Трамп аввал НАТО саммитида қатнашиб, сўнг Путин билан учрашади.
Финляндия пойтахти Хельсинки шаҳри Трамп ва Путиннинг олий даражадаги учрашувини ўтказишга мос жой сифатида кўриб чиқиляпти. Бу ҳақда “Reuters” АҚШнинг юқори лавозимли амалдорига асосланиб хабар бермоқда.
АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Трампнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтоннинг Москвага ташрифидан кейин россиялик ҳамкасби билан учрашиши мумкинлигини таъкидлаган.
АҚШнинг юқори лавозимли амалдори анонимлик шарти билан, Хельсинки энг яхши танлов бўлганини ва якуний қарор Болтоннинг руслар билан музокараларига боғлиқлигини қайд этган.
Аввалроқ, Австрия пойтахти Вена шаҳри ҳам учрашув жойи сифатида кўриб чиқилаётган эди.
Финляндия президенти Саули Ниинистё саммит ҳақидаги саволларга қисқа жавоб берди.
“Финляндия керак бўлса, ўзининг яхши хизматларини таклиф қилишга доим тайёр”, дейди финлар президенти.
Маълумот ўрнида, жорий йил 11-12 июль кунлари Брюсселда НАТО саммити бўлади. Унда Трамп ҳам иштирок этиши кутиляпти. Трамп дастлаб Буюк Британияда тўхтаб, мамлакат Бош вазири Тереза Мэй билан учрашиши мумкин.