Мазкур акцияда ўзбек тилида ёзишни биладиган исталган ёшдаги кишилар иштирок этишлари мумкин.
1989 йил 21 октябрь ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган сана сифатида тарихга муҳрланган. Кеча ушбу санага 27 йил тўлди. Шу муносабат билан ҳар йили мамлакатимизда турли тадбирлар ўтказилади. Бу йил ҳам ана шундай тадбирларнинг давоми сифатида “Diktant.uz” акцияси ўтказилиши режалаштирилган.
“UZINFOCOM” маркази ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бир қатор университет, институт, ташкилотлар ҳамкорлигида 29 октябрь санасида “Diktant.uz” ёзма саводхонлик акцияси ташкил этилади. Мазкур акцияда ўзбек тилида ёзишни биладиган исталган ёшдаги кишилар иштирок этишлари мумкин. Акцияда қатнашишни истаганлар “Diktant.uz” сайти орқали рўйхатдан ўтишлари талаб этилади.
29 октябрь соат 15:00да бошланадиган диктант ёзиш акцияси ўтказиладиган манзиллар:
- Алоқа тарихи музейи
- Тошкент шаҳридаги INHA университети
- Тошкент Давлат шарқшунослик университети
- Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети
- Тошкент Давлат жаҳон тиллари университети
Диктант учун 60 дақиқа вақт ажратилади. Диктант лотин ёки кирилл ёзувида ёзилиши мумкин. Ҳар бир иш 2 мартадан текширилади. Аъло баҳога даъвогарларники эса 3 марта текширилади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 4 октябрь санасида Россиянинг бир қатор шаҳарларида ҳам оммавий диктант ёзиш акцияси ўтказилганди. Илк бора ташкил этилган “Катта этнографик диктант” умумрусия маърифат акцияси 550 та объектда ўтказилиб, унда 35 мингдан зиёд киши иштирок этди.
Дурдона Расулова