...
МЕНЮ
ONLINE TV

АҚШ ҳукумати фаолияти тикланди


12:02, 23.01.2018 Олам
 1 779

Республикачиларнинг демократлар таклифини қисман қондирганлиги ҳукуматнинг иш бошлашига сабаб бўлди.

АҚШ сенати “ҳукумат фаолиятини тўрт ҳафтага молиялаштириш тўғрисидаги резолюция”ни қабул қилмагани боис ҳукумат ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Асосий масала шуки, АҚШ президенти Дональд Трампнинг нолегал муҳожирлар фарзандларини мамлакатдан чиқариб юбориш таклифи сенатдаги демократлар томонидан қабул қилинмади. Демократлар Барак Обама даврида қабул қилинган қарорга кўра, нолегал муҳожирлар фарзандларининг АҚШда яшаши расмий тан олинганини таъкидлаган. Бироқ президент Трамп бу қарорни бекор қилган.
 
АҚШ конгресси кеча, 22 январь куни ҳукуматнинг уч кунлик тўхтаган фаолиятини қайта йўлга қўйди. Бу ҳақда “New York Times” хабар бермоқда. Демократлар ҳужжатсиз ёш мигрантларнинг тақдири ҳал қилинмасдан ҳукумат бюджети молиялаштирилмаслигини билдирган ҳамда ҳукумат фаолиятини вақтинча тўхтатиш билан  таҳдид қилган. Натижада, Трамп Болалар саломатлигини суғурталаш дастурини тасдиқлади ва Оқ уй жорий йилнинг 8 февралига қадар ҳукуматни маблағ билан таъминлайдиган бўлди. Республикачи ва демократик партия аъзолари иштирокидаги сенат йиғилишида икки партия аъзолари муроса қилиши лозимлиги келишилди.
 
Ушбу мажлисда Дональд Трампнинг иштирок этмаганлиги демократларнинг норозилигига сабаб бўлган. Бунга жавобан Трамп ўзининг Тwitter’даги саҳифасида “Демократларнинг норозилиги Республикачилар учун катта ютуқ” деган изоҳ қолдирган.
 
Мажлисда Республикачилар партияси вакили Митч Макконнеллнинг ваъдаси Демократларнинг ҳукумат фаолиятини қайта бошлашига сабаб бўлди. Унга кўра, барибир ҳужжатсиз яшаётган мигрантлар масаласи муҳокама этилиши керак. Аммо у ҳам болалар саломатлиги бўйича қарорни тасдиқлашини маълум қилган. Бу эса қисман Демократларнинг талаблари қондирилишини билдиради.
Икром Раҳмон

Теглар:АҚШ миграция республикачилар демократлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!