“Таҳририят” тасдиқланмаган хабарни бергани учун ўқувчиларидан узр сўради ҳам...
Бугун ўлим билан курашаётган таниқли актёр Шуҳрат Нуралиевнинг вафот этганлиги тўғрисида “ўқувчиларидан” “суюнчи” олган “Kun.uz” интернет нашри бир неча дақиқа ўтар-ўтмас актёрнинг ҳаёт эканлиги борасида қайта хабар берди.
Тўғри, интернет нашри ўз хабарида тузатиш қилиб, “Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолаётгани”ни маълум қилди.
Ўз навбатида “Таҳририят” тасдиқланмаган хабарни бергани учун ўқувчилардан узр ҳам сўради, лекин...
Ана шу лекин кишини ўйга толдиради.
Айни дамда актёр Шуҳрат Нуралиев Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда ётибди. У шифокорларнинг доимий назоратида. "Kun.uz"нинг хабарисиз ҳам актёрнинг онаси, рафиқаси, уч нафар фарзанди, жигарлар, яқин қариндошлари, ҳамкасблари, дўстларининг қандай аҳволда эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Наҳот, унинг вафот этгани ҳақида тасдиқланмаган хабарни тарқатишдан олдин улар журналистнинг кўз ўнгидан ўтмаган бўлса? Уларга етказилган “маънавий” зарарни қоплашнинг имкони борми?! Йўқ, албатта...
Энг ҳайратланарлиси, аввал “ўлдириб”, кейин “тирилтириш” кимга ва нима учун керак, деб ўйлаб қоласан киши.
Журналистика касб этикасида ҳам аввало инсонийлик, инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ҳисобга олиниши керак эмасми?
“Ҳамкасбларимиз” Шуҳрат Нуралиевга оид бу хабарни текширмасдан, бу алфозда беришдан нима мақсадни кўзлаганликлари бизга қоронғу. "Qalampir.uz" ижодкорлари эса барча ОАВларга дўстона қўл узатган ҳолда "Kun.uz" ва ундаги ходимларга нисбатан ҳеч қандай адоватда эмаслигини маълум қилади. Ҳар ҳолда "қозонимиз" бир, мақсадимиз бир...