Таниқли футбол журналисти Ахбор Имомхўжаев ЎФФнинг янги раҳбариятига кўмаклашиш кераклигини айтди.
“Авваламбор, барча юртдошларимизни кириб келаётган янги йил айёми билан чин кўнгилдан табриклайман.
Ҳамма соҳада бўлгани каби спорт соҳасида ҳам, хусусан, футбол соҳасида ҳам 2018 йил бизда бошланган ишлар давом этсин.
Айтмоқчиманки, футболимиз жаҳон ва Осиё миқёсида ўз мавқеини тикласин.
Биз фақат ўз ички чемпионатимиз билан чекланиб қололмаймиз. Яқинда Таиландда бўлиб ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги халқаро турнирда Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги ўсмирларимиз ажойиб ўйин намойиш этишди.
Аввал гуруҳдаги биринчи ўрин, кейин эса финалда Японияни пенальтилар сериясида мағлуб этиб, янги йил олдидан мухлисларга катта совға тайёрлашди.
Яқинда Қаршида бўлганимда уларнинг академияси Ўзбекистонда биринчи ўринни эгаллагани, айнан 23 ёшгача бўлган терма жамоага улардан 5 нафар футболчи киритилгани билан фахрланишаётганига гувоҳ бўлдим.
Битта вилоятдан беш нафар футболчи термага чақирилишини фақатгина орзу қилса бўлади. Бир вақтлар собиқ иттифоқ даврида ўсмирлар ўртасидаги терма жамоага юртимиздан 5 футболчи жалб этилган эди. Яъни бу ҳам ажойиб натижа демоқчиман.
Биринчи лига, Олий Лига мана янгича номланди. Энди улар замонавий талабларга жавоб берадиган бўлиши керак.
Айтиш керакки, стадионларни тўлдириш масаласи ҳозирда оқсамоқда. Фақатгина сўнгги ўйинларда, биринчи, иккинчи ўринни аниқлашда ёки Кубок финалидагина стадионларимизга одамлар туша бошлашди.
Мана шундай ҳолат ҳар бир ўйинимизда бўлиши керак. Қайси лига бўлишидан қатъий назар биз одамларни стадионга чақира олишимиз керак.
Бу ҳаммаси бизнинг қўлимизда. Қачонки, футболчилармиз, чиройли ва замонавий ўйин кўрсатса, мураббийлар уларни яхши йўлга бошлашса, мухлислар ҳам стадионларга кела бошлашади.
Федерацияда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида айтадиган бўлсам, мана ҳозир кўплаб янги кадрлар ташриф буюришмоқда.
Балки, уларга ҳали тажриба орттириш керакдир, лекин уларнинг ёшлик шижоати ўз кучини кўрсатиши керак.
Улар ўзларининг янги ғоялари билан ҳар бир соҳани, мураббийлар, футболчилар, ҳакамлар, турли ёшдаги терма жамоалар ишининг ўсишига ҳиссасини қўшишига яқинда гувоҳ бўламиз”.
Янги формат ҳақида
“Супер лигада 12 та жамоа қолиши бир томондан яхши. Биринчидан бу рақобатни оширади.
Ҳозирда биринчи ва сўнгги ўринларда бораётган жамоалар ўртасида кураш деярли йўқ. Етакчилар олдиндан ютишини, улар эса олдиндан мағлуб бўлишини билади. Бу эса ўйиннинг аҳамиятини камайтириб юборади.
Уларнинг сони 12 та қоладиган бўлса, рақобат кучаяди. Мисол учун ўтган йили “Навбаҳор”, “Қўқон-1912” ва “Бухоро” жамоалари Олий лигага янгилик олиб киришди.
Бу соҳада “Насаф”ни ҳам мақтаган бўлардим. Қаршиликлар ўзбек клублари орасида биринчи бўлиб ОФК кубогини қўлга киритган.
Бир вақтлар бу клубда таниқли мураббийлар ишлаган. Ҳозирда Рўзиқул Бердиев фаолият олиб бормоқда.
У бекорга учинчи марта йилнинг энг яхши мураббийи деб топилгани йўқ. Айнан мана шундай мураббийлар кўп бўлиши ҳам керак. Бу энди ўзига хос эксперимент бўлади.
Бу қанчалик бизга фойдали бўлиш, бўлмаслигини эса кейинги мавсумда кўрамиз. Фикримча бу яхши томонга ўзгариш бўлади.
Жамоалар биринчидан кучли, иккинчидан ўйинлар ҳам шунга яраша муросасиз бўлади.
Қайсидир клуб бирор рақибига ютқазиб қўйса, кейинги тўқнашувда уни мағлуб этиш учун яна имкониятлар бўлади. Бундан ташқари уларнинг ютуқ камчиликлари ҳам кўринади”
Жамоатчилик фикри
“Бу эксперимент. Биз таваккалга ҳам қўл уриб кўришимиз керак. Янги ғоя одатда кўпчиликда турлича муносабатга сабаб бўлади.
Янги ғояларни қораламасдан, ҳаммамиз янги раҳбариятга бу борада кўмак беришимиз керак. Ўзимиздан ҳам янги фикрларни ўртага ташлашимиз керак.
Мураббийлар, футболчилар ва ҳакамлар малакасини ошириш учун футбол соҳаси ривожланган мамлакатларга уларни юборишимиз керак.
Ўшанда тажриба ҳам ошиб боради. Ўзбекистон Футбол Федерацияси айнан мана шу жиҳатга аҳамият қаратаётгани жуда қувонарли.
Китоблар ҳакида
“Ҳозиргача спорт ва футбол соҳаларида ёзган китобларим сони 9 тага етди. Менга эса 11 сони ёқади. Шунинг учун кетма кет иккита китобим чиқиши керак. Бу ўзбек футболининг энциклопедияси бўлиши лозим.
Ўзбекистондаги энг яхши мураббийлар, футболчилар, журналистлар, ҳомийлар ва футболга ёрдам берган давлат раҳбарларини халққа кўрсатиш, танитишга ҳаракат қилмоқчиман.
Ҳозир китобнинг 90 фоиз материали тайёр. Китобнинг номи “Аср футболидаги асл қадрдонларим ҳақида” деб аталган. Бу китобда ўзбек футболининг 100 йиллиги ҳақида ёзилган.
Ҳозирча китобга 237 нафар одам киритилган. Бу одамларнинг, деярли ҳаммасининг уйларига бордим.
Уларнинг кўпчилик кўрмаган суратлари ва улар ҳақидаги қизиқарли маълумотларни жамлашга ҳаракат қилдим.
Январнинг охирида ўзбек тилидагисини, февралнинг охирида эса китобнинг рус тилидаги нашрини чиқаришни ният қилганмиз. Ҳозирча китоб расмларсиз 700 бетдан иборат.
Расмлар билан минг бетга яқин. Бу китоб ҳақидаги янгиликни эшитганларидан сўнг ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов: “Бу қилган меҳнатларингиз учун китобни ҳамма харажатларини ўзимиз кўтарамиз ва уларни юртимиздаги барча жамоаларга, уларнинг академияларига, интернатларга, ҳакамларга етказиб берамиз, қўрқмасдан ишингизни давом эттираверинг, деб айтдилар. Бу гаплардан кейинг қайта туғилгандек бўлдим. Бунинг учун уларга катта раҳмат айтаман”, - дея сўзларини якунлади Ахбор Имомхўжаев.