Самарқанд деклорациясининг асосий мазмуни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга тадбиқ этишдан иборат.
Форум якунларига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд деклорацияси қабул қилинди.
Самарқанд деклорациясининг асосий мазмуни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга тадбиқ этишдан иборат.
Форум якунида QALAMPIR.UZ мухбири Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази Директори Акмал Саидов билан суҳбат қурди.
– Дунёда халқаро даражада қабул қилинган юзлаб ҳужжатлар бор. Лекин уларнинг барчаси ҳам ҳаётга тўлиқ тадбиқ этиляпти деб бўлмайди...
– Тўғри, юзлаб, эмас минглаб ҳужжатлар қабул қилинган. Инсон ҳуқуқлари муаммоси бутун дунёдаги глобал, умуминсоний муаммо. Самарқанд деклорациясидаги таклифлар қоғозда қолиб кетмаслиги учун Президентимиз мана шундай форумни вақти-вақти билан мунтазам ўтказиб туришни таклиф этди. Ва ҳар бир учрашувда деклорацияга киритилган ғоялар, қоидаларни бажарилиши юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари ҳам муҳокама этилиши лозимлини қайд этдилар. Деклорацияда белгиланган қоидаларни бажариш фақатгина, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг вазифаси эмас, балки фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва бутун жамият фаол иштирок этиши керак, деб ўйлайман.
– Америка, Европа мамлакатлари доим инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда ўзларини етакчи давлатлар ҳисоблайдилар. Шарқ, Форс кўрфазидаги давлатлар ва Осиё давлатларини танқид қилиб келганлар. Ваҳоланки, ўтказилган форум Осиё қитъасида ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича катта тажриба борлигини кўрсатди...
– Мен ўйлайманки, инсон хуқуқлари соҳасида мусобақа ўйнаш керак эмас. Дунёда бирорта давлат йўқки, инсон ҳуқуқлари бўйича муаммоси бўлмаса. Тараққий этган демократик давлатларда ҳам муаммолар жуда кўп. Ҳозир ўзини демократик деган давлатларда инсон ҳуқуқлари муаммоси айрим давлатларникидан кўпроқдир. Инсон хуқуқлари бу ҳар бир инсонга тааллуқли табиий ҳуқуқдир. Шунинг учун мусобақа ўйнамасдан ҳар бир давлат, ҳар бир мамлакат ўз фуқаролари ҳуқуқларини рўёбга чиқариши керак. Кейин ўтказилаётган ислоҳотларимиз, эришаётган ютуқларимиз билан биз бирор бир халқаро ташкилотга ёқмоқчи ҳам эмасмиз. Бирор давлатга ақл ҳам ўргатмоқчи эмасмиз. Агар бизнинг манфаатга тўғри келадиган бўлса, халкаро, хорижий тажрибадан фойдаланамиз ва инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга ҳаракат қиламиз.
Самарқандда ўтказилган форум инсон хуқуқларига оид турли тажрибаларни ўрганиш, фойдалилигини олиш, кўпгина ҳамкорлар билан тил топишишга хизмат қилди.