АҚШ санкцияга киритилган шахслар рўйхатини кенгайтирмоқчи. Рўйхатга Алишер Усмонов ҳам кирган.
АҚШнинг тўрт сенатори Давлат котиби Рекс Тиллерсонга россиялик бизнесмен Алишер Усмонов ва Россия Бош прокурори Юрий Чайкани Россия фуқароларига нисбатан тузиладиган санциялар рўйхатига қўшишни таклиф қилишди. Бу ҳақида РИА Новости хабар берди.
Бу рўйхат январь ойининг охиригача тақдим этилади. Тиллерсонга берилган хат сенаторлар Марко Рубио, Линдси Грем, Роджер Уикер ва Кори Гарднер томонидан имзоланган. Хат Уикернинг сайтида эълон қилинган.
Сенаторларнинг билдиришича, Усмонов ва Чайка “халқаро матбуот хабарлари ва коррупцияга қарши тергов қатнашчилари аризаларида тилга олинган”.
Бундан ташқари, сенаторлар Усмонов ва Чайканинг Россия ҳукумати билан алоқаси борлиги учун ҳам давлат департаменти тайёрлаётган санкция рўйхатига киритилиши кераклигини билдиришмоқда.
“Биз ишонамизки, сиз Россиянинг расмий вакиллари ва бойлари ҳақидаги хабарларни диққат билан ўрганишда давом этасиз. Умид қиламизки, биз маъмуриятнинг янги билдиришномасига киритилиши керак бўлган айрим рамзий маънодаги хусусий шахсларни аниқладик”, дейилади сенаторлар хатида.
Маълумот учун, АҚШ конгресси 2017 йилда “Америка рақибларига санциялар орқали қарши туриш” қонунини қабул қилган. Қонунга кўра Давлат котиби, Молия вазири ва Миллий разведка директори 2018 йил январь ойининг охиригача конгрессга Россия ҳукумати билан яқин алоқаларга эга бўлган шахслар рўйхатини тақдим этиши ҳамда уларга нисбатан санкциялар қўллашнинг самараларини баҳолашлари керак.