...
МЕНЮ
ONLINE TV

10 йил давомида неча киши қор кўчиши қурбонига айланганини биласизми?


12:17, 28.01.2017 Олам
 2 470

Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларида биргина қор кўчиши оқибатида юзлаб одамлар бевақт ҳаётдан кўз юмишади.

Яқинда Италияда қор кўчкиси юз бериб, оқибатда 29 киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берган эдик. Бир неча кун аввал, Ҳиндистон ва Покистон чегарасида ҳам қор кўчкиси юз берди. Табиий офат оқибатида камида 21 кишининг қурбон бўлгани хабар қилинди.
 
Табиий офатлар, яъни кучли қор бўрони, зилзила, тўфон, табиий ўрмон ёнғинлари ёки қор кўчкиси каби фалокатлар ҳар йили юзлаб, минглаб одамларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлади. Бугун биз ўтган қарийб 10 йил давомида фақатгина кўчки оқибатида вафот этганлар сони борасидаги фактларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
 
2008 йил 29 декабрда Афғонистоннинг Бадахшон провинциясида юзага келган қор кўчкиси сабаб 13 киши вафот этди, 14 нафари жароҳатланди. Шу йили 24 августда Алп тоғларидаги кўчки 16 нафар хорижий сайёҳларнинг ҳалок бўлишига ва 20 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлди. 1-2 апрель кунлари Покистондаги табиий офат 40 кишининг вафот этишига олиб келди. 12 декабрь куни Афғонистон ва Тожикистон чегарасига яқин Бохарак уездида юзага келган қор кўчкиси сабаб 70 га яқин киши ҳаётдан кўз юмди.
 
2009 йил 25 январда Туркия шимолидаги Зиган тоғида қор кўчкиси сабаб 9 киши вафот этди. 18 январда Афғонистоннинг Саланг довонида юзага келган табиий офат 10 кишининг қурбон бўлишига сабаб бўлди. Ўшанда қор остида 12 та автомобиль қолиб кетганди. Қутқарувчилар 40 кишини қутқариб қолишган.
 
2010 йил 10 апрелда Камчаткада мудхиш ҳодиса рўй берди. Кўчки оқибатида Ми-8 вертолёти қор остида қолиб кетди. Сноуборд усталарининг тоғ чўққисига чиқиши қорнинг кўчишига олиб келган. Вертолёт ичида 18 киши бўлган, воқеа сабаб уларнинг 10 нафари ҳаётдан кўз юмган. 22 март куни Афғонистоннинг Бадахшон провинциясидаги қор кўчкиси 35 кишининг вафот этишига сабаб бўлди. 8-9 февраль кунлари Афғонистоннинг Саланг довонида бир неча марта қор кўчкилари юзага келиб, юзлаб автомобиль, автобус ва юк ташувчи машиналарни суриб кетди. Табиий офат 170 дан зиёд кишининг вафот этишига сабаб бўлди. 18 февраль куни Покистонда юз берган қор кўчкиси 19 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
 
2011 йил 18 февраль куни Покистонда юзага келган кучли қор бўрони сабаб Дайкунди провинциясидаги барча уйлар қор остида қолди. Воқеа оқибатида 21 киши ҳаётдан кўз юмди.
 
2012 йил 23 сентябрь Непалда юз берган кўчки 9 нафар альпинистнинг ўлимига сабаб бўлди. 24 январь куни Афғонистоннинг Бадахшон провинциясида кучли қор бўрони сабаб кўчки юзага келди ва оқибатда 46 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу провинцияда яна 2 марта қор кўчкиси юз берган. 5 март куни юзага келган кўчки оқибатида 47 киши вафот этди. 30 март куни ҳам 14 киши қор кўчиши оқибатида қурбон бўлди. 23 февраль куни Ҳиндистондаги табиий офат 11 нафар ҳарбий хизматчининг вафот этишига сабаб бўлди.
 
2014 йил 16 октябрь куни Непалнинг Ҳимолай тоғларида кучли қор бўрони сабаб юзага келган қор кўчкиси 43 кишининг вафот этишига олиб келди. Қор остидан 400 дан зиёд киши қутқариб олинди. Бу ҳудуд туристик йўналиш бўлгани учун уларнинг 200 дан ортиғини хориж фуқаролари ташкил этган.
 
2015 йил 25 февралда Афғонистоннинг бир неча провинциялари қор остида қолди. Юзлаб уйларга зарар етди. Қор кўчкиси 260 дан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлди. Шу йил 25 апрель куни Непалда даставвал, 7,9 магнитудадаги зилзила рўй берди, эртаси куни ҳам 6,7 балл қувватга эга афтершок ер силкинишлари кузатилди. Бу эса Эверест тоғида қор кўчишига олиб келди. Кўчки сабаб 18 киши ҳаётдан кўз юмди.
 
Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларида биргина қор кўчиши оқибатида юзлаб одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмади. Айтиш керакки, биз келтирган кўрсаткичлар уларнинг бир қисми, холос. Табиий офатлар қачон ва қаерда бўлишидан қатъи назар у ерда одамлар жабр кўради. Бу эса юрагимизни яна бир бор қалқитади, шукронага сабаб бўлади.
Дурдона Расулова 

Теглар:Табиий офат Қор кўчкиси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

бек
08:26 30.01.2017

Дурдонахон бошка давлатни муаммосини езгандан кура узимизнинг муаммоларни езсангиз яхши булади.Камчикда нима булди а????



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!