавжуд. Шу вақт оралиғида, банан истеъмол қилишдан қўрқиб қолган одамлар ҳамда кўплаб олимлар банан ва бошқа мевалар устида тажриба ўтказишди. Шифокорларнинг барчаси бир овоздан “ОИТС билан зарарланган инсонга тегишли бўлган қон томчилари банан ва бошқа меваларнинг ичида сақланиши мумкин эмас”, – деган хулосага келишди. Бунинг исботи сифатида бу фикрга қай тарзда келишганини ҳам тушунтириб беришган. Инсон организмидан ажралган қон бир неча дақиқа ичида қуюқлашиб, қота бошлайди. Агар у мева ичига юборилган бўлганида, у мева таркибидаги кислоталар ва ферментлар таъсирида аминокислотага айланиб қоларди. Таркибидаги вирус эса бошқаларни зарарлаш хусусиятини йўқотган бўларди. Шу билан бирга инсон организмидан ажралиб чиққан қон таркибида ОИТС вируси бўлган тақдирда, у бир неча дақиқада ўз кучини йўқотади. Унинг апельсин ёки бананнинг ичига юборилиши аҳамиятсиз. Бу билан бирор инсоннинг ОИТС билан зарарланишини ақлга сиғдириб бўлмайди.

Мен тажриба ўтказдим ва бу гапларнинг ёлғон эканига амин бўлдим...

Facebook ижтимоий тармоғинининг яна бир фойдаланувчиси Аниф Кхан сўзларимизнинг исботи сифатида қуйидаги маълумотни келтириб ўтган. “Мен шприц ёрдамида бананнинг ичига 2-3 томчи қонни юбориб кўрдим. 5 дақиқа ичида банан қорайиб кетди. Ҳаммаси ёлғон!”, – дейди Аниф.



“Қонли” банан ҳақидаги афсона бошқа давлатларда ҳам пайдо бўлмоқда

Ўтган йили “Banana.by” интернет нашрида айнан банан ва бошқа меваларнинг ичидан қон томчилари топилаётгани билан боғлиқ воқеаларга изоҳ сифатидаги мақола чоп этилган. 

“Жазоирга Ливиядан келтирилган апельсинларнинг катта қисмида, уларнинг ичида қон борлиги аниқланган. Ўтказилган текширувлар, қоннинг ОИТС билан зарарланганини тасдиқлаган. Буни эҳтиёткорликни йўқотмаслик учун барчага тарқатинг” каби огоҳлантириш хабари Россияда тарқалган. Одамлар эса, буни давом эттирган ҳолда ичида қон мавжуд бўлган банан ҳақидаги хабарларни бошқа давлатларга ҳам тарқата бошлашгани ёзилган.


“Қонли” бананлар истеъмол учун яроқли

2016 йилнинг февраль ойида “Slawyanka.info” интернет нашрида ҳам “Қонли” бананлар ҳақидаги асоссиз гап-сўзларга ойдинлик киритилган мақола чоп этилди.

Унда Россия қишлоқ хўжалиги назорати ташкилоти томонидан бир қанча ички қисми қон бўлган бананлар устида текширув ўтказилганлиги ва “Қонли” бананлар истеъмолга яроқлик экани айтилган.
“Бананлар Россия ҳалқининг кундалик рационидан ўрин олган мевалардан биридир. Мутасадди ташкилоатларнинг маълум қилишларича, банандан касалланиш – бўлмағур гап. Гарчи Россия Федерациясига ички қисмида қизил доғ бўлган бананларни олиб кириш тақиқланган бўлсада, уларни истеъмол қилиш мумкин ва улар саломатлик учун ҳавфли эмас”.

Банан ичидаги қизил доғ нима?

Россия қишлоқ хўжалиги назорати ташкилоти бананларнинг ичидаги қизил доғни қуйидагича таърифлайди:
“Банан дарахтидаги бактериялар ўсимликни зарарлайди, натижада унинг мевалари ичида қизил-жигарранг тусдаги доғлар пайдо бўлади. Бу уларнинг тез бузилиши ва иришига олиб келади. Охирги вақтларда интернет тармоғида ичида қизил доғ бўлган бананларни ейиш жиддий касалликларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар яшин тезлигида тарқалмоқда. Аммо бу хабарлар асоссиз”.

Банан Ўзбекистонда ҳам севиб истеъмол қилинади

Банан бизнинг ўлкамизда ҳам севиб истеъмол қилинади. Шифокорлар инсон саломатлигида бошқа мевалар каби бананнинг ҳам ўз ўрни ва фойдаси борлигини таъкидлайдилар. Зеро, бежизга янги туғилган чақалоққа ҳам ғарқ пишган бананни эзиб берилмайди. Унинг кони фойда. Орамизда банан ҳақидаги юқоридаги каби салбий фикрлардан сўнг, уни истеъмол қилишни тўхтатиб қўйганлар ҳам бўлса ажабмас. Аммо ўқиганингиздек, бу гапларнинг барчаси ўйлаб топилган бўҳтон, холос. Банан билан боғлиқ бундай миш-мишлар нафақат бизнинг мамлакатда, балки бошқа мамлакатларга ҳам тарқаляпти. Қарийб 6 йилдан бери бутун дунёни айланиб чиқаётган ана шу миш-мишлардан кўзланган асл мақсаднинг нима экани бизга қоронғу. Шу вақтгача ҳеч бир давлатда бананда ОИТС билан зарарланган инсон қони бор экани ва у одамларга зарар етказиши мумкинлиги ҳақида расмий маълумот берилмаган. Ўзбекистонда эса аҳоли саломатлигига бўлган эътибор юқори даражада. Ҳар бир товар, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари жиддий текширувлардан сўнггина сотувга қўйилади. Шунинг учун хавотирга ўрин йўқ. 
Умида Якубова

Теглар:Банан ОИТС 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

конечно оитс хайвонни к,онида яшамийдики меваникида яшайдими
10:31 10.09.2016

конечно оитс хайвонни к,онида яшамийдики меваникида яшайдими


Хамид
16:50 26.03.2016

Шу мевалар ичида топилган суюкликни бирор бир ллобараторияда текшириш мумкин эмасми?


Dilshod
11:54 26.03.2016

manimcha banan biznesini o'ldirmoqchi bo'lganlarni ishi bo'lsa kerak


Quyoshxon
09:42 24.03.2016

Balkim bu gaplar hammsi safsatadir???



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!