Авиаҳалокатдан сўнг “Шапекоэнсо” футбол клубининг икки аъзоси омон қолган.
Бортида 72 нафар йўловчи ва 9 нафар экипаж аъзоси бўлган самолёт Антиоки провинцияси Ла-Уньон туманида қулаб тушган эди. Дастлаб, омон қолганлар борлиги айтилган бўлса-да, уларнинг сони ва шахси маълум эмасди.
Қидирув-қутқарув ишлари олиб бориш жараёнида 15 нафар одам омон қолгани маълум бўлган. Ҳалок бўлганлар сони эса 27 нафарни ташкил қилмоқда. Бу хақда “Vesti.ru” хабар берди.
Айрим хабарларга кўра, омон қолганлар орасида самолёт стюардессаси ҳам бор.
Қулаган самолёт бортида “Шапекоэнсо” футбол клуби аъзолари ҳам борлиги маълум қилинган эди. Ҳозирча улардан фақат жамоа ҳимоячиси Алан Рушел ва дарвозабон Данило омон қолгани аниқланган.
Жанубий Америка футбол конфедерацияси минтақадаги барча халқаро турнирларни тўхтатиб қўйди. Бу авиаҳалокатга учраган “Шапекоэнсо” жамоаси билан боғлиқлигини тахмин қилиш қийин эмас. Ушбу жамоа “Атлетико Насьональ” футбол клуби билан Жанубий Америка кубогининг биринчи финал учрашувини ўтказиши керак эди.
Жанубий Америка футбол конфедерацияси авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг барча яқинларига ўз ҳамдардлигини билдирди. Жанубий Америка кубогининг финал учрашуви ноаниқ муддатга кечиктирилган.