...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бакуда “Қадимий дўстлик илдизлари” номли конференция ташкил этилди


19:03, 16.12.2017 Олам
 2 813

Бу конференция доирасида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида кўп томонлама меморандум имзоланди ҳамда ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди.

Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтида “Қадимий дўстлик алоқалари: Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг маданий ва адабий алоқалари” мавзуида илмий анжуман ташкил қилинди.
 
Бу кўргазмадаги тадбир иштирокчилари Ўзбекистондаги  Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказининг лойиҳаси доирасида ўзбек маданияти,  урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи, ўзбек тилида чоп этилган китоблар билан танишдилар.
 
Тадбирда сўзга чиққан Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг вице-президенти, адабиёт институти директори,  академик Иса Ҳабиббейли, сўнгги йилларда Озарбайжон-Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларнинг ривожланаётгани, икки мамлакат ўртасидаги маданий ва адабий алоқаларнинг кенгаяётгани ҳақида маълумот берди.


 
Олим ўз сўзида, ҳозирги даврдаги икки мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг ривожига умумозарбойжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ва Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовлар  томонидан асос солинганини қайд этди. 
 
Айни пайтда бу муносабатлар Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан муваффақиятли давом эттирилмоқда.
 
Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг вице-президенти,  бу муносабатларни ривожлантиришда Низомий,  Фузулий,  Бобур,  Насимий,  Амир Темур ва бошқа таниқли шахсларнинг ролига алоҳида урғу бериб, ҳар икки мамлакатнинг маданияти ва адабиёти бирлашса, ўзаро бойишини ҳамда ривожланишини таъкидлади.
 
Иса Ҳабиббейли ўзи раҳбарлик қилаётган Адабиёт институтида ўзбек адабиётининг ижодкорлари асарларининг тарғиботи бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўтган йилдан бошлаб, Институтда Озарбайжон-Ўзбекистон-Туркманистон адабий алоқалари бўлими фаолият бошлади. Бу бўлим томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасида, Озарбайжонда яшаб, ижод қилган ўзбек адабиётининг таниқли намоёндаларининг адабий меросини жамлаган бир қанча китоблар нашр этилди.  
 
Иса Ҳабиббейли Озарбайжон Миллий фанлар академияси ва Ўзбекистон Фанлар академияси ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик тўғрисида гапириб, мазкур конференцияни қадимий тарих ва кўпасрлик анъаналарга эга бўлган халқларнинг мустақиллик давридаги муҳим воқеаси сифатида баҳолади.
 
Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Шерзод Файзиев,  мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражада эканлиги тўғрисида гапириб, илм-фан ва маданият соҳасидаги алоқаларнин мустаҳкамланиши муҳимлигини қайд этди, шунингдек, ҳар икки мамлакат Ислом дини ва жаҳон халқлари маданий меросининг марказлари эканини алоҳида таъкидлади.
 
Сўнгра, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов сўзга чиқиб, Озарбайжон-Ўзбекистон ўртасидаги маданий ва адабий алоқалар ҳақида гапирди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Озарбайжон Маданият маркази томонидан ўтказиб келинаётган маънавий-маърифий тадбирлар ва Марказ лойиҳаси асосида тайёрланган “Қадимий дўстлик илдизлари”, деб номланган ҳужжатли фильм ҳақида маълумот берди.
 
Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг Озарбайжон-Ўзбекистон-Туркманистон адабий алоқалари бўлими бошлиғи, филология фанлари доктори Алмаз Улвий Биннетованин Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси бўйича “Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси асосида Тошкентда ўзбек тилида нашр этилган китоблар” мавзусидаги маърузаси тингланди.
 
Анжуманда “Қадимий дўстлик илдизлари” ҳужжатли филми намойиш этилди. Мазкур ҳужжатли фильмда Озарбайжон-Ўзбекистоннинг дўстлик муносабатлари қадим замонлардан бошлангани кўрсатиб берилган.
 
Алишер Навоий номли Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг адабиёт институти ва Ўзбекистондаги Ҳайдар Алийев номидаги Озарбайжон маданият марказлари томонидан уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
 
Мазкур меморандумда илмий, маданий муассасалар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар, лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан ва адабиёт соҳасидаги тажриба алмашиш ҳамда бошқа масалалар кўзда тутилган. Меморандумдан келиб чиқиб, мустақиллик тарихида илк бор докторантларни алмашиш имкони пайдо бўлади. 
 
Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ёш тадқиқотчилари Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Адабиёт институтига докторантурага ўқишга кириш имконига эга бўлади. Худди шундай имконият озарбайжонлик ёшларга ҳам тақдим этилади. 
Обил Сафаров

Теглар:Миллий фанлар академиясининг Адабиёт институти Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Меморандум 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!