Турмуш ўртоғи тўйнинг эртаси куни вафот этган ёш ва бева келинчакнинг ҳомиладорлиги ягона фарзандини йўқотган оила учун катта қувонч эди. Аммо руҳий зўриқишлар натижасида у ҳомиласидан айрилган.
Маълум бўлишича, 1 кун аввал тўйи бўлган куёв дўстлари билан тақиқланган ҳудудга чўмилиш учун борган. Йигитлар ушбу ҳудудни қўриқчилари билан жанжаллашиб қолишган.
Полиция ходимлари йигитлар ичидан янги куёв, Ерик Турекуловни мажбурлаб машинага ўтқазишган ва номаълум йўналишда олиб кетишган. Безориликда айбланиб қўлга олинган Ерик полиция участкасига етиб бормаган. Воқеадан 1 соат ўтиб, унинг жасадини яқинлари моргдан топишган.
Айни вақтда Ерик Турекуловнинг ўлимида айбланаётган 33 ёшли полиция капитани қўлга олинган. У хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш ва шахсга жисмоний зарар етказишда айбланмоқда. Шунингдек, у капитанлик унвонидан маҳрум қилинган, 6 йилгача полицияда ишлаш тақиқланган. Айбдор шахсга суд 9 йиллик қамоқ жазосини берган.
“Судгача ҳамда суд вақтида олиб борилган тергов ишлари натижасида айбланувчи Куанишбеков ўз айбини тан олмади. Суд залида собиқ капитан марҳумга ҳеч ким тегмаганини, унинг шифохонага олиб келинган вақтда тирик бўлганини, бироз вақт ўтиб тиббий муассаса ичида вафот этганини айтди. Экспертиза натижаларига кўра эса, Ерик бўғиб ўлдирилган. Шифокорлар унинг сўзларини тасдиқлашмади”, дейди Рискулов тумани суди раиси Газиз Аманбаев.
Ерикнинг яқинлари суднинг капитан устидан чиқарган қароридан розилар. Бироқ унга қотилликда ёрдам берган икки полициячининг нима учун судда оддий гувоҳ сифатида иштирок этгани, уларнинг ҳам жиноий жавобгарлик тортилмаганидан ҳайратда эканликларини яширишмаяпти.
“Аруанбеков ва Искендировлар ҳали ҳам озодликда юришибди, ўз лавозимларида, полицияда ишлашаяпти. Уларга ҳеч қандай жазо қўлланмади. Биз бу масалада прокуратурага мурожаат қилдик. У ерда тергов ҳамон давом этаётганини айтишаяпти. Мен уларнинг ҳам қилмишларига яраша жазо олишларини истайман. Чунки, ягона фарзандим, ўғлим жон бераётган чоғда улар ҳам воқеа жойида бўлишган, қотиллик ишида қатнашишган. Адолат қарор топиши керак”, дейди куёвнинг отаси Куанишбек Турекулов.
Маълумот учун, турмуш ўртоғи тўйнинг эртаси куни вафот этган ёш ва бева келинчакнинг ҳомиладорлиги ягона фарзандини йўқотган оила учун катта қувонч эди. Аммо руҳий зўриқишлар натижасида у ҳомиласидан айрилган.