...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ана холос! Суриядаги кимёвий ҳужум аслида бўлганмиди?


14:15, 15.04.2017 Олам
 15 670

“Boeingisback.com” сайти мазкур ҳодиса ҳақида бир неча фактларни тақдим этди.

4 апрель куни Суриянинг Идлиб провинциясида юз берган заҳарли газ воқеаси, мана 10 кундирки, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Воқеа сиёсатчилар ва жамоат вакилларининг фикрларини икки тарафга ажратди. Айримлар бу ҳодисада Сурия раҳбари Башар Асадни айбдор қилишди, яна айримлар эса жангариларни айблади.
 
Суриядаги вазият акс этган видеолавҳани томоша қилган АҚШ президенти Дональд Трамп буни адолатсиз, деб баҳолади ва Сурия базасини бомбардион қилишга буйруқ берди.
 
Сурияда содир бўлган кимёвий ҳужум оқибатида ўнлаб аёллар ва ёш болалар ҳалок бўлишганини алоҳида таъкидлаш зарур. “Boeingisback.com” сайти мазкур ҳодиса ҳақида бир неча фактларни тақдим этди. Улар билан таништирамиз.
 
Биринчи факт:
 
ОАВ орқали Суриядаги вазият кескин экани, кимёвий ҳужум вақтида зарин гази тарқалгани ҳақида хабар берилди. Бу газ 15 дақиқа ичида ўлимни келтириб чиқаради. Шу ўринда савол туғилади: агар заҳарли газ 15 дақиқа ичида таъсир қилиб, ҳавода 1 сутка давомида сақланиб қолса, унда журналистлар қандай қилиб бу ҳудудга кириб боришди? Қай тарзда суратга олишди?
 
Заҳарли газ ҳудудига журналистлар гуруҳини киритмасликлари аниқ эди. Зарин моддаси тарқаган ҳудудда бўлган журналистлар ва операторларнинг ҳеч бирига зарар етмагани шубҳа уйғотади.
 
Видеода аввалига катталар ҳалок бўлганини, кейин эса болалар вафот этганини кўриш мумкин. Бу физик қонуниятларга тўғри келмайди, сабаби нимжон болалар катталардан аввал жон беришлари керак эди.
 
Бундан ташқари, зарин гази видеода акс этганидек асфальтда воронка ҳосил қилмайди. Бу газ ер устида парланади.
 
Иккинчи факт:
 
Бу ҳақиқатан заринмиди? Зариндан заҳарланиш тутқаноқ, томир тортишиши, терлаш, кўп сўлак ажралиши, кучли оғриқни келтириб чиқаради. Зарин инсон териси билан алоқага киришгач, ҳалок қилади. Видеода эса одамларнинг бундай ҳолати акс этмаган. Уларнинг бурунларидан қон оқиши, фақатгина кўп сўлак оқиши тасвирланган.
 
“Швед шифокорлари инсон ҳуқуқлари тарафдори” нодавлат тадқиқот ташкилоти раиси, профессор Феррада де Ноли кимёвий ҳужум қурбонлари акс этган видеони таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келди:
 
“Фикримизча, видеода тасвирланган болалар заҳарли газ эмас, гиёҳванд модда таъсири остида бўлишган. Адреналин инъекцияси нотўғри қилинганида, ўлимга олиб келиши мумкин”.
 
Учинчи факт:
 
Суриядаги кимёвий ҳужум уюштирилгани ҳақидаги хабар 4 апрель куни эрталаб тарқалди, Идлибда юз берган ҳодиса эса бундан бир неча соат кейин, яъни 11:00да содир бўлган. Таъкидланишича, 06:22да фалокат жойидан онлайн трансляция қилиш бошланган, 10 дақиқадан кейин эса бу видео YouTube’га жойланган.
 
Видео тасвирлари даҳшатли, ролик эса 3 апрель куни тайёрланган. Видео интернетга жойлангач, у ҳақдаги барча маълумотлар, хусусан, ким томонидан қачон суратга олингани ўчирилган. Бу эса видеони аввалдан тайёрланганини кўрсатиши мумкин.
 
Тўртинчи факт:
 
Дунёнинг етакчи ОАВлари бўлган CBS, CNN, “ABC News”, “Euronews”, “SmartNews”, AP ўз хабарларида “Оқ каскалар” нодавлат ташкилоти томонидан олинган видеоролик лавҳаларидан фойдаланишган. Вазиятга холис баҳо бериш учун бошқа манбалардан фойдаланилмаган.
 
Хавфсизлик бўйича америкалик эксперт Жоэл Скаусен кимёвий ҳужум сохта эканини хулоса қилди. “Оқ каскалар” томонидан тайёрланган видеони синчковлик билан текшириш лозим, дейди мутахассис.
 
Видеода акс этган гувоҳлар билан ҳам боғланишнинг иложи бўлмаган.
 
“Дональд Трамп юқорида келтирилган фактларни инобатга олганида, балки Сурияга қарши ҳужум уюштирмаган бўлмармиди?!”, дейилади манбада.
 
Шуни айтиш керакки, кимёвий ҳужум воқеаси тасвирланган видео жуда тез фурсатда тарқалди. Бутун дунё бу даҳшатли воқеадан хабар топди, аммо далил йўқ эди. Дональд Трамп ОАВ орқали бу хабарни тарқатишга рухсат берди, лекин экспертларнинг текширув олиб боришига йўл қўймади. Шундан сўнг, АҚШ жавоб ҳужумини уюштирди. Бу орқали у Башар Асаднинг кимёвий қуролдан фойдаланганини исботламоқчи бўлганми, бизга қоронғу. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Сурия АҚШ Кимёвий ҳужум 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!