Туркия янги конституция қабул қилиши мумкин
Туркияда 4 февраль куни ҳукумат ва оппозицион партияларнинг вакиллари иштирокида янги конституция устида иш олиб бориш мақсадида махсус комиссия тузилган эди. Бироқ, 17 февралда Республика халқ партияси депутатлари комиссияни тарк этдилар. Туркия президенти девонида айтилишича, янги конституция мамлакатнинг муҳим приоритетларидан бири ҳисобланади ва унинг қабул қилиниши учун ўтказиладиган умумхалқ референдуми санаси парламент томонидан белгиланади Президент девонидан “Trend”га хабар берувчи манбага кўра, янги конституция учун, биринчи навбатда, парламент овоз бериши керак. Агар парламент овоз бериш йўли билан янги конституцияни қабул қилолмаса, умумхалқ референдуми ўтказилади.
Олдинроқ, Туркия Бош вазири Аҳмет Довутўғлу ҳозирги Туркия конституцияси мамлакатнинг ривожланишига асосий тўсиқ бўлаётганини айтиб ўтган эди. “Сўнгги 14 йил ичида ҳукумат мамлакат ривожи учун кўплаб ислоҳотлар ўтказди, лекин мавжуд конституция замонавий Туркия ва унинг халқи манфаатларига мос келмайди”, – деб таъкидлади Бош вазир.
2011 йилнинг кузида ўша пайтда Туркия Бош вазири лавозимида бўлган Ражаб Тойиб Эрдўған оппозицион Республика халқ партияси ва Миллий ҳаракат партияси етакчиларига хат йўллаб, уларни янги конституцияни тайёрлаш юзасидан ўткизилаётган музокараларда иштирок этишга чақирган эди.
Маълумот ўрнида, ҳозирги Туркия конституцияси 1982 йилда қабул қилинган. Замонавий Туркия тарихида тўрт марта конституция қабул қилинган (1921, 1924, 1961 ва 1982).