АҚШ, Мексика ва Канада мамлакатлари Шимолий Америка минтақасида эркин иқтисодий савдо шартномасини имзолаганига 20 йилдан ошди.
Ушбу ташкилот фаолият бошлаганига 20 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлсада, сўнгги йилларда АҚШ ва Мексика ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб ташкилот фаолияти сустлашиб бормоқда.
2017 йилнинг август ойидан музокаралар бошлангани эълон қилинди. Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида музокаралар олдида мураккаб масалалар турганлиги қайд этилди. НАФТА бўйича музокараларнинг асосий мавзуси Мексика ва АҚШ чегарасида девор қуриш масаласи Дональд Трамп таклифига биноан кўриб чиқилади.
Трамп сайловолди дастурида НАФТА борасида фикр билдирар экан ушбу келишувни “адолатсиз” дея баҳолаган ҳамда аъзоликдан чиқишини таъкидлаган эди. Агар, АҚШ томони шартномани бекор қиладиган бўлса бунда биринчи иқтисодий “зарба” Мексикага, ундан кейин Канада иқтисодиётига тегиши тахмин қилинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, АҚШ НАФТА сабабли 700 мингдан ортиқ иш ўринларини йўқотди.
Мексика ва Канада НАФТАни йўқотишдан чўчиганликларини АҚШ яхши англаган ҳолда уларга нисбатан таҳдид қилмоқда. Буни уч мамлакат ўртасида АҚШ иқтисодий жиҳатдан яққол устуворликни намоён қилишида кузатиш мумкин.
Маълумот учун, НАФТА 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, 500 миллионлик аҳолига эга уч мамлакатни бирлаштиради. Ташкилот аъзоларини умумий ЯИМ ҳажми 2015 йил ҳолатига кўра 21 триллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 17 триллион АҚШ доллари Америка Қўшма Штатлари улушига тўғри келади.