Аввалроқ, Вашингтон Теҳронга турли хил давлат валюталарида 400 миллион доллар бергани ҳақида маълумот берган эдик.
Вашингтон Эронга ҳеч қандай ёрлиқсиз транспорт самолётини юборган ва унда турли хил валютада 400 миллион долларга тенг маблағ бўлган.
“The Wall Street Journal” нашри Эрон томони мазкур маблағни тўрт нафар америкалик маҳбус учун тўлов пули сифатида кўриши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Аммо, Оқ уй вакиллари пул ва маҳбуслар ўртасидаги алоқадорликни рад этган. АҚШ президенти девонининг сўзларига кўра, бу сумма Эрон билан қурол-яроғ масаласидаги баҳс учун АҚШ томонидан тўланиши керак бўлган 1.7 миллиард долларнинг бир қисми ҳисобланади.
Орадан бир оз вақт ўтиб WSJ нашри жорий йилнинг январь ойида АҚШ уч нафар америкалик учун Эронга 400 миллион доллар бергани ҳақида хабар тарқатди.
Нашрнинг ёзишича, мазкур пул миқдори олдиндан қилинган пухта режа асосида Эронда ушлаб турилган бир қанча америкаликни айирбошлаш учун юборилган.
Маълумотларга қараганда, турли давлат валюталарида бўлган нақд пуллар Швейцариянинг Женева шаҳрида сақланган. Теҳрондан бу ерга Iran Air авиакомпаниясининг ҳаво транспорт кемаси учиб келган. 17 январь куни Швейцария Ҳарбий ҳаво кучларининг самолёти уч нафар америкалик билан Теҳронни тарк этгач, АҚШ Эронга пулларни топширган.