“Титаник” жўнашига саноқли дақиқалар қолганда 50 нафарга яқин нуфузли йўловчилар турли арзимас баҳоналар билан ундан тушиб қолишган эди.
Дастлаб ушбу кемага “Ғарқ бўлмайдиган” деб таъриф берилган эди. Бироқ кема ҳалокатга учрагач, унинг бортидаги жами 2224 нафар йўловчининг 1518 таси чўкиб кетди, 706 киши эса омон қолган эди. Кема парчалари 1985 йилдагина узоқ қидирувлардан сўнг аниқланган бўлиб, ҳозир ЮНЕСКО томонидан қўриқланмоқда.
Дунёга машур бўлган ушбу кема ихтирочиси Томас Эндрюс энг даҳшатли ҳалокат юз берса ҳам “Титаник” уч кунгача чўкмасдан, сув юзида туриши мумкинлигига одамларни ишонтирганди. Бироқ “Титаник”нинг уммон бўйлаб саёҳати биринчиси ва охиргиси бўлиб қолди. Томас Эндрюс саёҳат иштирокчиси сифатида икки мингдан ортиқ сайёҳ қаршисида кеманинг мустаҳкамлиги борасидаги фикри нотўғри эканини тан олди.
1912 йилнинг 2 апрель санасида Белфастдаги Harland and Wolf кемасозлик компанияси ХХ аср фан ва техникасининг катта ютуғи ва мўжизаси, деб аталган жуда улкан “Титаник” кемасини сувга туширди.
“Бу улкан кемани Худонинг ўзи чўктиргани қўймайди”, деган эди сафарга чиқиш олдидан “Титаник” кемасининг капитани Эдвард Жон Смит.
Кема қурилишига 17 минг киши жалб қилинган. Таг қисми қўшқаватли, атрофи қалин пўлат қуюлмалар билан ҳимояланган, ўн олтита геометрик сув ўтказмайдиган қурилмага эга бўлган. Кема бир соатда 8 минг тонна сувни чиқариб ташлаш имкониятига эга бу улкан кеманинг чўкиб кетиши ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмасди. Уч ресторан, иккита ошхона, пиво бари, турк ҳаммоми, гимнастика зали, отда сайр қилишга мўлжалланган арена, теннис ва гольф майдонлари, боғ, концерт зали ва алоҳида телеграфи бўлган, жами 3300 кишига мўлжалланган “Титаник” кемасини кичик шаҳарча деб аташ ҳам мумкин эди. Айнан шу сабабли ҳам унда сафарга чиқишни истайдиганлар чиптани катта нархда сотиб олишларига тўғри келган. Маълумотларга кўра, биринчи тоифа каютасининг чиптаси 25 минг фунт стерлинг турса, люкс каюталарнинг нархи 100-150 минг фунт стерлинг миқдорида баҳоланган.
Бир сўз билан айтганда, улкан лайнер 1912 йилнинг энг муҳим ва ҳамма учун қизиқарли мавзусига айланган эди. Айниқса, кеманинг биринчи класси (кема каюталарининг қулайлик даражасига кўра турлари)дан тортиб, токи учинчи классигача қилинган дизайнерлик ишлари моҳирона бажарилган эди. Кеманинг ҳар бир бурчаги алоҳида чизмалар билан режалаштирилган ва энг қиммат хомашёлардан тайёрланганди.
“Титаник” 1912 йил 10 апрелда 2224 йўловчи билан Англиянинг Саутгемптон шаҳридан чиқиб, Нью-Норк сари йўл олади. Юқори палубада Британия ва Америка аристократларининг нуфузли вакиллари, умумий мулки 100 милиард доллардан ошиқ бўлган 25 нафар миллионерлар жой олган. Шунингдек, люкс каюталарида АҚШ Президенти Тафтнинг қўриқчиси майор Арчи Бетти, Катта универмаг хўжайини Страус рафиқаси Идой билан, Англиянинг таниқли публицисти Уильям Стэд, рассом Франк Милле, кема ихтирочиси Томас Эндрюс, “Титаник” хўжайини Брюс Исмей ва бошқалар жойлашишади.
Кеманинг биринчи алоқачиси Жон Филлипс ва унинг ёрдамчиси Горальд Брайд 14 апрель куни кечқурун “катта ер” билан алоқага чиқмоқчи бўлиб туришганида яқиндаги кемалардан бирида тўсатдан “Эҳтиёт бўлинг, айсберг! Эҳтиёт бўлинг, айсберг!”, деган хабарни эшитиб қолишади. Филиппс бу ҳақда зудлик билан кема хўжайини Брюс Исмей ва капитан Смитга хабар қилади. Бундай ҳолда кемани жануб томонга буриш ёки тезлигини пасайтириш зарур эди. Бироқ капитан курсни ўзгартирмайди, тезликни ҳам камайтирмай олдинга сузишга буйруқ беради.
1912 йилнинг 14 апрель санаси кеч соат 23:30 да кема назоратчилари Ҳилари Фредерик Флит ва Режинальд Ли совуқ тунда қалтираб, олдинга, қоронғулик томон тикилишади. Сабаби “Титаник”да кеманинг олдини ёритадиган кучли ёриткич (прожектор) қўйиш кўзда тутилмаганди. Уларга бинокль беришмаган, лекин шундай бўлсада, ойсиз тунда улар олдиндан кўз узишмайди. Эҳтимол, шу сабабли улар “Титаник”нинг ён томонларига яқин келиб қолган муз қоялари ва рўпарадаги муз уюмларини олдиндан кўришмайди. Бу пайтда кема 22,5 узел (соатига 45 кмдан кўпроқ) тезлик билан кетаётган эди.
Кеч соат 23:40, Флит “Титаник”дан 400 метрча олдинда улкан муз қатламини кўриб қолади. “Курс бўйича тўғрида айсберг!” деб уч марта қичқирган Флит уч марта қўнғироқ чалади. Катта офицер Уильям Меэрдок “Чапга, чапга бур!” дея шошилинч буйруқ бериб, кеманинг машина қисмига қарата “Орқага, орқага!” дея қичқиради.
Ана шу нотўғри буйруқ берилмаганида “Титаник” улкан муз қатламига урилмаган, нари борса кеманинг олд қисми жиддий шикастланиб, тўқнашув туфайли кўплаб кишилар жароҳатланмаган, кема эса чўкмасдан омон қолган бўларди. Афсуски, буйруқ берилган эди. Улкан “Титаник” кемаси буйруқ бўйича чапга бурилади ва муз қояси кеманинг олд томонига эмас, ўнг томонига, пастки қисмига зарб билан урилади.
Кутилмаган тўйнашувдан сўнг, кеманинг ташқи қатлами 100 метр узунликда консерва қутисидек кесилиб, палубага муз бўлакчалари ёмғири ёғилади. Кема ичида орзулар оғушида, ширин уйқуда, таомлар билан тўлган стол қаршисида ўтирган одамлар, бунга унчалик катта аҳамият беришмайди. Аммо улар бир неча соат ичида нималарга дуч келишларини, ҳатто, тасаввур ҳам қилишмасди.
Албатта кеманинг айсбергга урилиши натижасидаги “жароҳат” кўздан кечирилди. Бироқ кеманинг иситиш бўлинмасига кирган кучли сув оқими ўт ёқувчиларнинг устига ёпирилди. Икки дақиқадан сўнг кеманинг бир қисми муз аралаш сувга тўлди. Кемага катта босим билан сув кириши давом этар, муз аралаш сув кеманинг пастки қисмларини бирма-бир тўлдириб борарди. Орадан бироз вақт ўтиб, сув 3-тоифадаги каюталаргача етиб келди. 10 дақиқа ичида кемага 3 минг тоннадан ошиқроқ сув киради. Шундан сўнг, унинг турли механизмлари бирин-кетин ишдан чиқа бошлайди.
Маълумотларга кўра, алоқачилар ҳалокат тўғрисида билиб туришган, аммо тегишли буйруқ берилмаганди. Буйруқсиз эса улар ҳеч нарса қила олмасдилар. Ва ниҳоят, “Титаник”нинг ҳалокати тўғрисидаги СОС хабарини биринчилардан бўлиб, “Франкфурт” ва “Карпатия” кемалари эшитишади. Кема ихтирочиси Томас Эндрюс кемани кўздан кечирар экан, кўзларида даҳшат билан ўз меҳнатининг маҳсулига ўлим ҳукмини чиқаради ва кеманинг сув остига ғарқ бўлишигача 3 соатгина вақт қолганини хабар қилади.
Тунги 00:15. Сувга биринчи қутқарув қайиқлари туширилди. Афсуски бундай кемалар атиги 20 дона эди. шундан келиб чиқиб, йўловчиларнинг кўпи билан учдан бирини қутқариш мумкин экани аён бўлди. Лекин бунга кемадаги ваҳима ва шошма-шошарлик ўз таъсирини ўтказди. Ҳамма ўз ҳаётини сақлаб қолишни истарди. Шу сабабли ҳам биринчи қайиқ 65 киши ўрнига 28 кишини олиб тезда жўнаб қолади. Иккинчиси 20 ва учунчиси 12 киши билан кетиб қолди.
Тунги 01:00. Кемада қўрқув ва ваҳима авжига чиқади. Шунинг учун қайиқларга олдин аёллар ва болаларни тушириш учун ҳарбийлар, ҳатто, қурол ишлатишга ҳам мажбур бўлишади.
Масалан, “Титаник” хўжайини Брюс Исмей ўзидан олдин қутқарув қайиғига чиқаётган болали аёлни сувга итариб юбориб, биринчи қайиқ билан жўнаб қолади. 1908 йилги олимпиаданинг қиличбозлик мусобақаси бўйича чимпиони, миллионер Коса Дафф Гордон учинчи қайиқ бошқарувчиларини шошилтириб, ўзининг жонини тезроқ қутқазиш мақсадида уларга катта пул ваъда қилади ва қайиқ 65 киши ўрнига 12 киши билан сузиб кетади. Лекин ҳамма ҳам бундай қилмайди. Кемадаги кўпчилик ажал яқинлашиб қолганига қарамасдан, олийжаноблик қилиб фақат ўзини ўйламасдан, ажал чангалидан бошқаларни ҳам тезроқ чиқишига ёрдамлашади. Масалан, миллионер Исидор Страус қайиққа ўтириш тўғрисидаги таклифни қатъий рад этиб, ўзининг ўрнига бегона аёлни ўтқазади. Ҳайратланарлиси шуки, чўкаётган кемага унинг хотини ҳам қайтиб чиқиб, эридан бир қадам ҳам жилмай, унинг ёнида ҳаёт билан видолашади. Американинг ўша пайтдаги энг бой кишиси 47 ёшли Жейкоб Жон Астор ҳам қайиққа ўтиргач, қайиққа сиғмай қолган болали аёлни кўриб қолиб, унга жой беради ва қайиқдаги хотини билан қуюқ хайирлашиб, “Титаник”ка қайтиб чиқади ва кема билан океан қаърига ғарқ бўлади.
Шуниси ҳайратланарлики, кема билан ўзлари ҳам ҳалокат сари боришаётганини билган ҳолда экипаж аъзолари ва кема хизматчилари ўз вазифаларини сидқидилдан, виждонан бажарар, ҳеч ким иш жойини ташлаб кетмас эди.
Тунги 01:30. Сувга яна 11 та қутқарув қайиқлари туширилади. Энди улар деярли тўлиб кетарди. Бироқ кемада яна 1600 киши бор. Уларнинг фақат юзга яқинини қутқариш мумкин.
Тунги 02:00. “Титаник” 45 градусга эгилиб қолади ва кема пўлатлари юқори босимга бардош беролмай, кеманинг қозон қисмида кучли портлаш юз беради. Бўлакларга бўлинган кеманинг олд қисми 600 метр чамаси отилиб кетади. Орқа қисми эса сув устига 20 қаватли уй бараваи кўтарилади, сўнгра чўкиб кетади.
Тунги 02:20. Муз аралаш тубсиз сув ўз замонасининг энг улкан, энг катта ва энг қиммат, ХХ асрнинг мўжизаси ҳисобланган “Титаник” кемасини қутқаришнинг имкони бўлмаган 1518 киши билан ютиб юборади.
“Титаник” ҳалокатидан 3 соат кейин воқеа жойига етиб келган “Карпатия” кемаси 18 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 9:00да ҳалокатдан омон қолган йўловчиларни Нью-Йорк портига олиб келади.
Май ойида жаҳон оммавий ахборот воситалари Лондонда “Титаник” ҳалокатига боғлиқ суд бўлиб ўтаётганлигини хабар қилишади. Тергов жараёнида аниқланишича, “Титаник”да бўлган 2224 кишидан 706 нафари қутқарилади. Суд юздан ортиқ гувоҳларни сўроқ қилиши натижасида “Титаник” ҳалокатининг асосий сабаби унинг тезлиги, деган хулосага келди. Шу билан бу ҳалокат тарихига нуқта қўйса ҳам бўларди. Лекин ушбу тарих билан шуғулланувчи бир қатор мутахассислар бунга шошилишмаяпти...
“Титаник”нинг ҳалокатидан сўнг унинг сабаблари тўғрисидаги фараз ва тахминлар жуда кўпайиб кетди.Унинг айримларига тўхталамиз.
Ишонч билан айтиш мумкинки, “Титаник”нинг ҳалокати бошқа кема компанияларининг асосий рақобатчини йўлдан олиб ташлаш борасида содир этган жиноятидан бошқа нарса эмас. Рақиблар “Титаник” кема компаниясидаги бир қатор мансаборларни сотиб олиб, кема ҳалокатини ташкиллаштиришган”, дейди немис журналисти Вольф Шнайдер. Лекин компания мансабдорларнинг сотилгани тўғрисида ҳеч қандай далил-исбот топилмаган. Шу билан бирга Шнайдернинг фикри ҳам асоссиз эмасга ўхшайди. Чунки ХХ асрнинг бошларида жуда кўп кема ҳалокатлари содир этилган. Масалан, 1904 йил 15 июньда саёҳатчилар учун мўлжалланган “Генерал Слокам” кемаси Нью-Йорк яқинида ҳалокатга учраб, кемада ёнғин чиқади ва1030 киши ҳалок бўлади. Натижада йўловчилар ташиш бўйича кема транспортининг обрўси янада тушиб кетади. Ана шу обрўни кўтариш, сув транспортига йўловчилар ишончини ошириш учун қулай, кенг, катта ва тезюрар кема зарур бўлиб, “Титаник” ана шу борада бошқаларга ўрнак бўлишига мўлжалланаётган эди. Табиийки, унинг ҳам душманлари йўқ эмасди. Шнайдернинг ёзишича, қоронғу тунда, кўплаб муз қоялари қалқиб турган ҳудудга, биноклсиз кема кузатувчиси билан жуда катта тезикда кириб келиш ва беш марта огоҳлантирилгандан кейин ҳам тезликни пасайтирмаслик душманларга сотилган шахсларнинг жиноятидан бошқа нарса эмас. Булардан ташқари, “Титаник” жўнашига саноқли дақиқалар қолганда 50 нафарга яқин нуфузли йўловчилар турли арзимас баҳоналар билан ундан тушиб қолганлиги, ушбу кема ҳалокати тўғрисидаги чақириқни биринчи бўлиб қабул қилган ва унга яқин турган “Франкфурт” кемаси капитани, “Кутинглар, ҳозир етиб борамиз”, деб жавоб берсада, ёрдамга келмаганлиги ёки айрим йўловчилар кема ҳалокатга учраб, қутқарув ишлари давом этаётганда уларнинг кемаси ёнидан чироқларини ўчириб бир кема (айримлар уни “Франкфурт” дейишмоқда) тўхтамасдан ўтиб кетгани, “Титаник” ҳалокатининг ҳақиқий сабабларини аниқлаш бўйича айрим давлатларнинг 90 йилдан буён қилаётган уринишлари турли тўсиқларга учраб, бу борадаги ишлар кетма-кет тўхтатилаётгани, буларнинг ҳаммаси бу ҳалокат орқасида қандайдир сир борлигини билдиради.
Вақт олий ҳакам дейдилар. Вақти келиб, ХХ аср фан техникаснинг улкан ютуғи ҳисобланган “Титаник” кемаси ҳалокатинг ҳақиқий сабаблари аниқланиб, ҳозирча очилмай қолган сирларидан дунё хабар топади.